Атеистларга муносабат

Ассалому алайкум! Атеист инсонларга "Кафирун" сурасидаги каби муносабат билдирсак бўладими? Яъни "сизлар нимага ишонсангиз ишонаверинг, биз ўзимиз ишонганимизга ишонишда давом этамиз" каби сўзлар билан муносабат билдирсак бўладими? Биз уларга Қуръонда келган сўзларни айтсак улар буни нотўғри деб айтишади. Уларнинг бу каби сўзларига ҳеч қандай сўз айтмасликни нотўғри бўлса керак деб ўйладим.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Бизнинг диёримизда уларга ундай муносабатда бўлмаслик керак, чунки улар атеист эмас муртад ҳисобланишади. Улар сабабидан халқимиз ичида қанчалик парокандалик, ихтилофлар келиб чиқаётгани кўриниб турибди. Уларни ўз ҳолига ташлаб қўймаслик керак. Улар энг катта ҳақиқатни, яъни бутун борлиқни Аллоҳ таоло яратганлигини билмасдан шундай ўтиб кетсалар оқибатлари аянчли бўлишини билмайдилар. Улар учун қилинган насиҳат, тушунтиришлар эвазига ҳозирда бизларни ёмон кўрсаларда, охиратда чексиз ташаккур айтишлари шак-шубҳасиздир. Ҳар бир пайғамбар бир умматга пайғамбар қилиб юборилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса қиёматгача бўлган инсонларга пайғамбар қилиб юборилганлар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун “уммати даъват”, яъни даъват қилинувчи уммат ҳисобланади. Иймон келтирганлар эса “уммати ижобат”, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирган уммат деб номланади. Иккиси ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қайсидир эътибордан уммат ҳисобланишади. Иймонсиз ўлиб кетаверишларига йўл қўймаслигимиз керак. Албатта, уларни тўғри йўлга чақиришни ўз услуби билан қилишимиз керак. Улар билан жанжаллашиб, уришиб-талашишни ҳеч қандай фойдаси йўқ. Уларга ақллари қабул қиладиган муқаддималарни келтириб, хулосани ўзларига қўйишимиз керак. Албатта уларга тушунтиришдан аввал Аллоҳ уларга ҳам иймон ато қилишни сўрашни унутмаслигимиз керак. Чунки ҳидоят Аллоҳнинг қўлидадир. Валлоҳу аълам!

6 Май 2022, 17:20 | Савол-жавоблар | 155 | Ақийда
|
Boshqa savol-javoblar