Соқоллари хўл бўлгунча йиғлаганлари

Ассалому алайкум! Бир куни Убайд ибн Умар иккимиз Ойшани (р.а.) зиёрат қилдик. У биз билан парда ортидан гаплашди. У: «Эй Убайд! Бизни зиёрат қилишингга нима монеълик этади?» деб сўради. Убайд: «Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг: «Қанча кам борсанг, шунча соғинчинг ошади», деган сўзлари, деди. Ибн Умар: «Бизга Расул алайҳиссаломда кўрган ажойиб бир нарса тўғрисида айтиб беринг», деди. Ойша розийаллоҳу анҳу бу гапни эшитиб, йиғлади. «У кишининг қайси ишлари ажойиб эмас экан. Олдимга келган кечаси баданим баданларига тегиб турарди. Шунда ул зот: «Менга ижозат бер, Раббимга ибодат қилайин», дедилар. Сув турган меш олдига бориб, таҳорат олдилар. Сўнг туриб намоз ўқидилар. Қиём пайти соқоллари ҳўл бўлгунча йиғладилар. Саждага бош қўйган пайтда ер ҳўл бўлгунча йиғладилар. Намоздан сўнг Билол бомдод намозига азон айтишга келгунича бироз ёнбошлаб ётдилар. Ҳазрати Билол келганда: «Эй Расулуллоҳ! Сизни нима йиғлатди. Аллоҳ олдинги ва кейинги барча гуноҳларингизни кечирган-ку», деди. У киши: «Эй Билол, сенга вайл бўлсин, мени йиғлашдан нима ҳам тўса олсинки, Аллоҳ таоло бу кеча менга мана бу ажойиб оятни нозил қилди: Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир(Оли имрон сураси, 190-оят). Сизлардан ушбу хадисдаги Пайғамбаримизнинг “Эй Билол, сенга вайл бўлсин” деган сўзлари хақиқатдан хам шундай деганларми ёки бу қўпол тарзда таржима қилинганми шуни сўрамоқчи эдик? Ушбу хадис Имом Ғаззолийнинг Ихёу улумид-дин Тафаккур китобидан олинган.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам башар эдилар. Уларни оғизларидан ҳам ўша даврда инсонлар ишлатадиган сўзлар чиқар эди. Аммо у зот Аллоҳга дуо қилиб “Мен кимни ҳаққида лаънат каби сўзларни айтсам уларни ҳаққига раҳмат қилгин” деб илтижо қилганлар. Бу каби сўзларни саҳобалар ўзлари учун фахр деб билар, дуоибад деб билмас эдилар. عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَمْ يَكُنِ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سَبَّابًا وَلَا فَحَّاشًا وَلَا لَعَّانًا، كَانَ يَقُولُ لِأَحَدِنَا عِنْدَ الْمَعْتَبَةِ: «مَا لَهُ، تَرِبَ جَبِينُهُ  Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сўконғич ҳам, фаҳш сўзловчи ҳам, лаънатловчи ҳам эмасдилар. Бирортамизни койиганларида: «Ўша пешонаси тупроққа ботгурга нима бўлибди?»  дер эдилар».

Изоҳ: «Пешонаси тупроққа ботгур!» жумласи араблар истеъмолида том маънода эмас, балки биздаги «шўри қурсин», «қуриб кетсин», деган ибораларга ўхшаб койиш, таажжуб маъноларида ишлатиладиган бўлиб кетган. Бу иборани ибодатга, намозга ундаш мазмунида, яъни «Пешонаси саждада бўлсин!» деган маънода ҳам тушуниш мумкин. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: اللَّهُمَّ فَأَيُّمَا مُؤْمِنٍ سَبَبْتُهُ فَاجْعَلْ ذَلِكَ لَهُ قُرْبَةً إِلَيْكَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳим! Қайси бир мўминни койиган бўлсам, буни қиёмат куни унинг учун Сенга қурбат қилгин!» деяётганларини эшитганман». (“Олтин силсила” китобидан "Саҳиҳул Бухорий"). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 00:21 | Савол-жавоблар | 141 | Сийрат ва тарих
|
Boshqa savol-javoblar