Судхўрликдан тавба қилиш

Ассалому алайкум! Менинг иккита яқин дўстларим оғир гунох ишга кўл уриб қўйишди. Бири иккинчисига 2000 доллар пул берган. Иккинчиси 1йилдан сўнг унга 2.500 доллар қилиб қайтариб беришга рози бўлган. Бу воқеани билганимдан сўнг уларга бу айни судхўрлик ва бунинг гунохи оғир эканлигини тушунтирдим. Хозирда улар қилган ишларидан пушаймон ва берилган пул ўзининг миқдорида қайтариб бериладиган бўлди лекин бунинг каффорати қандай бўлади? 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Жуда яхши ишни қилибсиз. Аллоҳ таоло "Бақара" сурасида марҳамат қилади:  فَإِن لَّمْ تَفْعَلُواْ فَأْذَنُواْ بِحَرْبٍ مِّنَ اللّهِ وَرَسُولِهِ وَإِن تُبْتُمْ فَلَكُمْ رُؤُوسُ أَمْوَالِكُمْ لاَ تَظْلِمُونَ وَلاَ تُظْلَمُونَ۝ 279. Агар ундай қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг. Агар тавба қилсангиз, сармоянгиз ўзингизга, зулм қилмассиз ва сизга ҳам зулм қилинмас.
Яъни «Агар иқтисодий муомалаларингизда ўртадан рибони кўтариб, унинг сарқитларини тарк этмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари сизга қарши қаттиқ уруш очади. Агар тавба қилиб, рибохўрликдан қайтсангиз, сармоянгизни оласиз. Шунда сиз судхўрлик билан бировга зулм қилмаган бўласиз ва сизга ҳам зулм қилинмаган бўлади.
Ибн Ҳиббон ва бошқа ҳадис олимлари Зайд ибн Асламдан ривоят қилишларича, жоҳилият даврида Бану Сақиф ва Бану Муғийра қабилалари ўртасида рибо асосида муомала бўлган экан. Исломга кирганларидан сўнг Бану Сақиф қабиласи Бану Муғийрадан рибо олмасликларини илтимос қилибди. Бану Муғийра ўзаро маслаҳатлашиб, «Исломда бўлганимиздаги муомалалардан рибо олмаймиз, ундан аввалгисидан оламиз», – дейишибди. Ўша пайтда Маккаи Мукаррамада бошлиқ бўлиб турган Итбон ибн Усайд розияллоҳу анҳу бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломга хат ёзганларида:
«Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг. Агар ундай қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг...» оятлари нозил бўлди.
Пайғамбар алайҳиссолату вассалом бу ҳақида Итоб ибн Усайд розияллоҳу анҳуга хабар бердилар ва у кишини агар Бану Муғийра рибохўрликни тарк қилмасалар, уларга қарши уруш қилишга буюрдилар. Хабар етганда, Бану Муғийра: «Тавба қиламиз, рибонинг сарқитини тарк этамиз», – дедилар.
Пайғамбар алайҳиссолату вассалом Маккаи Мукаррамани фатҳ қилган кунларидаги хутбаларида жоҳилиятдаги барча риболарни бекор қилганликларини, биринчи бўлиб амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг риболарини қарздорлар бўйнидан туширганликларини эълон қилдилар.
Демак, Исломда рибо асосида молиявий алоқа олиб бориш мутлақо ҳаром қилинган. Ночор ҳолга тушиб, турмуш ўтказиш ёки иш юритиш учун сармояга муҳтож бўлиб қолган шахс билан хайри-эҳсон ёки яхши қарз бериш ила молиявий алоқа олиб бориш лозим. Кейинги оятда ана ўша алоқалардан бири – қарзга оид ҳукмларнинг баёни келади. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

8 Май 2022, 18:53 | Савол-жавоблар | 157 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar