Исломни ҳақорат қилганларга қандай чора кўриш керак?

Ассалому алайкум! Ўзга юртда ўқийман. Мусулмон диёри бўлмаганлиги учун, гуруҳимнинг асосий қисми кофирлардан ташкил топган. Менимча иймони бор ҳар бир мусулмонни кўнглини оғритадиган ҳодиса юз берди. Бир кофир бола Аллоҳ исмини ҳазиломуш тарзда ишлатди. Мен унга қарши керакли чора кўрдим, Аллоҳ кечирсин жаҳл устида шайтонга алданган бўлсам. Лекин эртаси куни у бошқа боллар билан мени устимдан кулиш мақсадида видео олди, лекин унда Исломни очиқ ҳақорат қилмаган (кўча тилида теккиздириб гапирган). Мен уларга қарши қандай чора кўришим керакки бошқа бу ҳол ҳеч қайтарилмасин?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Сиз нотўғри иш тутибсиз. Бир инсонни ёмон ишдан қайтариш учун аввал уларни муҳаббатини қозониш керак. Аллоҳ таоло "Анъом" сурасида марҳамат қилади:  وَلاَ تَسُبُّواْ الَّذِينَ يَدْعُونَ مِن دُونِ اللّهِ فَيَسُبُّواْ اللّهَ عَدْوًا بِغَيْرِ عِلْمٍ كَذَلِكَ زَيَّنَّا لِكُلِّ أُمَّةٍ عَمَلَهُمْ ثُمَّ إِلَى رَبِّهِم مَّرْجِعُهُمْ فَيُنَبِّئُهُم بِمَا كَانُواْ يَعْمَلُونَ۝ 108. Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўк¬мангизки, билмасдан, тажовуз ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар. Ҳар бир умматга ўз амалини ана шундай чиройли қилиб кўрсатиб қўйдик. Сўнгра эса қайтишлари фақат Роббларигадир. Бас, У қилиб юрган амалларининг хабарини берур.
Мушриклар Аллоҳни қўйиб, санам ва бутларга ибодат қиладилар. Ушбу ояти каримада мушрикларнинг ўша бутларини ҳақорат қилмаслик буюрилмоқда.
«Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангизки...»
Уларнинг бутларини сўкишдан қайтаришнинг асосий сабаби оятнинг ўзидан англашиляпти:
«...билмасдан тажовуз ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар».
Яъни мусулмон киши мушрикнинг санамини сўкса, бундан ғазабланган мушрик ҳам унга жавобан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони таҳқирлаши мумкин. Бу турган гап. Чунки:
«Ҳар бир умматга ўз амалини ана шундай чиройли қилиб кўрсатиб қўйдик».
Инсоннинг табиати шундай. Қилаётган амаллари унинг ўзига гўзал ва зийнатли кўринаверади. Ҳатто бутун инсоният қабоҳат деб иттифоқ қилган ишни мақташга сўз топади. Шунингдек, мушрикларга ҳам ўз ширклари жуда ҳам зийнатли бўлиб туюлади. Ана шу эътибордан уларнинг бутлари ҳақоратланган чоғда ғазабланишлари мумкин. Мусулмон одам одобли бўлгани учун ҳам бу ишни қилмаслиги керак. Аллоҳга ҳавола қилиб қўяверса, у ёғини Аллоҳнинг Ўзи билади.
«Сўнгра эса қайтишлари фақат Роббларигадир. Бас, У қилиб юрган амалларининг хабарини берур».
Шундай экан, мусулмоннинг кўнгли тўқ бўлсин. Аммо мушриклар ҳар доим янги гап, янги таклифлар топиб турадилар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 22:42 | Савол-жавоблар | 141 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar