Муштлашув ҳақида

Ассалому алайкум! Ёшим 24. Кундалик ҳаётимида бази бир сабабларга кўра одамлар билан низолар келишмовчиликлар бўлиб туради. Айрим одамларнинг адолатсизлик қилишлари ҳаддан ортиб кетади. Жаҳл устида низо муштлашувгача борса. Ҳақ бўла туриб муштлашган инсон ҳам гуноҳкор бўладими? 2) Ўзини химоя қилиб муштлашганчи? Ҳақ бўла туриб жанжални тарк қилган савоб олади деб эшитган эдим, лекин одамларнинг манманлигига, кибрига чидаб бўлмайдиган ҳолатлар ҳам учраб туради.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Шариат ҳаром қилган иш билан тажовуз қилган кишининг қилмишига муносиб жавоб қайтаришга изн берилган. Бошқа ҳолатларда эса афв қилиш афзал ва авлодир. وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، قَالَتْ: مَا خُيِّرَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بَينَ أَمْرَينِ قَطُّ إِلاَّ أَخَذَ أَيْسَرَهُمَا، مَا لَم يَكُنْ إِثْمًا، فَإنْ كَانَ إِثْمًا كَانَ أَبْعَدَ النَّاسِ مِنْهُ، وَمَا انْتَقَمَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لِنَفْسِهِ فِي شَيءٍ قَطُّ، إِلاَّ أَن تُنْتَهَكَ حُرْمَةُ اللهِ، فَينتَقِمُ للهِ تَعَالَى. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки иш орасида ихтиёр берилса, модомики гуноҳ бўлмаса, осонроғини танлаганлар. Агар гуноҳ бўлса, одамларнинг бундан энг узоғи бўлар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун бирор нарсада ҳеч интиқом олмаганлар, фақат Аллоҳнинг тақиқлари оёқости қилинсагина, ўша нарса туфайли Аллоҳ учун интиқом олардилар».
Муттафақун алайҳ.
Аммо шунга ҳам эътибор қилиш керакки, ичи қора, нияти доим ёмонлик бўлган, нонкўр кишилар ҳам бор бўлиб, сиз уларнинг зулмини кечиришингиз уларни янада туғёнга кетишига сабаб бўлади, ёмонликда чўққига чиқишади, сизни гўлликда айблайди. Шундай сифатдаги кимсаларга қарши муносиб жавоб қайтаришга изн берилган. Лекин шунда ҳам афв қилишлик савобли иш бўлиб қолаверади. Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади: وَإِنْ عَاقَبْتُمْ فَعَاقِبُوا بِمِثْلِ مَا عُوقِبْتُمْ بِهِ وَلَئِنْ صَبَرْتُمْ لَهُوَ خَيْرٌ لِلصَّابِرِينَ۝ Агар иқоб қиладиган бўлсангиз, ўзингизга қилинган иқобга ўхшаш иқоб қилинг. Агар сабр қилсангиз, албатта, у сабр қилгувчилар учун хайрлидир.
Агар сизга тажовуз қилганларни иқоб қиладиган бўлсангиз: «...ўзингизга қилинган иқобга ўхшаш иқоб қилинг.» Ошириб юборманг. Ошириб юборсангиз, тажовузкор бўлиб қоласиз. «Агар сабр қилсангиз...» Тажовузкордан ўч олмасангиз, уни афв этсангиз... «...албатта, у сабр қилгувчилар учун хайрлидир.» Ўрни келганда, сабр қилиб ўч олмаслик ҳам хайр бўлиб, Исломга фойда келтириши мумкин.
 (Наҳл  сураси 126-оят). Валлоҳу аълам!

13 Май 2022, 17:29 | Савол-жавоблар | 151 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar