Мен мунофиқман

Ассалому алайкум! Мен мунофиқман шахфатимни тия олмаяпман Зино қиламан(буни оғир гунохлиги хам биламан) ва намозни хам канда қилмайман. Қазо қилмасликка харакат қиламан. Мен жаханнам ахли қаторида бўлсам керага? Ўкиган намозларим холи қандай?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Сиз зино ва бошқа гуноҳларга олиб борадиган барча омилларни ва танишларни тарк қилинг. Аллоҳ таоло “Шамс”  сурасида марҳамат қилади: فَأَلْهَمَهَا فُجُورَهَا وَتَقْوَاهَا۝  8. Унга фужурини ва тақвосини илҳом қилди.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло бандаларининг ичига гуноҳга бошловчи унсурни ҳам тақвога бошловчи унсурни ҳам қўйганини баён қилган. Инсон гуноҳ ишларга яқинлашганда, бузуқ нарсаларни кўрганда, бузуқ одамларга яқинлашганда фужурга бошловчи унсур ишқаланиб ҳаракатга келади ва инсонни ҳам ўша томонга ҳаракатга келтиради. Тақвога сабаб бўладиган ишлар, кишилар ва насиҳатларга яқинлашганда тақво унсур ишқаланиб ҳаракатга келади ва инсонни ҳам ўша томонга ҳаракатга келтиради. Гоҳида инсон аввалдан ўша ишларга булғаниб кейин тавба қилган бўлса ҳар эсига тушганда ўша фужурга бошловчи унсур ҳаракатга келиб қолади. Бу ҳаракатга келиш айб эмас, бу нарса ҳаммада содир бўлади. Шундай вақтда тақвони ҳаракатга келтирувчи омилларга яқинлашиш керак бўлади.
Инсонда икки унсур бор. Бири фисқи-фужур қиладиган унсур, иккинчиси тақвога бошлайдиган унсур. Инсон фисқи-фужурга яқинлашса ёки у ҳақида ўйласа фисқи-фужурга олиб борадиган ўша унсур ишқаланади, ҳаракатга келади ва маъсият содир бўлишигача олиб боради. Тақволи инсонларга, панду-насиҳатларга яқинлашса тақво унсури ишқаланади, ҳаракатга келади ва соҳибини ҳам ўша ишларни қилишга ундайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Содиқлар билан бирга бўлинглар, уларни сафида бўлинглар” деб буюрган.
Шунингдек рўза тутиб юринг. Шунда шаҳватингиз пасайиб, зинодан сақланасиз:عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: يَا مَعْشَرَ الشَّبَابِ مَنِ اسْتَطَاعَ مِنْكُمُ الْبَاءَةَ فَلْيَتَزَوَّجْ فَإِنَّهُ أَغَضُّ لِلْبَصَرِ وَأَحْصَنُ لِلْفَرْجِ وَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَعَلَيْهِ بِالصَّوْمِ فَإِنَّهُ لَهُ وِجَاءٌ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир», деганларини эшитдим».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги «никоҳга қодир бўлса», деб таржима қилинган ибора арабчада «боъа» дейилиб, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга қодирлик маъносини англатади.
Демак, шу маънодаги қудратга эга бўлган ҳар бир мусулмон уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Агар никоҳга моддий ёки маънавий жиҳатидан қудрати етмаган, сарф-харажатни кўтара олмайдиган ёки уйланса, умр йўлдошига зулм қилишдан ўзини тўхтата олмайдиган ёшлар бўлса, рўза тутмоқлари керак.
Шу йўл билан улар шаҳватини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, бошқа жинсдагиларга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатмайдиган ҳолга келади.
Оддий ҳолатларда эса, бу икки хавфнинг олдини никоҳ олади. Никоҳдаги киши ўз шаҳватини ҳалол йўл билан қондиргани учун кўзи номаҳрамларга қарашдан тийилган, фаржи ҳаромга юришдан сақланган бўлади.
Бу ҳадиси шариф мўмин-мусулмонларни ёшлик чоғларидан никоҳга қодир бўлишлари биланоқ оила қуришга чорламоқда. Ҳаётимизда бу ҳадисга нечоғли амал қилишга ҳаракат этаётганимизни унутмаслигимиз керак. (“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

9 Май 2022, 07:45 | Савол-жавоблар | 170 | Ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar