Пластик жарроҳ касб танлови

Ассалому алайкум! Тиббиётта 2-курс талабасиман. Септопластика ҳақида сўрамоқчи эдим. Септопластика-буруннинг суяк-тоғай қисмида эгриликни бартараф қилишга қаратилган жарроҳлик операцияси. Операциянинг мақсади буруннинг тўғри шаклини тиклаш эмас, балки бурун нафас олишни яхшилашдир. Яъни суяк ёки тоғайлар туғма ёки орттилинган шаклда нафас олишга тўсқинликни юзага келтирган ҳолда нотўғри жойлашиб қолади. Ўша эгриликни бартараф этишга қаратилган операциялар. Шу жоизми? Баъзи холатлар бўлиши мумкин, масалан қийшиқ ўсган бурунни ёки синган бурунни одатий холга келтириш ёки туғма бурни йўғлар ҳам бўлиши мумкин уларни бурнини тиклаш(бурун ясаш) бунинг ҳукми қандай бўлади? 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Шариатимизда айбни кетказиш жоиз. Бор чиройни янада зиёда қилиш жоиз эмас. Сизни айтишингизча Септопластика чиройни эмас нафас олишга ёрдам берувчи муолажа экан. Бу каби ҳолатларда шунда амалиёларни қилиш жоиз ҳисобланади. عَنْ عَرْفَجَةَ بْنِ أَسْعَدَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أُصِيبَ أَنْفِي يَوْمَ الْكُلاَبِ فِي الْجَاهِلِيَّةِ فَاتَّخَذْتُ أَنْفًا مِنْ وَرِقٍ فَأَنْتَنَ عَلَيَّ فَأَمَرَنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ أَتَّخِذَ أَنْفًا مِنْ ذَهَبٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَاحِبَاهُ Аржафа ибн Асъад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Жоҳилиятда Кулоб воқеаси куни бурним ярадор бўлди. Шунда кумушдан бурун қилиб олувдим, сасиб кетди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга тиллодан бурун қилиб олишга амр қилдилар».
Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Кулоб» бир жойнинг номи бўлиб, у ерда бир неча бор уруш бўлган экан. Ўша урушлардан бирида ушбу ривоятнинг соҳиби Аржафа ибн Асъад розияллоҳу анҳунинг бурнига душман тарафнинг силоҳи тегиб, кесилиб кетган экан. Шунда у киши ўша замоннинг имкониятларидан келиб чиқиб, ўзларига кумушдан бурун ясатиб олган эканлар. Лекин кумуш ярали этга мос келмай, жароҳат ўрни йиринглаб, сасиб кетибди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аржафа розияллоҳу анҳуга тиллодан бурун қилиб олишни амр қилибдилар. Тилло соф ва баданга зарар етказмайдиган бўлганидан яхши ўрнашиб, Аржафа розияллоҳу анҳунинг жонлари ором топибди. Валлоҳу аълам!

11 Май 2022, 20:35 | Савол-жавоблар | 173 | Ҳалол ва ҳаром
|
Boshqa savol-javoblar