Қарзини қайтаришга ҳаракат қилмаётган(дўппичи)ларга

Ассалому алайкум! Бир дўстимиз бор одамлардан катта миқдорда қарз бўлиб қолган. Шу қаторда мендан ҳам. Қарз бўлишига сабаб уч йил олдин бошига дунёвий мусибат тушиб бир одамдан қарздор бўлган кейин уни қайтаришга ҳаракат қилмай лоқайд бўлиб юраверган. Ҳақдор талаб қилганда бошқа кишидан олиб берган, қўпол қилиб айтганда уни дўпписини бунга кийгазган. Уч йил ичида шу тариқа давом этиб, қарз 2-3 баробарга кўпайиб кетган. Ҳеч қаерда ишламайди, олифта бўлиб кийиниб олган кўрган одам ҳавас қилади, иш таклиф қилсам бирор бахона қилади(қимматга ишла, ёки текинга ишла, ҳеч қачон арзонга ишлама) кам ойлик қониқтирмайди. Шунақа дангаса, ишёқмас, лоқайд йиқитларимизга, насиҳат қилсангиз кўпчиликка зулм қиляпти, одамларнинг айби қарз бергани эмаску ахир. Аллоҳ инсоф берсин.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Аслида уларни бу аҳволга солаётган ҳам ўзимиз. Уларни қаллоб, олифта эканлигини билиб туриб уларга пул бераяпмиз. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида марҳамат қилади. وَلاَ تُؤْتُواْ السُّفَهَاء أَمْوَالَكُمُ الَّتِي جَعَلَ اللّهُ لَكُمْ 5. Аллоҳ сизларга (ҳаёт) тиргаги қилиб қўйган молларингизни эси пастларга берманг.
Ўзи у каби инсонларга пул берувчиларнинг табиатида ҳам бироз бузуқлик бор. Энди ўша дўппи кийдирувчи инсонларга келсак, оммага у инсонни дўппи кийдирувчи бўлиб қолганини эълон қилиш керак. Чунки ҳақдорлар яхши гапириб ўзини ҳаққини олмоқчи бўлсалар аниқки кимнидир дўпписини олиб келиб беришга мажбур. Шариатга кўра эса, ишни аввалидаёқ бор мол мулкини соттирилиб ҳақдорга олиб берилар ва ҳамманинг ичида “Бу шунақа табиати бузуқ инсон” деб эълон қилдирар эди. Ҳозир ҳам ҳақдорлар шу ишни қилишлари керак. Бу шарманда қилиш ёки ғийбат қилишга кирмайди. Аксинча одамларни унинг ёмонлигидан сақлашга киради. Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 18:25 | Савол-жавоблар | 163 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar