Динсиз дўстим

Ассалому алайкум! Бир дўстим олдин мусулмон бўлганини ва кегин Аллоҳ борлигига ишонмай қўйганини айтди ва мен унга хар хил мисол ва исботлар билан аниқ фактларни айтсам хам лекин у ишонмаябди, лекин инсон сифатида яхши. Виждоним қийналябди бунақа холда нима қилишим керак? Уни динга қайтаришга яна уринайми ёки Аллоҳ унинг қалбини қулифлаб қўйган, фойдаси йўқми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло "Наҳл" сурасида марҳамат қилади:  ادْعُ إِلِى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُم بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعْلَمُ بِمَن ضَلَّ عَن سَبِيلِهِ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ۝ Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мужодала эт. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ислом даъвати, асослари ва услубларини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у киши орқали даъватчи умматларига баён қилиб бермоқда.
Аввало,
«Роббингнинг йўлига...»
Яъни, даъват Аллоҳнинг йўлига бўлмоғи керак экан. Баъзи шахсларга, гуруҳларга, тоифаларга эмас, фақат холис Аллоҳнинг йўлига бўлиши керак.
Иккинчидан,
«...ҳикмат...»
Демак, даъват ҳикмат билан амалга оширилиши керак. Бунда даъват қилинаётганларнинг ижтимоий, маданий савияси ва бошқа омилларни эътиборга олиб, оғир келмайдиган йўсинда даъват қилиш лозим.
Учинчидан,
«...ва яхши мавъиза ила даъват қил...».
Шунингдек, даъват яхши мавъиза орқали йўлга қўйилмоғи керак. Кишиларни қизиқтириш, рағбатлантириш учун чиройли сўз ва гапларни топиб гапириш зарур бўлади. Уларни нафратлантирмаслик лозим.
Тўртинчидан,
«...ва улар ила гўзал услубда мужодала эт...».
Ҳар бир даъватчи кишилар билан гўзал услубда мунозара қилиши керак. Аллоҳнинг йўлига даъват, аввало, фикрий ҳаракатдир. Фикрий ҳаракат бор жойда мунозара бўлиши турган гап. Ислом даъватчиси мунозарани ғоятда гўзал услубда олиб боришга тайёр бўлиши керак. У рақиби билан талашиб, тортишиб, бақир-чақир, уруш-жанжал этмасдан, рақибининг таъбига йўл топиб, унга қаноат ҳосил қилдириб, ўзи сезмаган ҳолда Исломга мойил бўлиб қоладиган даражада усталик билан мунозара олиб бориши лозим.
Бешинчидан,
«Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир».
Яъни, даъватчи ўз вазифаси даъват қилиш эканини, ҳидоят ва залолат Аллоҳга боғлиқлигини ҳеч қачон унутмаслиги керак.
Исломга даъватнинг асосий қоидалари шулардан иборат. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

13 Май 2022, 20:04 | Савол-жавоблар | 177 | Бошқа ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar