Хамр ичган кишига муомала

Ассалому алайкум! Ҳамр ичган ва ичишга одатланган кишига қандай муомалада бўлишимиз кeрак? Агар у сизга дунёвий билм бeрган бўлса ёҳуд яқин қариндошингиз бўлса?

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!Ҳар томонлама гўзал муомалада бўлиб, қиладиган гуноҳ ишигагина норозиликни изҳор қилиш керак. Уни ҳам Аллоҳ таолодан тавфиқ беришини сўраб, гўзал тарзда тушунтиришга ҳаракат қилиш керак. Аллоҳ таоло “Шууро” сурасида марҳамат қилади :فَإِنْ أَعْرَضُوا فَمَا أَرْسَلْنَاكَ عَلَيْهِمْ حَفِيظًا إِنْ عَلَيْكَ إِلَّا الْبَلَاغُ وَإِنَّا إِذَا أَذَقْنَا الْإِنسَانَ مِنَّا رَحْمَةً فَرِحَ بِهَا وَإِن تُصِبْهُمْ سَيِّئَةٌ بِمَا قَدَّمَتْ أَيْدِيهِمْ فَإِنَّ الْإِنسَانَ كَفُورٌ۝48. Агар улар юз ўгирсалар, бас, сени уларга қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ. Сенинг зиммангда фақат етказиш бор, холос. Албатта, Биз инсонга Ўзимиздан раҳмат тоттирган чоғимизда у ундан қувонур ва агар уларга ўз қўллари тақдим этган нарса туфайли ёмонлик етса, бас, албатта, инсон ношукрлик қилур.Пайғамбарнинг вазифаси – Аллоҳнинг амрини, таълимотларини умматларга етказиш. Уларнинг устида қўриқчи бўлиб туриб олиб, айтганини қилишга мажбурлаш эмас. Шунинг учун Пайғамбар ўз вазифасини адо этганидан кейин, хотиржам, кўнгли тўқ бўлавериши керак. Одамларнинг муносабатларидан нохушланмаслиги, озор чекмаслиги ва куюниб, ўзини қийнамаслиги керак.Аслида, инсон табиатида беқарорлик, саркашлик ва ўзини билмаслик хусусиятлари бўлади.«Албатта, Биз инсонга Ўзимиздан раҳмат тоттирган чоғимизда у ундан қувонур…»Ўзидан кетиб, ҳовлиқади. Ҳаддидан ошади.«...ва агар уларга ўз қўллари тақдим этган нарса туфайли ёмонлик етса, бас, албатта, инсон ношукрлик қилур».Яхшилик етганда ҳаддидан ошганидек, ёмонлик етганда ҳам ўзини тўғри тута олмайди, сабрсизлик қилиб, ношукрлик қилади. Ҳолбуки, унга ёмонлик зулм юзасидан эмас, ўзи қилган гуноҳлар туфайли етган эди. ("Тафсири ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

30 Апрел 2022, 04:59 | Савол-жавоблар | 142 | Руҳий тарбия
|
Boshqa savol-javoblar