Фарзандга ақийқа қилиш

Ассалому алайкум! Фарзанд туғилганда ақиқасида, ўғил бола бўлса 2 та қўй сўйилади. Қиз фарзанд бўлса 1 та қўй сўйилади дeйишади. Шу тўғрими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! عَنْ أُمِّ كُرْزٍ الْكَعْبِيَّةِ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: عَنِ الْغُلَامِ شَاتَانِ مُكَافِئَتَانِ، وَعَنِ الْجَارِيَةِ شَاةٌ Умму Курз ал-Каъбийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўғил болага икки бир-бирига ўхшаш қўй, қиз болага бир қўй», дедилар». Шарҳ: Албатта, бир фарзанднинг дунёга келиши катта бир ҳодиса. Фақат доимий такрорланиб тургани учун унча аҳамият берилмайди, холос. Бўлмаса, бир боланинг эсон-омон, онаси ҳам соғ қолиб туғилиши буюк ҳодиса. Мусулмонлар орасига янги бир аъзонинг қўшилиши, унинг онасининг соғ қолиши шарафига Аллоҳ таолога ҳар қанча шукр қилинса, ҳар қанча хайр-садақа қилинса, шунча оз. Баъзи ҳолатларда одамлар бу муносабат ила ҳаддан ошиб, дабдабага йўл қўймасликлари учун ёки аксинча ҳолатлар ҳам бўлмаслиги учун шариатда ақийқага нима қилиниши ва у қай миқдорда бўлиши ҳам кўрсатиб қўйилган. «Ўғил болага икки бир-бирига ўхшаш қўй». Яъни янги туғилган фарзанд ўғил бола бўлса, унинг ақийқасига бир-бирига ўхшаш икки қўй сўйиш лозим бўлади. «...қиз болага бир қўй». Уламо аҳлларимиз қиз болага бир қўй сўйиб, ақийқа қилишни «Қизнинг шаънини пастлатиш учун эмас, балки келажакда ота-онаси унга сеп ва бўлажак оиласи учун жиҳозлар қилиб бериши ҳисобга олингани учундир», дейдилар. Баъзи олимлар «Боланинг соғ-саломат бўлиши, синди-чиқдиларга йўлиқмаслиги ҳақида яхши ният рамзи сифатида унинг учун ақийқага сўйилган ҳайвоннинг суяги синдирилмаса, яхши бўлади», деганлар. Ақийқага сўйилган ҳайвоннинг гўшти фақир-мискинларга тарқатиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек, у гўштдан қўни-қўшни ва дояга ҳам берилса бўлади. عَنْ سَمُرَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنْ عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: كُلُّ غُلَامٍ رَهِينَةٌ بِعَقِيقَتِهِ تُذْبَحُ عَنْهُ يَوْمَ سَابِعِهِ وَيُحْلَقُ وَيُسَمَّى. رَوَاهُمَا أَصْحَابُ السُّنَنِ Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир ғулом ақийқаси гаровидир. Унинг учун еттинчи куни сўйилур, сочи олинур ва исм қўйилур», дедилар». Иккисини «Сунан» эгалари ривоят қилганлар. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда янги туғилган фарзандга оид бир неча нарсалар зикр қилинмоқда: 1. «Ҳар бир ғулом ақийқаси гаровидир». Демак, ҳар бир янги туғилган фарзанднинг баъзи бир ишлари унга ақийқа қилишга боғлиқ бўлиб турар экан. Агар ақийқа қилинса, ўша ишлар юзага чиқади, бўлмаса худди гаровга олингандай, юзага чиқмай тураверади. Баъзи уламо аҳлларимиз, жумладан, имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Аъто ал-Хуросонийлар «Ҳар бир фарзанднинг, агар гўдаклигида ўлиб кетса, ота-онасига шафоатчи бўлиши унинг ақийқасига боғлиқдир. Агар унга ақийқа қилинган бўлса, қиёматда жаннат эркатойларидан бўлади ва «Агар жаннатга олдин ота-онам кирмаса, мен кирмайман», деб туриб олади. Шундай қилиб, у ўз шафоати билан ота-онасининг жаннатга киришига сабаб бўлади», деганлар. Имом ал-Лайс ва Довуд аз-Зоҳирий ва бошқалар эса «Янги туғилган фарзанднинг яхши униб-ўсиб, бахтли-саодатли бўлиши унинг ақийқасига боғлиқдир, шунинг учун ақийқа қилиш вожибдир», деганлар. Лекин жумҳури уламо «Ақийқа қилиш суннати муаккада», деганлар. «Унинг учун еттинчи куни сўйилур». Ақийқа фарзанд туғилганининг еттинчи куни, агар еттинчи куни имкони бўлмаса, ўн тўртинчи ёки йигирма биринчи куни қилинади. Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ақийқа еттинчи, ўн тўртинчи ва йигирма биринчи куни сўйилур», деганлар. Агар у кунлари ақийқа қилишнинг имкони бўлмаса, имкони топилганда қилинаверади. Янги туғилган фарзандга ақийқа қилиш отанинг фарзанд олдидаги бурчидир. «...сочи олинур...» Бу иш ҳам фарзанд туғилганининг еттинчи куни амалга оширилади. Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, бу сочга нифос қони теккан бўлади. Шунинг учун ҳам у боладан кетказилиши лозим бўлган нопок, озор берувчи нарсалар қаторига қўшилган. Ўша еттинчи куни олинган соч вазнида кумуш ёки унинг қиймати садақа қилиниши ҳам мазкур озордан халос бўлганлик шукронаси бўлса, ажаб эмас. «...ва исм қўйилур». Янги туғилган фарзандга исм қўйиш ҳам еттинчи куни қилинадиган ишлардан бири. Ҳар бир янги туғилган фарзандга яхши исм қўйиш ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчидир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она бу муҳим ишга алоҳида эътибор ила ёндашмоғи лозимдир. Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмасин. Балки, исми унга зийнат бўлиб турсин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «Исмларнинг яхшиси бандалик ва ҳамдни билдирувчисидир», деганлар. Шунинг учун Аллоҳ таолога бандалик маъносини англатувчи Абдуллоҳ, Абдурраҳмон, Абдуссаттор ва Аллоҳ таолога ҳамд маъносини англатувчи Ҳамидуллоҳ каби исмлар яхши исмлар ҳисобланади. Шунингдек, Пайғамбарларнинг, саҳобаларнинг ва салафи солиҳларимизнинг исмлари яхши исмлар ҳисобланади. Қизларга ҳам ўтган аҳли иймон момоларимизнинг, саҳобия аёлларнинг исмларини ва эзгулик маъносини англатувчи бошқа исмларни қўйиш керак. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Уруш, Хўтик, Абдулуззо каби ноқулай исмли саҳобаларнинг исмларини яхши исмларга алмаштирганлари машҳур. Шунингдек, у зот баъзи саҳобия аёлларнинг исмларини ҳам яхши исмларга алмаштирганлар. Бинобарин, баъзи кишилар ноқулай исмлар билан аталиб қолган бўлсалар, уларни исломий исмларга алмаштириб олсалар, яхши бўлади. عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم عَقَّ عَنِ الْحَسَنِ وَالْحُسَيْنِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا كَبْشًا كَبْشًا. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ. وَلَفْظُ التِّرْمِذِيِّ: عَقَّ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم عَنِ الْحَسَنِ بِشَاةٍ وَقَالَ: يَا فَاطِمَةُ، احْلِقِي رَأْسَهُ وَتَصَدَّقِي بِزِنَةِ شَعَرِهِ فِضَّةً، فَوَزَنَّاهُ فَكَانَ وَزْنُهُ دِرْهَمًا أَوْ بَعْضَ دِرْهَمٍ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга биттадан қўчқор сўйиб, ақийқа қилдилар». «Сунан» эгалари ривоят қилганлар.  Термизийнинг лафзида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасанга бир қўй сўйиб, ақийқа қилдилар ва: «Эй Фотима, унинг сочини олиб, сочи вазнида кумуш садақа қилгин», дедилар. Бас, тортсак, унинг вазни бир дирҳам ёки дирҳамнинг баъзисича чиқди», дейилган. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан ўғил болага, албатта, иккита қўй сўйиб, ақийқа қилиш шарт эмаслиги, битта қўй сўйса ҳам бўлавериши келиб чиқмоқда. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз набираларига биттадан қўчқор сўйганлари шуни кўрсатади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз қизларига хитоб қилиб: «Эй Фотима, унинг сочини олиб, сочи вазнида кумуш садақа қилгин» дейишларидан бунга ўхшаш ишларни оналар қилишлари афзаллиги англашилади. Боланинг сочи вазнида кумуш садақа қилиш мустаҳаб амал бўлиб, боланинг яхши ўсиши учун қилинган яхши ниятнинг белгисидир. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 11:14 | Савол-жавоблар | 186 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar