Дарахтни кесиш ҳақида ҳадис

Ассалому алайкум! Бизлар бир жойга уй қуриш учун бетон қуришга бордик ва ҳалақит қилгани учун ўрик ва тут дарахтларини чопиб қўпориб ташладик. Шунда бир тариқатчи одам келди ва сухбат асносида ҳўл дарахтни мевали ёки сояли дарахтни чопиб бўлмайди агар чопиш керак бўлса ўнта одам ўнта қоғозга дарахт қуриган деб гувоҳлик бериши керак шунда чопча бўлади деди. Бизлар далил сўрасак айтмайди. Ҳўл дарахтни чопган юзи билан дўзахга киради деган ҳадис бор деди. Ҳақиқатдан шундай ҳадис борми? Яна айтдики тут дарахти ва туя ҳайвони 20 йил яшаса авлиё даражасига етаркан ва қиёмат куни Аллоҳ уларни гувохлигини қабул қилармиш. Бизларга айтдики сизлар тутни чопиб авлиёни ўлдирганлик гуноҳини олдинглар деди. Шу гапи тўғрими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! У тариқатчи одамни ҳамма гапи ҳам тўғри эмас. Ҳақиқатда у киши айтганга ўхшаш ҳадис ворид бўлган. عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ حُبْشِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ قَطَعَ سِدْرَةً صَوَّبَ اللهُ رَأْسَهُ فِي النَّارِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ Абдуллоҳ ибн Ҳубший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким сидрни кесса, Аллоҳ унинг бошини дўзахга тўғрилайди», дедилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Сидр - дарахтнинг номи. Бу ҳадиси шарифда одамларга фойда берадиган дарахтни бефойда кесиш ҳақида сўз кетмоқда. Ҳаммага маълум сабабларга кўра, фойда олиш учун ўзининг ҳақи бор дарахтларнигина кесиш мумкин.
Ушбу ҳадиси шарифдан Исломнинг наботот оламига қанчалик аҳамият берганини билиб олсак бўлади. Дарахтни беҳуда кесиш туфайли бир кишининг дўзахи бўлиши - осон иш эмас. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).
Ҳадиси шарифдан хулоса қиладиган бўлсак, одамларга фойдаси тегиб турадиган дарахт ва ўсимликларни беҳуда кесиб ташлаш мумкин эмас. Хусусан кўчалардаги кўпчиликнинг ҳақи бўлган дархтлар бўлса, бугунги кунда мутасадди тарафлардан рухсат олиб кесиш керак бўлади. Агар дарахт ўзининг ерида ва ўзининг мулки бўладиган бўлса, уй қуриш ёки шунга ўхшаган зарурат учун кесилса зарари йўқ.
Туя ва тут дарахтининг авлиё бўлиши тўғрисидаги гапларнинг ҳеч қандай шаръий асоси йўқ. Валлоҳу аълам!

12 Май 2022, 19:18 | Савол-жавоблар | 147 | Ҳадислар
|
Boshqa savol-javoblar