Шайх хазратларининг китобларини олиб сотаётганлар

Ассалому алайкум! Алхамдулиллаҳ бугунги кунда юртимизда диний илм олишга интилиш хар қачонгидан кўра кучайди. Шу билан бирга Шайх Ҳазратлари раҳимаҳуллоҳнинг китобларига бўлган эхтиёж хам ошди. Аммо бундан ўз манфаати йўлида фойдаланаётганлар хам бор. Тошкентдаги Чорсу китоб дўконлари ва бошқа кўплаб дўконлар Шайх хазратларининг китобларини Ҳилолнашр дўконларидан ёки нашриётнинг ўзидан олиб, бирга-бир нарх қўйиб сотишмоқда. Алҳамдулиллаҳ хар 3 кунда бир Шайх хазратларининг қайсидир китоби қайтадан чоп этилмоқда ва Ҳилолнашр дўконларига етказилмоқда. Лекин шу китоб 2 кун ичида битта қолмай сотилиб кетади. Тушунарсиз сабабга кўра хамма китоб Чорсу китоб дўконларида йиғилиб қолган бўлади. Энг қизиғи шундаки бу китоблар 2 баробар киммат нархланган бўлади. Уларнинг қилаётган ишлари тўғрими? Агар нотўғри бўлса нега уларга хеч ким индамаяпти? Улар шахсий бойиш йўлида мусулмонларнинг илм олишларини қийинлаштираяпти? Илтимос бу  мавзуда мақола  ёзиб  Ислом уз сайтига хамда телеграмдаги каналга жойлаштирсангизлар.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Ушбу масала ҳақида албатта алоҳида мақола ёзилади, иншааалоҳ. Ҳозир эса саволингиз юзасидан нашриёт ходимлари берган маълумотни келтирамиз: Ҳиқақатдан Сиз атгандай Чорсудаги китоб савдогарлари баъзи талаб юқори бўлган китоблар нархини бир неча баробар ошириб сотишяпти. Кўпчиликка яхши маълумки, бизнинг дўконларда ушбу талаб юқори бўлган китобларни бир кишига бир донадан сотилмоқда. Бу орқали китобларни кўпроқ китобхонларга ўз нархида етказишга муваффақ ҳам бўляпмиз. Лекин баъзи савдогарлар бир неча марта келиб ёки бир нечта одам киритиб китобларни олиб кетаётган ҳоллари ҳам бор. Улар филиалларимизга ҳам қайта-қайта бориб китоб олишади. Бундан ташқари, дўкондорларгина эмас, балки оддий харидорлар ҳам китобларни ўқиш учун эмас, балки бизда тугагандан сўнг қайта сотиш учун олиб қўйишяпти. Нашриёт ходимлари Чорсудаги кўпчилик сотувчиларга бундай қилмаслик кераклигини, нархларни инсоф билан қўйишни алоҳида таъкидлаш учун бир неча маротаба учрашишди. Ҳозирда бир китобни 3 борабордан ҳам ошиқ нархда сотаётганлар ҳам учраб турибди. Тўғри китобга талаб катта, ҳаммага етмаяпти, лекин бу дегани уни бемалол қимматга сотиш керак дегани эмас. Шунингдек, китобхонларимиздан ҳам олибсотарлардан жуда қиммат нарх қўйилган китобларни харид қилмасликларини илтимос қилардик. Китобларнинг асл нархини нашриётнинг hilolnashr.uz саҳифасидан билиб туриш мумкин. Келгусида ушбу китоблар сонини бир неча баробар кўп ададда чиқариш режалаштирилган. Олдин ҳар бир китобнинг адади 5000 донадан ошмас эди ва рухсат олиш вақти ҳам чўзилиб кетар эди. Охирги бир неча ойдан бери китобларга рухсат жуда тез бериладиган ва адади эса анча кўп миқдорда бериладиган бўлди. Яъни, ҳозирги кунда «Ислом тарихи» китоби 10000 ададда, «Бахтиёр оила» китоби 20000 ададда чоп этиляпти. «Тафсири Ҳилол» асарини ҳам 15000 ададда чоп этишга рухсат олдик. Бундан буён китоблар нархи кескин арзонлашиб боради деган умиддамиз. Валлоҳу аълам!

1 Май 2022, 15:14 | Савол-жавоблар | 190 | Молия ва тижорат
|
Boshqa savol-javoblar