Одам қони нажосатлигига далил

Ассалому алайкум! Мисвар ибн Махрамадан ривоят қилинади: «Тонг ёришган пайтда Ибн Аббос иккимиз Умарнинг олдига кириб, «Эй амирул мўминин, намоз вақти бўлди», дедик. Шунда Умар: «Тўғри, намозни тарк этган кишининг Исломдан насибаси йўқ», дедилар-да, туриб, жароҳатларидан қон оқиб турган ҳолда намозни адо қилдилар». Буни телеграм каналингизда ўқиб қолдим. Жароҳатидан қон оқаётганда намоз ўқиган бошқа саҳоба ҳақида ривоятни билардим. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам шундай қилган эканлар. Умар ибн Хаттоб бу борада фақиҳ бўлганлар, албатта. Мазҳабимиз қавлига кўра қон нажосат бўлгани учун танадан оқса таҳорат кетади. Лекин айнан одам қони нажас эканлигига мазҳабимизда нима далил қилинади?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ваалайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Моида” сурасида марҳамат қилади:  حُرِّمَتْ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةُ وَالْدَّمُ وَلَحْمُ الْخِنْزِيرِ وَمَا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللّهِ بِهِ وَالْمُنْخَنِقَةُ وَالْمَوْقُوذَةُ وَالْمُتَرَدِّيَةُ وَالنَّطِيحَةُ وَمَا أَكَلَ السَّبُعُ إِلاَّ مَا ذَكَّيْتُمْ وَمَا ذُبِحَ عَلَى النُّصُبِ وَأَن تَسْتَقْسِمُواْ بِالأَزْلاَمِ ذَلِكُمْ فِسْقٌ الْيَوْمَ يَئِسَ الَّذِينَ كَفَرُواْ مِن دِينِكُمْ فَلاَ تَخْشَوْهُمْ وَاخْشَوْنِ الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الإِسْلاَمَ دِينًا فَمَنِ اضْطُرَّ فِي مَخْمَصَةٍ غَيْرَ مُتَجَانِفٍ لِّإِثْمٍ فَإِنَّ اللّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ۝ 3. Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузишдан ўлган, йиртқич еган ҳайвонлар – магар (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз (ҳалол) – ва бутларга сўйилган ҳайвонлар ҳамда чўплар ила фол очишингиз ҳаром қилинди. Бу фисқдир. Бугунги кунда куфр келтирганлар динингизга зарар етказишдан умид уздилар. Улардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар. Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим. Кимки гуноҳга мойил бўлмаган ҳолида қаттиқ очликда мажбур бўлиб қолса, албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.
Ушбу ояти каримада ҳаром қилинган қон барча қонларга тааллуқлидир. У инсонники бўладими ёки бошқа жонворларники бўладими фарқи йўқ. Умар розияллоҳу анҳу қон оқиб турганда намоз ўқишлари мазҳабимизга асло зид эмас. Чунки соҳиби узр кишининг олди-орқасидан нажосат чиқиб турса ҳам соҳиби узр даражасида бўлса намоз ўқийверади. Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 03:54 | Савол-жавоблар | 156 | Таҳорат
|
Boshqa savol-javoblar