Отин ойи ва додамни идда ҳақидаги гаплари

Ассалому алайкум! Менинг додам 1-май куни оламдан ўтдилар. Марака куни отин ойи бувимга сиз 4 ойку 10 кун иддада ўтиришингиз лозим деган эди, менинг рахматли додам тақводор, ислом тарафидан жуда кўп илимга эга инсон эдилар ва улар бир куни айтган эдилар. Идда бу, ёш бева қолганлар учун, ёши катталар иддада ўтириши жудаям шарт холат эмас дегандилар. Менинг бувимнинг ёшлари 69 бир отинхам сизга 2 ой 10 кун хам бўлаверади деганди. Шу хақида малумот беринг, илтимос.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Додангиз ҳам отин ҳам бекор айтишибди. Динни яхши билмайдиганлардан шундай гаплар чиқади. Идданинг ҳукмини Аллоҳ таоло далили билан Қуръонда марҳамат қилган. Ўлимдан кейин тўрт ою ўн кун.وَالَّذِينَ يُتَوَفَّوْنَ مِنكُمْ وَيَذَرُونَ أَزْوَاجًا يَتَرَبَّصْنَ بِأَنفُسِهِنَّ أَرْبَعَةَ أَشْهُرٍ وَعَشْرًا  «Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ою ўн кун кутарлар» (Бақара сураси, 234-оят).
Бу ҳукмга ҳадисдан ҳам далил бор:عَنْ حُمَيْدِ بْنِ نَافِعٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنْ زَيْنَبَ بِنْتِ أَبِي سَلَمَةَ، أَنَّهَا قَالَتْ: دَخَلْتُ عَلَى أُمِّ حَبِيبَةَ زَوْجِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم حِينَ تُوُفِّيَ أَبُوهَا أَبُو سُفْيَانَ بْنُ حَرْبٍ، فَدَعَتْ بِطِيبٍ فِيهِ صُفْرَةٌ خَلُوقٌ، أَوْ غَيْرُهُ، فَدَهَنَتْ مِنْهُ جَارِيَةً، ثُمَّ مَسَّتْ بِعَارِضَيْهَا، ثُمَّ قَالَتْ: وَاللهِ مَا لِي بِالطِّيبِ مِنْ حَاجَةٍ، غَيْرَ أَنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَقُولُ عَلى الْمِنْبَرِ: «لَا يَحِلُّ لِامْرَأَةٍ تُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ، أَنْ تُحِدَّ عَلَى مَيِّتٍ فَوْقَ ثَلَاثِ لَيَالٍ، إِلَّا عَلَى زَوْجٍ أَرْبَعَةَ أَشْهُرٍ وَعَشْرًا». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ  Ҳумайд ибн Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Зайнаб бинти Абу Салама айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Умму Ҳабибанинг олдиларига кирдим. Ўша пайт унинг отаси Абу Суфён ибн Ҳарб вафот этган кунлар эди. У сариқ рангли бир қоришма ёки бошқа хушбўй нарса келтиришларини сўради. Ундан бир қизчага суртиб кўрди-да, кейин ўзининг икки юзига суртиб туриб:
«Аллоҳга қасамки, ҳозир хушбўй нарса суртадиган ҳолим йўқ, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбардан туриб: «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёл учун бирор маййит учун уч кундан ортиқ аза тутиши ҳалол эмас. Фақат эрига тўрт ою ўн кун тутади», деганларини эшитган эдим», деди».
Бешовлари ривоят қилишган. Валлоҳу аълам!

12 Май 2022, 00:12 | Савол-жавоблар | 161 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar