Тавба Намоз

Ассалому алайкум! Мен деярли 3 йилдан бери намоз ўқийман бундан 1 йил олдин карантинда Шайх Муҳаммад Содиқ устозимизни марузларини эшитиб Аллоҳни зикрида бўлиб иймонга эришдим ва 7ой деярли гуноҳ қилмай ҳар доим иймонда бўладим лекин иймонимни мақтадимни ёки иймонни Аллоҳ розилиги учун қилмаганим учун иймонимдан айрилдимми деб ўйлаябман Нима қилай домла нафсга зарба беролмаяпман ҳаркуни фахшга мункар ишларга ботиб кетдим домла ёрдам беринг.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом!Гуноҳ содир бўлганда умидсизланмасликАгар сендан гуноҳ воке бўлса, у Роббинг-ла мустақим туришинг хосил бўлишидан умидсизланишингга сабаб бўлмасин. Гоҳида ўша нарса сенга такдир қилинган сўнгги гунох бўлиши мумкин.
Баъзи кишилар ўзлари қилиб юрган гуноҳларнинг ҳақиқатини англаб етиб, яхши ният билан тавба қиладилар, сўнг бир муддат яхши ҳолатда бардавом бўладилар. Ўзларининг ҳолидан, ёмонликлардан четланганларидан мамнун бўлиб юрганларида яна бирдан оёқ тойилади, гуноҳ содир этилади. Яна афсус-надоматлар бошланади. Кўнгилдан «Энди тавба қилиб, ўзимни ўнглаб кетаётганимда ёмон бўлдида», деган хаёл ўтади. Шу пайт соф табиати ўзига қайтадида, «Шу охиргиси, энди ҳеч қачон гуноҳга қўл урмайман», дея ўзига ўзи аҳду паймон беради. Яна қайтадан ўзини ибодатга, тақвога ва яхши амалларга уради. Катта-кичик барча гуноҳлардан четланишга ҳаракат қилади. Бу сафар тўғри йўлда мустақим бўлиш анча вақт давом этади, банда ҳам бундан хурсанд. Аммо бирор сабабга кўра шайтон яна қутқу қилиб, қандай қилиб гуноҳга қўл уриб қўйганини банданинг ўзи ҳам билмай қолади. Гуноҳ устида турганида қалб кўзи яна очилади. Аввалгилардан кўра бир неча марта кучли надоматлар бошланади. Банда ўзини ўзи ёмон кўриб кетади. Ноумидлиги янгитдан ўрнига қайтади ва тавба қилиб, иши ўнгланиб кетиши қийинга ўхшаб кўринади. Ана шундай пайтда тавба ҳақида аввал ўзи билмаган бирор маъруза эшитади ёки китоб ўқийди, ёхуд панд-насиҳат олади-да, бандада яна умидворлик учқунлари аланга ола бошлайди. У бу сафар охиргиси, иншааллоҳ, энди охиригача қутулиб кетсам ажаб эмас, дея тавбани яна янгилайди. Янги куч, янги ишонч ва янги ғайрат билан гуноҳлардан четланиб, савобларга ўзини уради. Ишлари кўнгилдагидек давом этади, аввалгига ўхшаб ҳаёлига турли гуноҳлар келмайди. Савоб ишларни қилиш ҳам қийин туюлмай қолади. Ўзидан бошқалар ҳам ундаги ижобий ўзгаришларни мулоҳаза қилиб, гоҳ-гоҳида ёқимли фикрларни изҳор қилиб ҳам туришади. Аммо...
Яна фалокат юз беради. Шунча уринишларга, тиришиб-тирмашишларга қарамай, банда яна гуноҳ тўрига илиниб қолади. Кейин ўзига ва ҳушига келади. Тавбани охирига етказиш қўлимдан келмас экан, деган фикр бошида айлана бошлайди. Фурсат пойлаб турган лаънати шайтон ҳам иғвосини бошлайди: «Ана! Мен сенга «Тавба қилиш осон эмас», демабмидим? Сен бўлсанг ўзингни ўзинг овора қилиб юрибсан. Шунча уринганинг нима бўлди? Ундан кўра маза қилиб юраверсанг бўлмасмиди? Энди англагандирсан?!..»
Ибн АтоуллоҳСакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикмати худди юқорида зикр этилган ҳолатга тушган бандаларга қаратилгандир.
«Агар сендан гуноҳ воқе бўлса, у Роббинг-ла мустақим туришинг ҳосил бўлишидан умидсизланишингга сабаб бўлмасин».
Билиб-билмай гуноҳ қилишинг ёки уни такрорлаб қўйишинг сенинг «Аллоҳ таолонинг динида тўғри туриш қийин иш экан», дея ноумид бўлиб қолишингга сабаб бўлмасин. Мазкур умидсизлик сени яна қайтадан гуноҳларга ружу қўйишга бошламасин.
«Гоҳида ўша нарса сенга тақдир қилинган сўнгги гуноҳ бўлиши мумкин».
Тақдир эса нимадан иборат эканини сен билмайсан. Шунинг учун фақат яхши гумонда бўл ва тавба қилишдан эринма. Аллоҳ таоло гуноҳда бардавом бўлишдан ўзини тийган бандаларнинг тавбасини қабул қилишга ваъда берган.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:
«Ва фаҳш иш ёки ўзларига зулм қилиб қўйганларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар. - Гуноҳларни Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? - Ва билиб туриб, қилган ишларида бардавом бўлмаслар» (135-оят).
Маълумки, тақводорлик мўминларнинг олий даражаси ҳисобланади. Ушбу ўрганаётган ояти каримамизда тақводорларга улкан даражалар ваъда қилинмаётир, балки фаҳш ёки ўзига зулм қилган одамлар ҳам тақводорлар сафидан ўрин олиши мумкинлиги айтилмокда. Бу нимага далолат қилади?Бу Ислом динининг бағри кенглигига далолат қилади. Бу инсоннинг табиатини ниҳоятда чуқур билган Аллоҳ таоло унга, ўзига яраша муомала қилишидан далолат беради. Ҳаёти давомида турли қийинчиликларга, иғво ва чалғитишларга учрайди. Баъзи вақтларда заифлиги тутиб, ҳавойи нафсининг сўзига кириб қўяди. Бундай пайтда дарҳол ўзига келиб, ояти каримада зикр этилаётганидек, «... Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар».
Хўш, бундай кишиларга қандай муносабатда бўлиш керак? «Сен фалон ишни қилиб қўйдинг, бўлди, энди умидингни узавер», дейиладими? Йўқ! Ислом тавба эшигини кенг очиб қўйган. Бандалиги, ожизлиги тутиб баъзи гуноҳларни қилган бўлса ҳам, тақводорлар сафига қўшилиш имкони бор. Фақат бир шарти бор, у ҳам булса,
«... Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар».
 «...Ва билиб туриб, қилган ишларида бардавом бўлмаслар».
Ана шундагина улар тақводорлар сафига қўшилиш имкониятидан маҳрум бўлмайдилар. Аммо тавба қилмасалар ва билиб туриб яна гуноҳларида давом этаверсалар, уларга ҳеч қачон ушбу имконият берилмайди. Демак, билмасдан ёки заифлиги тутиб, бир марта гуноҳ қилиб қўйган одам дарров тавба қилса ва гуноҳдан тўхтаса, шундагина тавбаси қабул экан. Бу қоида мағфират бобидаги барча оят ва ҳадисларга тегишлидир. Баъзи нафсибузуқ одамларга ўхшаб, оғзида «Тавба қилдим», деб қўйиб, қайта-қайта гуноҳ қилаверадиганлар бу ҳукмга кирмайдилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анху ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Гуноҳ қилган ҳар бир мусулмон яхшилаб таҳорат қилиб, икки ракъат намоз ўқиб, сўнгра истиғфор айтса, Аллоҳ албатта уни кечиради», деганлар. Бандада тавба руҳи устун бўлса, гуноҳда қатъий туриш нияти мутлақо йўқ бўлса, умидворлик ҳам йўқ бўлмайди. ("Хислатли ҳикматлар шарҳи" китобидан). Валлоҳу аълам!

13 Май 2022, 04:55 | Савол-жавоблар | 169 | Намоз
|
Boshqa savol-javoblar