4955 саволдаги талоқ ҳақида

Ассалому алайкум! 4955-савол ҳақида. Мен “талоқсан, талоқсан, талоқсан” деганман. Биринчи талоқ тушиб, қолганлари бекор бўлар экан. Шайх Муҳаммад Содиқнинг “Бахтиёр оила” дискларида ҳам эшитганман. 4955- саволда “талоқсан, талоқсан, ундан кейин уч талоқсан” дейилган экан. Ахир талоқ деса никоҳ бузилади. Бузилган никоҳга уч талоқ қандай тушади? Мени никоҳим жоизми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Жуда яхши савол берибсиз. Талоқсан, талоқсан, талоқсан – деганда орага уч талоқ тушади. Мабодо эр қасам ичиб мен биринчи талоқ тушишини хоҳлаганман, иккинчи ва учинчисини талоқ қўйиш мақсадида эмас, балки биринчи талоқ қўйганимни хабарини бериш мақсадида айтганман деса қози “уч талоқ тушган” деб ҳукм қилаверади. Мабодо ўзи билан Аллоҳнинг ўртасида нияти рост бўлса бошқа гап. Агар ҳеч қандай ният қилмаган бўлса, ҳатто хабар бериш ниятини ҳам қилмаган бўлса, орага уч талоқ тушаверади. Сиз айтган бир талоқдан кейин иккинчи талоқ тушмайди деган гап мутлақо бошқа масала. Уламоларнинг “киноя сўзи билан масалан “Сен мени хотиниммассан” деган сўзидан кейин “Уйинга кетавер” деган гапни айтса, биринчисида талоқ тушиб иккинчисида тушмайди деган сўзларидан олинган. Бу ўринда биринчи талоқ киноий бўлиб ундан боин талоқ тушади, иккинчи сўздан ҳам боин талоқ тушади, “Боинга боин илашмайди” қоидасига асосан иккинчи талоқни эътиборга олинмайди. “ТЛҚ” ҳарфлари ишлатилиб айтилган талоқда эса ражъий талоқ тушади. Уни ортидан айтилган талоқлар ҳаммаси тушаверади. Шу қоидани аҳли илмлардан 95% ҳам ажрата олишмайди. Бир талоқ қўйилгандан кейин хотин иддага ўтиради. Шу муддат ичида хотиннинг устига қўйилган талоқ шак-шубҳасиз тушаверади. Чунки у бир жиҳатдан унинг хотини ҳисобланиб туради, нафақаси ҳам эрнинг зиммасида бўлади, ҳатто ўша муддатда бошқа эрга тегса никоҳи ҳам боғланмайди.
Юқоридаги масаладан ўзингизни саволингизга хулоса чиқариб олаверинг. Мабодо масаланинг арабий ибораларини сўрасангиз уни ҳам жўнатишимиз мумкин. Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 22:21 | Савол-жавоблар | 174 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar