Мулк тақсимлаш

Ассалому алайкум! Менинг ховли уйим (отам рахматли хадия қилган) ва дўконим бор. 2 гектар майдонли боғим бор. 3 та ўғлим, 1 та кизим, аёлим ва онам бор Алхамдулиллах. Фарзандларим оилали, онам эса укам билан яшайди. Боғни отам билан барпо қилганмиз. Дўконда ўзим иш бошлаганман, лекин хозирда боғни ишлари билан бандман. Дўконни аёлим, ўғилларим ва келинларим юритмоқда. Бухгалтерия ишларини эса ўзим қиламан. Эндиликда фарзандларим ўртасида ушбу мулк ва маблағларни тақсимлаб бермоқчиман. Саволим: Хаммасини 7га бўлиб - аёлимга 1 хисса, учта ўғлимга хар бирига 1 хиссадан, онамга 1 хисса ва ўзимга 2 хисса қилиб тақсимласам тўғри бўладими. Қизимга ўзим мурувват қилиб тураман. Оиламда хамма намозхон динни тушунади, лекин онамга улуш беришимга аёлим ва ўғилларим қарши булмоқда. Онам бўлаларимни катта қилишда, уйли бўлишимизда, боғ яратишда кўп ёрдам берганлар. Хозирда 84 ёшда, ёрдамга мухтож. Боғни эса 4га, учта ўғлимга ва ўзимга бўлсам тўғри бўладими. Нотўғри бўлса илтимос тўғри йул кўрсатсангизлар.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Отангизнинг сизга ҳадя қилган ҳовли уйидан бошқа мулклари бўлган бўлса, уни меросхўрлар ўртасида тақсимлаш керак бўлади. Бу мулклардан отангизники бўлганини меросхўрлар ўртасида бўлиб бергандан сизга текканини нима қилсангиз ўзингизга ҳавола. Кимга қанча берасиз, ўзингизнинг хоҳишингиз. Онангизни эзозланг, рози қилинг. Аёлингизга ҳам яхшилик қилинг. Фарзандларингиз орасида эса адолат қилишингиз керак бўлади. Ҳадиси шарифда бу борада шундай дейилган:عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: انْطَلَقَ بِي أَبِي يَحْمِلُنِي إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، اشْهَدْ أَنِّي قَدْ نَحَلْتُ النُّعْمَانَ كَذَا وَكَذَا مِنْ مَالِي، فَقَالَ: «أَكُلَّ بَنِيكَ قَدْ نَحَلْتَ مِثْلَ هَذَا؟» قَالَ: لَا، قَالَ: «فَأَشْهِدْ عَلَى هَذَا غَيْرِي»، ثُمَّ قَالَ: «أَيَسُرُّكَ أَنْ يَكُونُوا إِلَيْكَ فِي الْبِرِّ سَوَاءً؟ قَالَ: بَلَى، قَالَ: «فَلَا إِذًا». وَفِي رِوَايَةٍ: «اتَّقُوا اللهَ، وَاعْدِلُوا فِي أَوْلَادِكُمْ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Отам мени кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, гувоҳ бўлинг, мен Нуъмонга ўз молимдан буни, буни бердим», деди.
«Ҳамма ўғилларингга ҳам шунга ўхшаш нарса бердингми?» дедилар у зот.
«Йўқ», деди.
«Бунга мендан бошқани гувоҳ қил», дедилар ва сўнгра: «Уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилишини истайсанми?» дедилар.
«Ҳа», деди.
«Ундай бўлса, йўқ!» дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар», дейилган.
Бешовлари ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадисга биноан, мусулмон инсон молиявий масалаларда ўз фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак бўлади. Агар тенг имкониятли фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса, адолатсизлик бўлади. Бўлалари орасида ҳиқду ҳасад, фитна кучаяди.
Агар шаръий сабаб бўлса, ота-она ўз бўлаларидан бирига кўпроқ, бошқасига озроқ мол берса бўлади.
Мисол учун, бири бемор, иккинчиси соғ, бири камбағал, иккинчиси бой, бирининг бўлалари кўп, иккинчисиники оз. («Бахтиёр оила» китобидан). Валлоҳу аълам!

13 Май 2022, 19:40 | Савол-жавоблар | 162 | Молия ва тижорат
|
Boshqa savol-javoblar