Қуриган нажосат пок бўладими

Ассалому алайкум! Қуриган нажосат пок бўлишини ўқиб билдим. Лекин қуриган нажосатга сув тегса яна нажосат бўладими? Мисол учун молни қуриб қолган нажосати кийимда бўлса ва у кийимга сув тегса кўп миқдорда кийимни ичидаги кийимлар хам нопок бўладими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Қуриган нажосат пок бўлмайди, балки ерга нажосат тегса қуриб хиди кўтарилса ер пок бўлади. Бошқа ҳолатда пок бўлмайди. Намлик текканларини ҳаммаси нопок бўлади.
Кийимни поклагандан кейин баданни ва маконни поклаш яна ҳам зарур бўлади.
Кийимнинг пок бўлиши шартлигига далил: عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَنْتُ أَغْسِلُ الْجَنَابَةَ مِنْ ثَوبِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَيَخْرُجُ إِلَى الصَّلَاةِ وَإِنَّ بُقَعَ الْمَاءِ فِي ثَوْبِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ  Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши:
«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларидан жунублик асарини ювиб қўяр эдим. Ул зот намозга кийимларидаги сувнинг ҳўли билан чиқар эдилар», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Намозхоннинг кийими сажда пайтида нажосатга тегса зарар қилмайди. Агар нажосат оёқлари остида, пешонасини қўядиган ерда ва икки қўли ёки тиззасини қўядиган жойда бўлса, намози бузилади.
Афв қилингандан кўп миқдордаги нажосат ила уни билмасдан ўқиган одамнинг намози ботил бўлади. Қазосини ўқиши лозим бўлади.
Кийимнинг тўртдан бири пок бўлса-ю, ундан бошқа кийим бўлмаса, унда намоз ўқиш жоиз. Ундан ози пок бўлса, яланғоч ўқиш жоиз.
Кийимга нажосат теккани маълум бўлса-ю, қаерига теккани аниқ бўлмаса, бир тарафини ювиб ташлаб, намоз ўқийверса бўлади.
Тухум палағда бўлиб, унинг ичидаги қонга айланган нарса кийимга тегса, бу кийим билан намоз ўқиш жоиз.
Баданнинг пок бўлиши шартлигига далил: عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: جَاءَتْ فَاطِمَةُ بِنْتُ أَبِي حُبَيْشٍ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ   فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنِّي امْرَأَةٌ أُسْتَحَاضُ فَلَا أَطْهُرُ، أَفَأَدَعُ الصَّلَاةَ؟ فَقَالَ: لَا، إِنَّمَا ذَلِكِ عِرْقٌ وَلَيْسَ بِالْحَيْضَةِ، فَإِذَا أَقْبَلَتْ الْحَيْضَةُ فَدَعِي الصَّلَاةَ، وَإِذَا أَدْبَرَتْ فَاغْسِلِي عَنْكِ الدَّمَ وَصَلِّي. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ  Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Фотима бинти Абу Ҳубайш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен истеҳоза бўламан, пок бўлмайман. Намозни қўяманми?» деб сўради. У зот:
«Йўқ. Бу томир касаллигидир, ҳайз эмас. Қачонки ҳайз келса, намозни қўй. Қачонки у 
(кунлар) ўтиб кетса, ўзингдан қонни ювиб, намозни ўқийвер», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Маконнинг пок бўлиши шартлигига далил: عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَامَ أَعْرَابِيٌّ فَبَالَ فِي الْمَسْجِدِ، فَتَنَاوَلَهُ النَّاسُ، فَقَالَ لَهُمُ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  دَعُوهُ، وَهَرِيقُوا عَلَى بَوْلِهِ سَجْلًا مِنْ مَاءٍ أَوْ ذَنُوبًا مِنْ مَاءٍ، فَإِنَّمَا بُعِثْتُمْ مُيَسِّرِينَ وَلَمْ تُبْعَثُوا مُعَسِّرِينَ  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади:
«Бир аъробий туриб, масжидда бавл қилди. Одамлар унга ёпишиб кетишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Уни тек қўйинглар ва пешобининг устига бир челак [ёки бир катта челак] сув қуйинглар. Ахир осонлаштирувчи этиб юборилгансиз, қийинлаштирувчи қилиб юборилган эмассиз», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Ерга тўшалган нарсага нажосат теккан бўлса, пок ерида намоз ўқиса бўлади.
Нажосатнинг устидан уни тўсувчи нарсани солиб намоз ўқиса бўлади.
Тўшалган нарса қалин бўлиб, остидаги нажосат устига чиқмайдиган бўлса, устида намоз ўқиса бўлади.
Оёқ кийимининг ости нажас бўлса, ечиб, оёғини унинг устига қўйиб жаноза намозини ўқиш жоиз.
Нажас ерга қамалган одам иложи борича нажасдан четланган ҳолда намозни ўқиши фарз. (“Кифоя” китобидан). Валлоҳу аълам!

7 Май 2022, 16:49 | Савол-жавоблар | 206 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar