Ўзига дам солмаганлар

Ассалому алайкум! Азиз устозлар, жаннатга сўроқ саволсиз кирадигонлар ҳақидаги ҳадисда, улар (уларни сифатлари ҳақида) ўзларига дам солмайди,  дам ҳам солдирмайди, дeйилган экан. Буни қандай тушуниш мумкин? Аниқроғи шу ҳадисни ўқигандан кeйин, масалан, фалақ, наас суралари билан ҳам ўзимга дам солмайдиган бўлиб қолдим. Уларни дуода ўқийман, лeкин дам солишга ўхшаб қолмаслигига ҳаракат қиламан. Шу тўғрими? Дам солиш ҳақидаги бошқа ҳадисларчи?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! У ерда ножоиз дам солиш ирода қилинган. Суннатдагига мувофиқ дам солишда зарар йўқ.عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَرَجَ عَلَيْنَا النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمًا فَقَالَ: عُرِضَتْ عَلَيَّ الْأُمَمُ، فَجَعَلَ يَمُرُّ النَّبِيُّ مَعَهُ الرَّجُلُ، وَالنَّبِيُّ مَعَهُ الرَّجُلَانِ، وَالنَّبِيُّ مَعَهُ الرَّهْطُ، وَالنَّبِيُّ لَيْسَ مَعَهُ أَحَدٌ، وَرَأَيْتُ سَوَادًا كَثِيرًا سَدَّ الْأُفُقَ فَرَجَوْتُ أَنْ يَكُونَ أُمَّتِي، فَقِيلَ: هَذَا مُوسَى وَقَوْمُهُ، ثُمَّ قِيلَ لِي: انْظُرْ فَرَأَيْتُ سَوَادًا كَثِيرًا سَدَّ الْأُفُقَ، فَقِيلَ لِي: انْظُرْ هَكَذَا وَهَكَذَا، فَرَأَيْتُ سَوَادًا كَثِيرًا سَدَّ الْأُفُقَ، فَقِيلَ: هَؤُلَاءِ أُمَّتُكَ، وَمَعَ هَؤُلَاءِ سَبْعُونَ أَلْفًا يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ بِغَيْرِ حِسَابٍ، فَتَفَرَّقَ النَّاسُ وَلَمْ يُبَيِّنْ لَهُمْ، فَتَذَاكَرَ أَصْحَابُ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالُوا: أَمَّا نَحْنُ فَوُلِدْنَا فِي الشِّرْكِ وَلَكِنَّا آمَنَّا بِاللهِ وَرَسُولِهِ، وَلَكِنْ هَؤُلَاءِ هُمْ أَبْنَاؤُنَا، فَبَلَغَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: هُمُ الَّذِينَ لَا يَتَطَيَّرُونَ، وَلَا يَسْتَرْقُونَ، وَلَا يَكْتَوُونَ، وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ. فَقَامَ عُكَّاشَةُ بْنُ مِحْصَنٍ فَقَالَ: أَمِنْهُمْ أَنَا يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: نَعَمْ، فَقَامَ آخَرُ فَقَالَ: أَمِنْهُمْ أَنَا؟ فَقَالَ: سَبَقَكَ بِهَا عُكَاشَةُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ. وَلَفْظُ مُسْلِمٍ: فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ، ادْعُ اللهَ أَنْ يَجْعَلَنِي مِنْهُمْ، قَالَ: اللَّهُمَّ اجْعَلْهُ مِنْهُمْ، ثُمَّ قَامَ آخَرُ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، ادْعُ اللهَ أَنْ يَجْعَلَنِي مِنْهُمْ قَالَ: سَبَقَكَ بِهَا عُكَّاشَةُИбн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар-да:«Менга умматлар кўрсатилди. Бир набий бир одам билан, яна бир набий икки одам билан, яна бир набий бир гуруҳ билан, яна бир набий у билан ҳеч ким йўқ ҳолда ўта бошладилар. Уфқни тўсган катта тўп одамларни кўрдим. Умматим шу бўлишини умид қилдим. «Бу Мусо ва унинг қавмидир», дейилди. Сўнгра менга «Назар сол», дейилди. Қарасам, уфқни тўсган катта тўп одамлар. Менга «Ундай қара, бундай қара», дейилди. Шу пайт катта тўп одамларни кўрдим. Шунда менга «Ана ўшалар сенинг умматингдир. Улар билан бирга етмиш минг жаннатга ҳисобсиз кирурлар», дейилди. Бас, одамлар тарқалиб кетдилар. У зот уларга баён қилиб бермадилар. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўшани биргаликда ёдга олишди:«Биз ширкда туғилдик. Лекин Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирдик. Аммо анавилар авлодларимиз бўлса керак», дейишди. Бу гап Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. Шунда у зот:«Улар шумланмайдиганлар, дам солишни талаб қилмайдиганлар, тамға қиздириб босмайдиганлар ва Роббиларига таваккал қиладиганлар», дедилар. Бас, Уккоша ибн Меҳсон ўрнидан туриб:«Эй Аллоҳнинг Расули, мен ўшаларданми?» деди. «Ҳа», дедилар. Шунда бошқа бир одам туриб:«Мен ҳам ўшаларданми?» деди. «Уккоша уни сендан илгари олволди», дедилар».Икки шайх ва Термизий ривоят қилган. Муслимнинг лафзида:«Бир киши:«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг. Мени ҳам ўшалардан қилсин», деди. Шунда у зот:«Эй Аллоҳим, уни ҳам ўшалардан қилгин!» дедилар. Кейин бошқа бир одам туриб:«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг. Мени ҳам ўшалардан қилсин», деди. Шунда у зот: «Уккоша уни сендан илгари олволди», дедилар» дейилган. Шарҳ: Саҳобаи киромларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир оғиз бўлса ҳам сўз эшитиш, ўз илмларини орттиришга иштиёқлари ниҳоятда зўр эди. Бу мақсад йўлида улар турли услубларни қўллар эдилар. Аксар ҳолларда Масжиди Набавийда ўтириб, у зотнинг ҳужраи саодатдан чиқишларини кутар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу нарсани яхши билганлари учун иложи борича саҳобаларга кўпроқ таълимотларни етказишга ҳаракат қилар эдилар. Ушбу ривоятда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ана шундай илмий суҳбатлардан бири ҳақида маълумот бермоқдалар. «Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар-да» Яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраларидан масжидга чиқиб, саҳобалар тўпланиб ўтирган жойга келиб, сўз бошладилар. «Менга умматлар кўрсатилди». У зотга тушларида ўтган умматларнинг ҳаммалари кўрсатилган экан. «Бир набий бир одам билан» Аллоҳ таоло юборган набийлар ичида фақат бир киши эътироф қилиб, иймон келтирган зотлар ҳам бўлган экан. «Яна бир набий икки одам билан» Аллоҳ таоло юборган набийлар ичида фақат икки киши эътироф қилиб, иймон келтирган зотлар ҳам бўлган экан. «Яна бир набий бир гуруҳ билан» Аллоҳ таоло юборган набийлар ичида фақат бир гуруҳгина одамлар эътироф қилиб, иймон келтирган зотлар ҳам бўлган экан. «Яна бир набий у билан ҳеч ким йўқ ҳолда ўта бошладилар». Аллоҳ таоло юборган набийлар ичида ҳеч ким иймон келтирмагани ҳам бор экан. «Шу пайт катта тўп одамларни кўрдим». Яъни, ниҳоятда кўплигидан ҳамма ёқни тўсиб келаётган катта тўп кўринди. Уларнинг кўплигига ҳавас қилиб: «Умматим шу бўлишини умид қилдим». Яъни «Мана шу ҳамма ёқни тўсиб келаётган катта тўп одамлар менинг умматим бўлса эди», деб орзу қилдим. Лекин фаришталар томонидан менга: «Бу Мусо ва унинг қавмидир», дейилди». Демак, Мусо алайҳиссаломнинг умматлари ҳам кўп бўлар экан. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ўй билан турганларида фаришталар томонидан: «Сўнгра менга «Назар сол», дейилди. Қарасам, тўсган катта тўп одамлар». Яъни ҳалигидан бошқа бир, кўплигидан ҳамма ёқни тўсиб, гуриллаб келаётган катта тўп кўринди. Бу тўп аввалгидан чандон-чандон кўп эди. «Менга «Ундай қара, бундай қара», дейилди».  Яъни «У тарафга қара, бу тарафга қара», деб, ҳар тарафларга ишора қилинди. «Тўсган катта тўп одамларни кўрдим». Яъни, ҳалиги одамлар шу даражада кўп эдики, улар ўзларининг кўплиги билан ҳамма ёқни тўсиб қўйган эдилар. «Шунда менга «Ана ўшалар сенинг умматингдир. Улар билан бирга етмиш минг жаннатга ҳисобсиз кирурлар», дейилди».  Яъни «Мана шу ўзларининг кўплиги билан тўсиб қўйган одамлар сенинг умматингдир. Улар билан бирга яна етмиш минг киши қиёмат куни ҳисоб-китобсиз жаннатга кирадилар». «Бас, одамлар тарқалиб кетдилар». Яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги гапларни айтганларидан кейин илмий мажлис тугаб, одамлар уйларига тарқаб кетдилар. «У зот уларга баён қилиб бермадилар».  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша суҳбатда ҳозир бўлган кишиларга ҳалиги тўпдаги одамлар қандай, улар билан қиёмат куни жаннатга ҳисоб-китобсиз кирадиган етмиш минг одам кимлар эканлигини батафсил тушунтириб бермадилар. «Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўшани биргаликда ёдга олишди: Яъни бошқа бир ўтиришда саҳобаи киромлар ўша жаннатга ҳисобсиз кирадиган одамлар ҳақида эслаб, сўз очишди. «Биз ширкда туғилдик. Лекин Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирдик. Аммо анавилар авлодларимиз бўлса керак», дейишди».  Яъни «Жаннатга ҳисобсиз кирадиганлар бизнинг авлодларимиз бўлса керак. Чунки улар Исломда туғиладилар, ўсадилар, яшайдилар ва ўладилар». «Бу гап Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. Шунда у зот: «Улар шумланмайдиганлар, дам солишни талаб қилмайдиганлар ва тамға қиздириб, босмайдиганлар ва Роббиларига таваккал қиладиганлар», дедилар».  Демак, жаннатга ҳисобсиз кирадиганлардан бўлиш учун мўмин одам тўрт сифатга эга бўлиши керак экан: 1. «Шумланмайдиган» Яъни «Фалон нарса бўлди, энди ёмонлик етса керак», «Пистон нарса кўринди, у шумқадам эди, энди ишлар чатоқ», каби эътиқодларни қилишдан йироқ бўлиш лозим. «Бу дунёдаги барча яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади», деган қатъий ишонч билан яшашимиз керак. 2. «Дам солишни талаб қилмайдиган» Яъни, жоҳилиятнинг ширкдан иборат дам солишини талаб қилмайдиган, Ислом ижозат берган дам солишни «Ўз-ўзидан шифо беради», деб эътиқод қилмайдиган, балки «Шифо Аллоҳ таоло томонидангина бўлади», деган эътиқодда бўладиган. 3. «Тамға қиздириб босмайдиган»  Бунда ҳам баъзи яраларига тамға қиздириб босиб, даволаганда жоҳилиятдаги каби «Тамға қиздириб босиш шифо берди», деган, Аллоҳ таолога ширк келтиришдан иборат бўлган эътиқодни қилмаслик кўзда тутилган. 4. «Роббиларига таваккал қиладиган» Ҳамма нарсада фақат Аллоҳ таологагина суянадиган. Ана шу тўрт сифатни ўзида мужассам қилган киши жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш минг киши ичида бўлар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу улкан башоратни эшитгандан кейин ҳамма ўзининг ҳам ўша саодатманд кишилар ичида бўлишини орзу қилиб қолди ва: «Бас, Уккоша ибн Меҳсон ўрнидан туриб:«Эй Аллоҳнинг Расули, мен ўшаларданми?» деди. У зот:«Ҳа», дедилар. Шунда бошқа бир одам туриб:«Мен ҳам ўшаларданми?» деди. Бас, у зот:«Уккоша уни сендан илгари олволди», дедилар». Муслимнинг лафзида худди шу маъно дуо сўраш орқали бўлгани билинади. Яъни Уккоша розияллоҳу анҳу ўзининг ўша етмиш минг киши қаторида бўлишини тилаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан дуо сўраган. У зот дуо қилганлар. Ижобат соати бўлгани учун дуолари дарҳол қабул бўлган. Кейинги сўраган одам ўша соатдан кеч қолгани учун унга дуо қилмаганлар. «Бир киши:«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг. Мени ҳам ўшалардан қилсин», деди». Яъни «Мени ҳам ўша жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш минг кишилардан қилсин». Бу киши Уккоша ибн Меҳсон розияллоҳу анҳу эдилар. Шунда у зот: «Эй Аллоҳим, уни ҳам ўшалардан қилгин!» дедилар. Бошқа бир одам туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг. Мени ҳам ўшалардан қилсин», деди».  Ривоятларда бу одам ким эканлиги ҳақида маълумот йўқ. Эҳтимол, сўрови муваффақиятсиз чиққанлиги учун хижолат бўлмасин, деб номи зикр қилинмаган бўлса керак. «Шунда у зот: «Уккоша уни сендан илгари олволди», дедилар». (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 08:28 | Савол-жавоблар | 145 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar