Ифторликда дуо

Ассалому алайкум! Мен соат 18:30 дан 21:00гача компъютер курсига қатнайман. Ифторлик вақти ҳам дарс вақти оралиғига тўғри келмоқда. Курс ўкитувчиси ва талабаларининг аксарияти насроний динидаги миллатлардан. Мен ифторлик вақти кирганда оғиз очиш дуосини ўқиб қўлимни юзимга сурмасдан қалбдан ўтказиб дуо қилиб оғизни очсам бўладими? Бу асло динимдан уялиш эмас, шунчаки ғайридинларга кулгу бўлишини хоҳламайман. Рамазон барчамизга муборак бўлсин!
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Аслида дуо қилишда қўл кўтариб дуодан сўнг юзга суртиш суннат амал ҳисобланади. Шундай бўлсада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳар куни маълум бир ҳолатларда дуо қилганларида қўл кўтармаганликлари ривоят қилинган. Бу ҳолатларни аҳволи мутаворида – яъни ҳар куни такрор-такрор бўладиган ҳолатлар дейилади. Масалан таом ейишдан аввал “бисмиллаҳ”ни айтишда, уйқудан уйғонишда, уйдан чиқаётганда ва кираётганда, уловга миниб ёки тушганда, таҳоратга кириш ва чиқишда, кийимни кийиб ечиш каби амаллардаги дуоларда қўл кўтарилмайди. Худди шунингдек сиз айтган ҳолатда ҳам. Шом вақти кириши билан оғиз ўз-ўзидан очилиб кетади. Ўша вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиган дуони айтиш суннат ҳисобланади. Валлоҳу аълам!

1 Май 2022, 01:31 | Савол-жавоблар | 181 | Дуолар
|
Boshqa savol-javoblar