МАХР БЭРИЛМАГАН

Ассаломалекум устоз! Илмиз бунданда зиёда болсин! Аллоҳ ё‘лида қивотган ишлариз учун сиздан жуда жуда миннатдормиз... Никоҳ о‘қилганда ҳожейинимга махр берилади диб тушунтирганла домла, ула ҳоп диганла. Лекин мана то‘йимизга 5 йил бо‘вотти,о‘г‘лимиз яқинда Худо хоҳласа 4га киради,лекин ҳалигача махр берилмади,улага шу ҳақида этсам ё ё кейин дб пайсалга соладила. махрга нима бериш кере? эримга нима дийишни билмямман. бермасалаям бо‘вурадими ёки беришлари шартми? Шу пайтгачам кийим кечэ еб ичиш ҳамма нарса билан та‘минлаганла,та‘минлаб кевоттила Аллоҳга шукур,лекин махр дб ҳеч нима бермаганла... Маслахатизга муҳтожман.Сизни жавобларизни улага о‘қитаман,Иншааллоҳ. Умриз узоқ болсин,илойим.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
МАҲР ҲАҚИДА МУЛОҲАЗААллоҳ таолонинг эрларга никоҳда маҳр беришни фарз қилгани ва аёлларга маҳр олишни ҳақ қилгани бежиз эмас. Бу амалнинг тўрт оят ва бир неча ҳадислар билан шариатга киритилиши ҳам унинг аҳамияти қанчалик катта эканлигини кўрсатади. Барча нарсаларни ҳикмат билан қиладиган Зот – Аллоҳ таолонинг бу иши ҳам, албатта, беҳикмат эмас.Аллоҳ азза ва жалла маҳрни аёл-қизларнинг қадрларини ошириш, уларнинг ўз ота-оналари, туғилиб ўсган оилаларини ташлаб, ёлғиз ўзи бошқа тарафга бориб, янги оила қуришга кўрсатган жасоратлариини тақдирлаб жорий қилган. Ўзига турмуш йўлдоши бўлаётган шахсдан, ҳали бирга бўлмасдан туриб, маълум миқдорда мулкни қабул қилиб олган келинда ўзига бўлган эҳтиром туйғулари жўш уради. Ҳам келинда, ҳам унинг яқинларида куёвга нисбатан ишонч кучаяди. Келажакда келиннинг молиявий таъминоти ўз жойида бўлишига никоҳда кўзлари етади. Шу боисдан ҳам, куёв тарафдан ҳимматсизликка йўл қўйилмаслиги учун маҳрнинг ози белгилаб қўйилган. Ўта оз маҳр ила келиннинг иззат нафсига тегмаслик учун ўн дирҳамдан оз маҳр бўлмаслиги шариатда таъкидланган.Шу билан бирга, маҳр бераётган эр ҳам ўзининг эрлигини, оиланинг оғирлигини зиммасига олиши лозимлигини, келинга меҳр-мурувват кўрсатиши кераклигини, оила қуриш ўз-ўзидан бўлаверадиган нарса эмаслигини англаб етади. Аслини олганда, келинга маҳр бериш орқали куёвга – бўлажак оила раҳбарига ўзининг яхши ниятини, оиласи ва аёлига молу дунё сарфлашдаги ҳимматини намойиш қилишга йўл очилади. Шунинг учун ҳам, маҳрнинг кўпи чегараланмаган ва уни чегаралашга бировнинг ҳаққи ҳам йўқ бўлган.Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагича марҳамат қилади:«Ва уларнинг бирига ҳаддан зиёд маҳр берган бўлсангиз ҳам, ундан ҳеч нарсани қайтариб олманг!» (20-оят)Фақиҳлар худди шу ояти каримани далил қилиб, маҳрга ҳар қанча кўп мол берса бўлади, дейдилар.Уламоларимиз бу мавзуда сўз кетганда ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг машҳур қиссаларини эслатадилар. Ҳофиз Абу Яъло Шаъбийдан, у киши Масруқдан ривоят қиладилар:«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарларига чиқиб:«Эй одамлар! Аёлларнинг маҳрини жуда ошириб юбордингиз-ку! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари тўрт юз дирҳамдан оширмас эдилар. Ундан ҳам оз бўлар эди. Агар маҳрни зиёда қилиш Аллоҳга тақво ёки карамли иш бўлганида, улардан ўтиб кета олмас эдингиз. Ҳеч кимнинг бир аёлнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилганини билмайин!» – деди-да, минбардан тушди. Қурайшлик бир аёл унинг йўлига кўндаланг чиқиб:«Эй мўминларнинг амири, одамларни аёлларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилишдан қайтардингми?» – деди. Умар:«Ҳа», – деди. Аёл:«Аллоҳ Қуръонда туширган ҳукмни эшитмаганмидинг?!» – деди. Умар:«У қандай ҳукм экан?» – деб сўради. Шунда аёл:«Аллоҳнинг: «...ва уларнинг бирига ҳаддан зиёд маҳр берган бўлсангиз ҳам..» деган оятини эшитмаганмисан?!» – деди. Умар:«Роббим, Ўзинг кечир! Одамлар Умардан кўра фақиҳроқдирлар», – деди-да, қайтиб бориб, яна минбарга чиқди ва:«Эй одамлар, мен сизларга аёлларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилмасликка амр қилган эдим. Энди ким ўз молидан қанча хоҳласа, бераверсин. Умар хато қилди, аёл тўғри айтди», – деди».Уйланаётган вақтида озми, кўпми маҳрини бериб қўйиб, ажрашаётганда уни қайтариб олишга уриниш мусулмон инсонга ҳеч тўғри келмайдиган иш. Ушбу оятда бу ишни очиқ манъ этиш билан бирга, унинг ҳикмати ҳам баён қилиниб, эркаклар виждонида нозик ҳиссиётлар қўзғатилмоқда. Қуръоний таъбирга эътибор беринг-а, қандай ҳам ҳассос, қандай ҳам таъсирли!«Ва қандай ҳам олурсиз?! Ахир, бир-бирингизга қовушдингиз ва улар сиздан мустаҳкам аҳду паймон олганлар-ку?!»Никоҳ туфайли эр-хотин нафақат жисман, балки руҳан ҳам қўшилади. Уларнинг ҳис-туйғулари, орзу-умидлари, виждон¬лари, сир-асрорлари, дарду ғамлари, бахту саодатлари – барча-барча нарса қўшилади, қовушади. Исломда никоҳ ва оила Аллоҳ таолонинг исми ила ва унинг Расулининг суннатлари ила қуриладиган муқаддас робита ва ошёндир. Ана ўша қудсият ҳурмати, бирга ўтказган ҳаёт ҳурмати, қовушиб кетган нарсалар ҳурмати, ажрашганда ҳам яхшилик билан ажралмоқ керак. Бир вақтлар рози бўлиб берган маҳрни ўзи билан бир ёстиққа бош қўйиб яшаган аёлдан қайтариб олишга уриниш мусулмон одамга, қолаверса, эркак зотига ҳеч ярашмайди.Ояти каримада келган: «...улар сиздан мустаҳкам аҳду паймон олганлар-ку?!» жумласидаги «аҳду паймон»нинг маъноси ҳақида Суфён Саврий: «Яхшилик билан тутиб туриш ёки яхшилик билан ажрашиш ҳақидаги аҳд», – деганлар.Рабийъ ибн Анас эса: «Бу, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам¬нинг:«Сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олдингиз ва фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ўзингизга ҳалол этдингиз» деган ҳадисларидан иборатдир», – деган.Демак, маҳр, аввало, никоҳнинг ҳурмати, қолаверса, эркакларнинг аёлларга берган мустаҳкам аҳду паймонлари белгисидир.Шунинг учун ҳам, бу ишга алоҳида эътибор бериш керак. Маҳр масаласида шариат кўрсатмасига амал қилмаслик, унда ҳаддан ошиш ёки унга нисбатан бепарво бўлиш яхши оқибатга олиб бормаслигини тажриба кўрсатган.Бир вақтлар одамлар маҳрни «қалин» деб атаб олиб, қизлари учун катта миқдорда молу дунё талаб қилишган. Ўзлари талаб қилган миқдордан кам молга кўнмаганлар. Бечора қизларнинг бунга дахли ҳам бўлмаган. Уларнинг қўлига бу нарсадан ҳеч қандай улуш берилмаган.Шариатнинг маҳр борасидаги кўрсатмасини бузиб, ҳаддан ошиш оқибатида оила қуриш кўпчилик учун оғир машаққатга айланган. Вояга етган йигит-қизларнинг оила қуришлари қийинлашган. Жамиятда қариқиз ва қарийигитларнинг сони ортиб бораверган. Бунинг оқибатида жамиятлар ҳам, якка шахслар ҳам зарар кўрган. Ўша вақтдаги бу нохуш ҳолатни ёқтирмаганлар «қизини сигирни сотгандек сотмоқчи бўляпти» деган ибораларни ишлатишган. Ушбу ношаръий ҳолатни муолажа қилмоқчи бўлган уламолар «Маҳрнинг ози яхши» шиори остида маърузалар қилганлар, тушунтиришлар олиб борганлар ва бошқа чоралар кўрилган.Ҳозирга келиб, юқоридагига тескари ҳолат вужудга келди. Одамларнинг кўпчилиги маҳрни билмайди ёки унга аҳамият бермайди. Билгани, аҳамият бергани ҳам бу ишга охирги ўриндаги ишлар каби назарда бўлади. Имом домла ярим соат маҳрнинг аҳамияти ҳақида маъруза қилиб бўлганидан кейин бўлғуси куёвдан: «Келиннинг маҳрига нима атайсиз», деб сўраса, «Узук», деган жавобни эшитади. Баъзида бизларга бошқа миллатлардан мерос бўлиб ўтган ўша «узук»нинг қиммати энг оз маҳрнинг миқдоридан ҳам кам бўлади. Ҳатто, баъзи тушунмаган шахсларда «маҳр» дегани никоҳ узуги бўлса керак» деган тасаввур пайдо бўлган бўлса, ажаб эмас. Келинлар эса маҳр сўраш Аллоҳ таоло берган шаръий ҳақлари эканлигини тушунмайдилар. Тушунсалар ҳам, сўраш улар учун беодобликка ўхшаб туюлади. Онда-сонда маҳр сўраганларидан эса куёв тараф хафа ҳам бўлади.Шариатнинг маҳр борасидаги кўрсатмасини бузиб, фарз бўлган бу муҳим нарсага бепарво бўлиш оқибатида кўпгина муаммолар пайдо бўлмоқда. Энг ёмони, эр тарафнинг оиланинг молиявий оғирлигини кўтариш ва бошқа жавобгарликлар борасидаги масъулият ҳисси йўқолмоқда. Нари борса, бир дона никоҳ узугини бериб, бировнинг 17-20 йил боқиб, катта қилган гулдек қизини хотин қилиб олган шахс бўлган-бўлмаган нарса учун уни ҳайдаб, янги уйланиш пайидан бўлмоқда. «Жазоси бир дона никоҳ узуги-да», дейдиганлар йўқ эмас.Оқибатда, битта-иккита боласи билан талоқ қилинган ёш аёл отасиникига қайтиб боришга мажбур бўлмоқда. У ерда эса, яна янги муаммолар пайдо бўлиши турган гап. Агар ўша ноинсоф эркак тузукроқ маҳр бериб уйланганида эди, яна қайта уйланиш учун етарли миқдорда маҳр бериш кераклигини ҳис қилганида эди, талоқ қилишдан олдин ўйлаб кўрар, ҳисоб-китоб қилар, натижада ўзини тийиб олар эди.Эҳтимол, шунинг учун бўлса керак, ватанимизнинг аввалги фақиҳлари никоҳ қилишаётганда бировдан сўрамай-нетмай, куёвга қарата: «Маҳрига бир уй, бир даҳлиз, олдида айвони билан ва бир сигир бузоғи билан бериш шарти ила Фалончини тан маҳрамликка қабул қилдингизми?» дейишга ўтишган. Улар ўз вақтларидаги шароитни яхши ўрганишган, мабодо аёл киши талоқ қилинадиган бўлса, кўчада қолишининг, тирикчилик ўтказа олмайдиган даражага тушиб қолишининг олдини олишган. Мана шу омил эркакларни ҳам жиловлаб турган. Улар хотинларини талоқ қилишдан олдин хотинининг маҳрига аталган нарсалар – олдида айвони билан бир уй, бир даҳлизни ва бузоғи билан бир сигирнинг ҳисобини қилишган. Биз ҳам бу масалани, бизнинг динимиз барча нарсада мўътадил дин эканлигини ҳисобга олиб, маҳрнинг ҳам мўътадил равишда жорий бўлишини ўйлаб кўрмоғимиз зарур. Шариатда маҳрнинг энг ози қанча эканлиги кўрсатилгани билан бирга, кўпининг чегараси йўқлиги ҳам маълум. Аммо келин тарафга маҳрнинг ози яхшилигини уқтириш билан бирга, куёв тарафга ҳимматни баланд қилиш айтилади. Ҳеч ким, ҳеч қачон келинга: «Маҳр сўрасанг, уят бўлади», демаган. Шунингдек, куёвга: «Бошқа миллатларнинг «никоҳ узуги»дан ортиқча маҳр берсанг, гуноҳкор бўласан», дейилган ҳам эмас.

30 Апрел 2022, 08:46 | Савол-жавоблар | 168 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar