Оқар сувдаги қўйнинг ахлати

Ассалому алайкум! Баъзида ариғимизда қўйнинг ахлати оқаётганини кўраман. Ушбу ариқда кир чайилса кирга қўйнинг ахлати тегса кирни нажосат қилмайдими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! “Кифоя” китобида қуйидагича келади:
Агар унга нажас аралашган бўлса, оқар сув ёки ўнга ўн бўлиб, ҳовучлаб олганда ери очилиб қолмайдиган бўлса, у нажас бўлмайди. Аммо таъмини, рангини ёки ҳидини ўзгартирса, нажас бўлади. Лекин ундай (оқар сув ёки ўнга ўн бўлиб ҳовучлаб сув олинганда ери очилиб қолмайдиган) бўлмаса, нажас тушган сув ҳам нажасга айланади.
Агар кўп туриш ила ўзгарган ёки унга пок нарса аралашган бўлса ҳам.
Сувнинг ҳоли ўзи шуни талаб қилади, чунки сувга турли нарсалар тушиб ёки қўшилиб туриши табиий ҳол. Мисол учун, тупроқ, дарахтларнинг барги, чўпу хаслар ва бошқалар.
Ҳанафий мазҳаби бўйича, сувга суюқ бўлмаган пок нарса аралашса, унинг поклигига зарар етказмайди.
Аммо (аралашган нарса) уни сувлик табиатидан чиқарган ёки (қайнатиб) пишириш ила ўзгартирган бўлса, ўша нарсадан назофа (тозалик) қасд қилинган бўлмаса, (у билан таҳорат қилиб) бўлмайди.
Бу ҳолатларда мазкур сувни таҳоратга ишлатиб бўлмайди.
Тозалик мақсадида сувга баъзи нарсалар қўшиб ишлатилади. Ўша нарсалар сувни ўз табиатидан чиқариб юбормаса, у сувни таҳорат ва ғусл учун ишлатиш мумкин. Масалан, кофур – мусулмон ўлкаларида кенг ишлатиладиган хушбўй модда бўлиб, маййитни ювишда уни сувга қўшиб ишлатилади. Бунда жасад тез қотади ва тез айнимайди.
Агар унга нажас аралашган бўлса, у оқар сув ёки ўнга ўн бўлиб, ҳовучлаб олганда ери очилиб қолмайдиган бўлса, у нажас бўлмайди.  رَوَى الطَّحَاوِيُّ عَنْ جَابِرٍ وَأَبِي سَعِيدٍ قَالَا: كُنَّا مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي سَفَرٍ، فَانْتَهَيْنَا إِلَى غَدِيرٍ فِيهِ جِيفَةٌ، فَكَفَفْنَا وَكَفَّ النَّاسُ، حَتَّى أَتَانَا النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: مَا لَكُمْ لَا تَسْتَقُونَ؟» فَقُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ هَذِهِ جِيفَةٌ، قَالَ: «اسْتَقُوا فَإِنَّ الْمَاءَ لَا يُنَجِّسُهُ شَيْءٌ، فَاسْتَقَيْنَا وَارْتَوَيْنَا Тоҳавий Жобир ва Абу Саъиддан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. Ичида ўлимтик бор ҳовузга етиб бордик. Биз ҳам, одамлар ҳам тўхтаб қолдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга келиб:
«Нимага сув олмаяпсизлар?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Бу ўлимтик», дедик.
«Сув олаверинглар, сувни ҳеч нарса нажас қилмайди», дедилар.
Бас, сув ҳам олдик, ичиб ҳам тўйдик».
Аммо таъмини, рангини ёки ҳидини ўзгартирса, нажас бўлади.
Бунда оқар сув бўлса ҳам, ҳовуз бўлса ҳам, барибир.عَنْ رَاشِدِ بْنِ سَعْدٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الْمَاءُ لَا يُنَجِّسِهُ شَيْءٌ إِلَّا مَا غَلَبَ عَلَى لَوْنِهِ أَوْ طَعْمِهِ أَوْ رِيحِهِ . رَوَاهُ الطَّحَاوِيُّ Рошид ибн Саъддан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сувни ҳеч нарса нажас қилмайди. Илло, унинг рангига, таъмига ва ҳидига ғолиб келган нарсагина қилади», дедилар».
Тоҳавий ривоят қилган.
Лекин ундай (оқар сув ёки ўнга ўн бўлиб ҳовучлаб сув олинганда ери очилиб қолмайдиган) бўлмаса, нажас тушган сув ҳам нажасга айланади.
Демак, мазкур ҳажмдан кичик бўлган ҳовузга нажас тушса, ундаги сув ҳам нажасга айланади. Валлоҳу аълам!

13 Май 2022, 17:54 | Савол-жавоблар | 150 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar