Фарзанд кимнинг ихтиёрида

Ассалому алайкум! Ота-она ажрашган вақтида малумки эмизикли бола онанинг қўлида қолади. Умуман олганда фарзанд отанинг ихтиёри ва қарамоғида бўлмоғи керакми ёки онанинг? Фарзандга ким ҳақлироқ ҳисобланади?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Эр-хотин ажрашгандан кейин, бошқа эрга тегмаса эмизукли бола онасининг қарамоғида қолиши ҳақида уламолар хилоф қилишмаган. عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ امْرَأَةً قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّ ابْنِي هَذَا كَانَ بَطْنِي لَهُ وِعَاءً وَثَدْيِي لَهُ سِقَاءً وَحِجْرِي لَهُ حِوَاءً وَإِنَّ أَبَاهُ طَلَّقَنِي وَأَرَادَ أَنْ يَنْتَزِعَهُ مِنِّي فَقَالَ لَهَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَنْتِ أَحَقُّ بِهِ مَا لَمْ تَنْكِحِي. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир аёл:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу ўғлим учун қорним жой бўлган эди, икки кўкрагим сув идиш бўлган эди, қучоғим муҳофазачи бўлган эди. Энди эса, отаси мени талоқ қилиб, уни мендан тортиб олмоқчи», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Модомики никоҳланмасанг, сен унга ҳақ-лироқсан», дедилар».
Абу Довуд, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.
Шарҳ: Боланинг ота-онаси ажрашган пайтда у кимнинг қарамоғида бўлади? Бу бола гап тушуниб, саволга жавоб берадиган бўлгунчаликдир.
Ушбу ҳадисда талоқ қилинган она бошқа эрга тегмаса, кичик бола унинг қарамоғига берилиши ҳақида ҳукм қилинмоқда.
Бу ҳукмни жумҳури уламолар бир овоздан қабул қилганлар. Ҳанафий мазҳаби бунга зиёда қилиб, қариндош одамга эрга тегса ҳам болани қарамоғига олиш ҳаққи аёлда қолади, деган.
Ёш болани ўз қарамоғига олиш масаласи уламоларимиз томонидан атрофлича ўрганилган ва унга тегишли ҳукмлар фиқҳ китобларимизда батафсил баён қилинган. Биз қисқача қилиб, бош масалаларни эслаб ўтамиз.
Ёш болани қарамоғига олиш–уни зарарли нарсалардан муҳофаза қилиш, уни тозалаб, едириб-ичириб, кийинтириб, роҳати учун керакли нарсалар ила таъминлаб, тарбиялашдан иборат.
Ёш гўдакни ўз қарамоғига олишга энг ҳақли киши бошқа эрга тегмаслик шарти ила онаси эканини ва ундан кейин кимлар бўлишини юқорида ўргандик.
Лекин болани ўз қарамоғига олувчи кишида бир неча шартлар мавжуд бўлиши шарт:
1. Оқил бўлиши керак.
2. Балоғатга етган бўлиши керак.
3. Диндан чиққан, муртад бўлмаслиги керак.
4. Фосиқ, ишончсиз бўлмаслиги керак. Баъзи фисқ-фужур ишларни қиладиган, ўғри, бетайин, раққоса кабилар ёш болаларни ўз қарамоғига олишга ҳақли эмаслар.
5. Болани қаровсиз қолдирмаслиги керак. Агар қаровсиз қолдирадиган бўлса, қарамоғига олиш ҳақидан маҳрум қилинади.
6. Ота камбағал бўлиб, она ажрсиз тарбия қилишдан бош тортса, ажрсиз тарбия қилишни хоҳлаган яқин аёл қариндош болани ўз қарамоғига олади.
Ўғил бола етти ёшгача, қиз бола тўққиз ёшгача она ёки унинг ўрнини босадиган аёл киши қарамоғида бўлади. Ундан сўнг отанинг қарамоғига ўтадилар.
Ёш болани қарамоғига олиб тарбия қилаётган аёл боланинг отасидан, отаси бўлмаса, унинг нафақаси вожиб бўлган кишидан ажр ҳақи олади. Бу боланинг нафақасидан ташқари ҳақдир. Яъни, ёш болани тарбия қилиш учун кетадиган хизмат ҳақидир. (“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

12 Май 2022, 02:45 | Савол-жавоблар | 188 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar