Жаннатда одамларни қаноти бўлади деб хулоса қилиш

Ассалому алайкум! Бир устознинг маърузасига биноан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жафар ибн Абу Толибнинг жаннатда икки қаноти бор бўлади дедилар. Шундан хулоса қилиб жаннатда одамларнинг қаноти бўлади деб хулоса қилсак бўладими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! У кишининг икки қўллари Муъта ғазотида кофирлар томонидан кесиб ташланган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эвазига икки қанот берилганини айтганлар. Жаннат ва ундаги неъматлар инсон ақлига сиғадиган даражада эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима деб хабар берган бўлсалар биз уни тан оламиз ва ҳақлигига иймон келтирамиз. عَنِ الشَّعْبِيِّ: أَنَّ ابْنَ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا كَانَ إِذَا سَلَّمَ عَلَى ابْنِ جَعْفَرٍ قَالَ: السَّلَامُ عَلَيْكَ يَا ابْنَ ذِي الْجَنَاحَيْنِ  Шаъбийдан ривоят қилинади:
«Ибн Умар розияллоҳу анҳумо Жаъфарнинг ўғлига салом берса: «Салом сенга, эй қўшқанотнинг* ўғли!» дер эди».
Маълумки, Жаъфар розияллоҳу анҳу Муъта жангида икки қўлидан ажраб, шаҳид бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда: «Аллоҳ Жаъфарга Муътада кесилган икки қўли эвазига икки қанот берди. Унинг жаннатда фаришталар билан бирга учаётганини кўрдим», деб мужда берганлар.  
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ اللهُ: أَعْدَدْتُ لِعِبَادِيَ الصَّالِحِينَ مَا لَا عَيْنَ رَأَتْ، وَلَا أُذُنَ سَمِعَتْ، وَلَا خَطَرَ عَلَى قَلْبِ بَشَرٍ، فَاقْرَءُوا إِنْ شِئْتُمْ:  فَلَا تَعْلَمُ نَفْسٌ مَّا أُخْفِيَ لَهُم مِّن قُرَّةِ أَعْيُنٍ  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ: «Солиҳ бандаларимга кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, бирор инсоннинг кўнглига келмаган нарсаларни тайёрлаб қўйганман», деди. Хоҳласангиз, «Бас, ҳеч бир жон улар учун беркитиб қўйилган кўз қувончларини билмас»ни ўқинг»(“Сажда” сураси 17-оят), дедилар». (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 00:07 | Савол-жавоблар | 133 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar