Илм йўлидаги ҳамрох

Ассалому алайкум! Илм олиш билан биргаликда, нималарга яхши эътибор қилишим керак ва қандай адабиётлардан фойдаланиш керак? Қандай дўстлардан йироқлашиш, қандай дўстларга яқин бўлиш керак? Олдиндан раҳмат.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Аллоҳ нажот топувчилар жумласидан қалби салим зотни зикр қилган. Аллоҳ таоло “Шуаро” сурасида марҳамат қилади: يَوْمَ لَا يَنفَعُ مَالٌ وَلَا بَنُونَ۝ 88. У Кунда на мол ва на ўғиллар манфаат бермас.
Ҳа, у Кунда иймон ва солиҳ амалдан бошқа ҳеч нарса фойда бермайди. إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ۝ 89. Ким Аллоҳ ҳузурига саломат қалб ила келса, мустасно.
Инсоннинг қалби салим бўлиши учун қалбга маълумот олиб кирувчи йўллар кўз, қулоқ, оғиз ва бурун қаттиқ химояда бўлиши керак. Қалб бошқа соф идишлар каби бир идишдир. Тоза идишга нима қуйилса идишда қолганидек кўз, қулоқ, оғиз ва бурундан нима кирса қалбда ҳам ўша нарса қолади ва инсонни ўша қалбга кирган нарса ҳаракатга келтиради. Кўрган ношаръий ишлари ношаръий ишларга, ғибатлар ғийбатга, ёлғонлар ёлғонга, яхшилик, оят, ҳадис ва панду насиҳатлар яхшиликка ундайди. Инсон юқоридаги оятга биноан ўша қалб деган идишни тоза тутишга, саломат ҳолда Роббиси ҳузурига олиб келишга ҳаракат қилиш керак. Илм ўзи асосий мақсад эмас, балки у Аллоҳни розилигига олиб борувчи бир восита холос. Илмнинг ҳар бирига амал қилинмаса ундай илмдан дунёвий бир манфаат кўриш мумкин, аммо охиратда зарарига ҳужжат бўлади. Кўрмайсизми иймон келтирмаган ёки мунофиқ шаклидаги шарқшунос олимлар ҳам кўп(иймонли ва соф эътиқоддагилари мустасно). Уларнинг илмий даражалари ҳам бор, аммо иймон келтирмаганлари учун илмларини охиратларига ҳеч қандай фойдаси йўқ. Қолаверса илм бошқа маълумот бошқа. Илм Ислом уламолари наздида Аллоҳ таоло тарафидан томонидан бериладиган бир нур ва сифатдир. Бу худди кўзга берилган кўриш қобилияти кабидир. Ер юзида халифа бўлишга уч тоифа даъвогар бўлди. Одам, фаришталар ва иблис. Иблис мутакаббирлик қилиб Одам алайҳиссаломга сажда қилмади, Аллоҳнинг имтиҳонидан ўтолмади, кибрида давом этди ва маҳрум бўлди. Фаришталар Аллоҳнинг амрига итоат қилиб Одам алайҳиссаломга сажда қилишди, лекин зоҳирий ҳолатига қараб “Булар ер юзида қон тўкишади ва фасод тарқатишади” деб Аллога ноўрин савол беришди. Аммо хатоларини тушинишиб тавба қилишдабва тавбалари қабул бўлди. Одам алайҳиссалом ҳамма ўринда ўз ожизлиги, тазарруъ ва илтижода бўлди. Бандаликдан бошқа нарсани изҳор қилмади. Одам алайҳиссалом илмига амал қилгандилар илмининг фазилати у кишида намоён бўлди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда илм аҳлиларининг даражотларини юқори қилишни ваъда қилди, ундан аввал иймонни шарт қилди. Иймонсиз илм охиратда асло нажот бермайди. Аллоҳ таоло “Мужодала” сурасида:  يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا قِيلَ لَكُمْ تَفَسَّحُوا فِي الْمَجَالِسِ فَافْسَحُوا يَفْسَحِ اللَّهُ لَكُمْ وَإِذَا قِيلَ انشُزُوا فَانشُزُوا يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ۝ 11. Эй иймон келтирганлар! Агар мажлисларда сизларга «Жой беринг», дейилса, бас, жой беринг, Аллоҳ сизларга ҳам жой берадир. Агар «Туринг», дейилса, турингки, Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни, хусусан, илмга берилганларни даражаларга кўтарур. Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан ўта хабардордир” деб марҳамат қилган. бошқа оятларда эса иймон келтирмаганлар ва мунофиқлар ким бўлишидан ва қанча илм соҳиби бўлишидан қатъий назар норда эканлигини баён қилган. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида:  إِنَّ الْمُنَافِقِينَ فِي الدَّرْكِ الأَسْفَلِ مِنَ النَّارِ وَلَن تَجِدَ لَهُمْ نَصِيرًا۝ 145. Албатта, мунофиқлар оловнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга ёрдамчи топа олмассан” деб марҳамат қилган. Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 03:43 | Савол-жавоблар | 163 | Ақийда
|
Boshqa savol-javoblar