Ахборот олами

Ассалому алайкум! Устозлар, ҳозир ахборот оламиям умрни бехуда сарфлашга бошни бехуда нарсалар билан тўлдиришга ўз хиссасини қўшиб келмоқда. Фойдали жихатлариям бор албатта, энди саволга ўтсам: шу ахборотларни кўриётганимизда, эшитаётганимизда ўқиётганимизда малум бир шахсни ҳаёти ёки камчилиги ёки ўша шахс билан содир бўлган воқеа ҳақида гап кетаётган бўлса, бу ҳам ғийбатга кирадими? Буни кўриб, эшитиб биз хам шерик бўлиб қолмаймизми? Шу гуноҳга, ахборотчилар мазкур ахборот кетаётган шахсдан рухсат олмайди. Шу нарсалар ҳақида бизга баён қилсангизлар.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Жуда долзарб саволни берибсиз. Ҳозирги кунда ахборот воситаларида банданинг ўзи билан Аллоҳнинг ўртасидаги айбларини ҳам айтиб шарманда қилиш, хатодан туҳмат қилиш, бўлмаган нарсаларни бўрттириш, покиза инсонларни жоҳиллар олдида шарманда қилиш урф даражасига кириб қолди. Аллоҳ таоло “Исро” сурасида марҳамат қилади:  وَلاَ تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْؤُولاً۝ 36. Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил – ана ўшаларнинг барчаси сўралажак нарсалардир. Ислом ҳар бир нарсани илмий асосда олиб боришга даъват қилади. Билмаган нарсадан четда бўлишга чақиради. «Ўзинг билмаган нарсага эргашма!» Ҳар бир нарсани очиқ-ойдин ва аниқ билиб олгачгина унга ишониш ва у ҳақида ҳукм чиқариш керак. Гумон билан, бировнинг гапига ишониб, турли ноаниқ ишораларга суяниб ҳукм чиқариш мусулмонларга хос эмас. Билган нарсасини борича етказиш ҳам омонатдир. Қулоқ нима гапни эшитса, хиёнат қилмай, ўша гапни аниқ етказиши керак. Кўз бир нарсани кўрса, ўша ўзи кўриб-билган нарсага хиёнат қилмай, у ҳақда очиқ-ойдин маълумот бериши керак. Шунингдек, дил нимани идрок этса, ўша нарсани аниқлик билан етказмоғи зарур. Бу аъзоларнинг билган, идрок этган ҳар бир нарсаси илмий омонат саналади. Омонатга хиёнат қилмаслик катта масъулият ҳисобланади. Кўз ҳам, қулоқ ҳам, дил ҳам ҳар бир нарсадан масъулдир. Бу дунёда бўлмаса, у дунёда албатта масъулдир. Айниқса, охиратдаги ана ўша масъулият мусулмонларни илмий омонатга ҳеч хиёнат қилмасликка ундаган. Улар доимо билганлари ҳақида тўғри маълумотлар берганлар. Ушбу ояти каримага ўхшаш оятлар, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари уларни доимо илмий омонатга хиёнат қилмай, тўғри маълумотлар беришга чорлаб келган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида: «Гумондан эҳтиёт бўлинглар, чунки гумон энг ёлғон сўздир», – деганлар. وَلاَ تَمْشِ فِي الأَرْضِ مَرَحًا إِنَّكَ لَن تَخْرِقَ الأَرْضَ وَلَن تَبْلُغَ الْجِبَالَ طُولاً۝ 37. Ер юзида кибру ҳаво ила юрма! Албатта, сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва зинҳор баландликда тоғларга ета олмайсан! ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Ёрқинжон домла Фозиловнинг “Ғийбат ўзи нима” номли китобини олиб ўқинг. Валлоҳу аълам!

30 Апрел 2022, 06:46 | Савол-жавоблар | 182 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar