Ёмғирнинг қачон ёғиши ғайб илмига кирадими?

Шайх Ҳазратлари! Адашмасам об ҳаво маълумотлари ҳақидаги бир саволга “ғайб эмас” деб жавоб берган экансиз. Ҳазрат, баъзи бирлар шу жавобингизни юзаки тушуниб интернетга қараб олиб “бўлди, эртага фалон вақтда ёмғир ёки қор ёғар экан” деб, неча кун ёғишини ҳам аниқ биладигандай айтишади. Мен сизнинг маърузаларингиздан бирида бир ҳадисни эшитдим " бир саҳоба инсон боласи итининг сабабидан ширк келтириб қўйиши мумкин “мана шу кучук бўлмаганида, уйимга ўғри тушмасди” деб. Уйни кучук эмас Аллоҳнинг ўзи сақлайди" мазмунидаги хато бўлса маъзур тутгайсиз. Ҳазрат саволим шу эдики, ўша инсонларни қилаётган ишлари тўғрими? Об ҳаво маълумотларини кўрмасинлар демайман, кўрсинлар. Лекин Аллоҳ ҳоҳласа ёғади, ҳоҳламаса ёғмайди деган ақийда бўлиши керак деб ўйлайман. Ҳаттоки ўзимнинг жияним билан тортишиб қолдик. У об ҳаво маълумотларини кўриб олиб “мана бу вақтда аниқ ёмғир ёғаркан” деб туриб олди. Майли ёғдиям дейлик. Мисол учун баъзи вақтда (Аллоҳнинг ўзи сақласин) баъзи бировлардан “Фалончи фолбинга борган экан, фоли тўғри чиқибди” деган гапларни эшитиб қоламиз. Улар тушунмайдики, Аллоҳ синаш учун ҳам бир хил қилиб қўйиши мумкинку!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
Мулоҳазаларингиз ўринли. Бу дунёдаги барча нарса фақатгина Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан бўлади. Аммо Аллоҳ таоло Ўзи яратган табиатдаги нарсаларни сабабият қонуни билан бир бирига боғлаб қўйган. Мисол учун тупроққа сув қуйса ҳўл бўлади, кўпроқ қуйса лой бўлади. Мана шунга ўхшаш нарсаларни айтган одамнинг ақидасига футур етмайди. Об-ҳаво борасидаги илмлар ҳам ривожланди, маълум ҳажмдаги ва намликдаги булут қанча тезликда юриши, ундан қанча сув тушишини билиш имкони туғилди. Буларни илмини билувчилар ахборот берсалар ҳечқиси йўқ. Аммо мўмин инсон доимо ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан бўлишини бир зум ҳам эсдан чиқармаслиги лозим. Буни ўша об-ҳаво маълумотлар тез-тез нотўғри чиқиши ҳам тасдиқлайди.

1 Май 2022, 15:47 | Савол-жавоблар | 153 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar