Ўлик туғилган бола ҳам кутадими

Ассалому алайкум! Агар гўдак ўлса у ота онасини жаннат остонасида кутади ва онамсиз жаннатга кирмайман деб туради деган гап бор. Шу тўғрими? Мани хам фарзандим 9 ойликда ўлик туғилди, она сутимни бермаган бўлсам хам ман унинг онасиман дейишга хаққим борми ва жаннатда мани кутадими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Бундай ҳолатларда мусулмон киши шариатга оғишмай амал қилади ва қуйидаги ҳадиснинг башоратидан умид қилади.عن مُعاذِ بنِ جبلٍ رضيَ اللهُ عنه عن النبيِّ صلَّى اللهُ عليهِ وسلم قالَ : وَالَّذِيْ نَفْسِيْ بِيَدِهِ إِنَّ السِّقْطَ لَيَجُرُّ أُمَّهُ بِسَرَرِهِ إِلَىْ الجَنَّةِ إِذَا احْتَسَبَتْهُ. رواه ابن ماجه  Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сиқт(нобуд бўлган ҳомила) киндиги билан онасини жаннатга тортиб киради. (Онаси бола вафот қилган вақтида унинг) савобини умид қилса” дедилар".
Ибн Можа ривояти. قال النووي رحمهُ الله : موتُ الواحدِ من الأولادِ حجابٌ منَ النار ، وكذا السقطُ  Имом Наваий раҳматуллоҳи алайҳ:
“Фарзандлардан бирортасининг вафоти (ота-она учун) дўзахдан тўсиқдир. Шунингдек туғилмай нобуд бўлган ҳомила ҳам” деганлар.
Имом Термизий Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
«Аллоҳ таоло «Эй ўлим фариштаси, сен бандамнинг фарзандининг – кўзининг қорачиғининг, қалбининг самарасининг жонини олдингми?» дейди. Фаришта «Ҳа», дейди. Аллоҳ «У нима деди?» деб сўрайди. Фаришта «Сенга ҳамд ва истиржо айтди», дейди. Шунда Аллоҳ таоло «Жаннатда унга бир уй бино қилинглар ва «Ҳамд уйи» деб номланглар», дейди», деганлар.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
«Бирортангизнинг оёқ кийимининг ипи узилса ҳам истиржо айтсин», дейдилар.
 Демак, инсон каттаю кичик ҳар бир кўнгилсиз ҳодисада – кўзининг қорачиғи, жигарбанди – боласи ўлганда ҳам, оёқ кийимининг ипи узилганда ҳам сабр қилиши керак. Мусибат етгандан кейин дарҳол истиржў айтиб, сабр қилиш, «Ҳамма нарса Аллоҳники ва бари Аллоҳга қайтади», деган эътиқодни маҳкам тутиш керак. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

11 Май 2022, 18:03 | Савол-жавоблар | 169 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar