Етимнинг ҳаққи

Ассалому алайкум! Мен болларимга оталари вафот қилганликлари учун пенсия ва отаси бор болалар ҳам оладиган бола пули оламан. Бу пуллар менга ҳалол бўладими? Етимнинг ҳаққи бўлиб қолмайдими? Мен шу пуллардан ижара ҳаққи рўзғор камлари ва кийимлар учун ишлатсам бўладими бошқа тирикчилигимиз йўқ, дадасидан ҳеч нарса қолмаган, қайнонам ҳаммасини ўзлари олганла. Базида ўйлаб қўрқиб кетаман, буларни пулини йиғишим керак, етимларим ҳаққи деб. Ин шаа Аллоҳ катта бўлишганда илм йўлида юришса кўп пул керак бўлади, ўшанда пулларимизни ҳаммасини нима қилгансиз дейишса нима дейман деб. Мен ҳозирда ишласам боллар қаровсиз қолишади, ишламасам бошқа пул келадиган жойимиз йўқ. Шунга маслахат беринг илтимос.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло "Нисо" сурасида марҳамат қилади:  وَابْتَلُواْ الْيَتَامَى حَتَّىَ إِذَا بَلَغُواْ النِّكَاحَ فَإِنْ آنَسْتُم مِّنْهُمْ رُشْدًا فَادْفَعُواْ إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ وَلاَ تَأْكُلُوهَا إِسْرَافًا وَبِدَارًا أَن يَكْبَرُواْ وَمَن كَانَ غَنِيًّا فَلْيَسْتَعْفِفْ وَمَن كَانَ فَقِيرًا فَلْيَأْكُلْ بِالْمَعْرُوفِ فَإِذَا دَفَعْتُمْ إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ فَأَشْهِدُواْ عَلَيْهِمْ وَكَفَى بِاللّهِ حَسِيبًا۝ 6. Етимларни то никоҳ(ёши)га етгунларича синаб туринглар. Агар уларда онгу идрок кўрсангиз, уларга ўз молларини қайтаринг. У(мол)ларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин деб, шошилиб, еманг. Ким бой бўлса, иффатини сақласин. Ким камбағал бўлса, маъруф ила есин. Молларини ўзларига қайтарганингизда уларга гувоҳлар келтиринг. Ҳисоб қилувчиликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур.
Демак, етимни оталиққа олганлар учун асосий ҳукм – етимларнинг молидан емаслик. Аммо оталиққа олувчиларнинг ҳоли ҳам ҳар хил бўлади – баъзилари бой, ўзига тўқ, бошқалари камбағал, муҳтож. Буни эътиборга олиб, оятда бойга алоҳида, камбағалга алоҳида ҳукм баён қилинган:
«Ким бой бўлса, иффатини сақласин. Ким камбағал бўлса, маъруф ила есин».
Бой одам ўзига етарли моли бўлгани, ҳожати тушмагани учун иффат қилиб, ўзини шубҳали нарсадан узоқ тутгани маъқул. Етимларни оталиққа олгани, уларнинг мол-мулкларини сақлагани, парваришлагани учун ажру савобини олади. Агар оталиққа олувчи шахс камбағал бўлса-чи? Унда парваришдаги етимнинг молидан яхшилик – тўғрилик билан фойдаланишига рухсат бор. Бу нарса унга хизмати учун ҳақ ўрнида ўтади. Буни қуйидаги ривоят ҳам тасдиқлайди.
Имом Абу Довуд ва имом Насаийлар қилган ривоятда айтилишича, бир киши Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб:
– Қарамоғимда бир етим бор. Унинг моли бор, меники йўқ. Унинг молидан есам бўладими? – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Исроф қилмасдан, тўғрилик билан егин, – дедилар.
Имом Молик ривоят қилишларича, бир саҳролик араб Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб:
– Қарамоғимда етимлар бор. Уларнинг туялари бор, менинг эса биттагина туям бор, холос. Мен ўз туямнинг сутидан камбағалларга бериб тураман. Етимларнинг туялари сутидан менга нима ҳалол бўлади? – деб сўради. Абдуллоҳ ибн Аббос:
– Агар йўқолганда топиб келсанг, қўтирига қарасанг, ҳовузини тузатиб турсанг ва уларни боқаётган бўлсанг, наслига зарар келтирмай, сутидан ич. Аммо уларни соғиб олишингдан қайтараман, – дедилар.
Шу таълимотлардан келиб чиқиб, оталиққа олган одам етимнинг молидан муҳтож бўлганда ҳожатини қоплагунча еса бўлади, дейилади.
Оятнинг сўнгида яна бир нозик, зарурий ҳукм баён этилган:
«Молларини ўзларига қайтарганингизда уларга гувоҳлар келтиринг».
Мол олди-бердиси жуда ҳам нозик иш. Унда бировнинг ҳаққига хиёнат бўлиши эҳтимоли кучли. Шунинг учун ҳам Исломда бундай ишларни ҳужжат-далил билан, адолатли гувоҳлар иштирокида амалга ошириш таъкидланади. Шундай қилинса, бировнинг ҳаққига хиёнат эҳтимоли йўқолади, бирор келишмовчилик чиқса ҳам, гувоҳлар ҳақиқатни (адолатни) ўрнатишда ёрдам берадилар.
Оятнинг сўнгида
«Ҳисоб қилувчиликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур» жумласининг келиши эса бу ишларда доимо Аллоҳдан қўрқиб туриш лозимлигини уқдиради. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

8 Май 2022, 19:48 | Савол-жавоблар | 172 | Ақийда
|
Boshqa savol-javoblar