Аёл-қизлари билим олиши ҳақида

Ассалому алайкум! Бир намозхон инсон отамизга аёлларни ўқитмаслик керак, улар уйда ўтириши лозим деб айтибди. Биз оилада 4 қизмиз, Аллоҳга шукурки, ота-онамиз ҳаммамизни ўқитишган. Ўзим ҳам ҳозир 4-курсда ўқийман. У инсонни айтишича мен ўқимаслигим отам бизни уйда олиб ўтириши ёки турмушга чиқариши лозим экан. Бу Қуръони каримда бор гап дебди. Бу қанчалик тўғри?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! У одам “аёлларни ўқитмаслик керак, Қуръони каримда бор гап” деб Қуръонга ҳам динимизга ҳам туҳмат қилибди. Илм олиш фарз. Ота-она ёки эр рухсат берса аёл-қизлар уйдан ташқарига чиқиб ҳам илм олишлари мумкин. Шариат бундан ман қилмайди.Исломда аёллар ҳуқуқиТурли сабабларга кўра аёллар масаласи Исломга қарши таъна тоши отилишининг асосий нишонларидан бирига айланиб қолган. Ҳатто баъзи мусулмон уламолар «Аёллар масаласи Ислом уммати кўксига санчилган заҳарли ханжардир», деб айтишга мажбур бўлдилар. Бу масала бўйича кўплаб китоблар битилган, мақолалар ёзилган, хутбалар, мавъизалар қилинган.
Албатта, бу масалага ортиқча тўхталишга бизнинг имконимиз йўқ. Иккинчидан, Ислом ўз таълимотларига хилоф қилиш оқибати-да келиб чиққан нотўғри ҳолатга жавоб беришга мажбур ҳам эмас. Энг муҳими, Ислом ҳеч кимнинг ҳимоясига муҳтож ҳам эмас. Фақат тушуна олмай турган кишиларга тушунганлар ёрдам бериш қабилида иш тутиш мумкин, холос. Шу маънода «Аёл киши ва тенг ҳуқуқлилик» номли мақолада бу масалага мавзунинг сиёқига биноан бир оз изоҳ берилган эди. Энди эса яна мавзунинг сиёқига биноан баъзи бир масалаларни баён қилиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлаймиз.
Исломдан олдин аёл киши нафақат ҳуқуқлари поймол қилинишига, балки инсонлик даражасидан маҳрум қилинишга маҳкум қилинган эди.
Мисол учун, Ислом дастлаб пайдо бўлган юрт ва замонда қиз бола туғилган оила мотам тутар ва кейинчалик ор-номус ва иқтисодий қийинчиликка сабаб бўлмасин, деб қизни тириклайин кўмиб юборилар эди.
Қуръони Карим бу одатларни қаттиқ қоралади ва ман қилди. Мусулмон оилаларда қиз бола туғилса, ўғил бола туғилгандан кўра кўпроқ хурсанд бўлиш жорий қилинди. Қизларни яхшилаб тарбия қилганларга ўғил болаларни тарбия қилганларга берилгандан кўра кўп ваъдалар берилди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг учта қизи бўлса-ю, у уларнинг хархашаларига, оғирликларига сабр қилса, Аллоҳ уни уларга кўрсатган раҳми туфайли жаннатга киритур», дедилар.
Бир киши:
«Иккита қизи бўлса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўради.
«Иккита қизи бўлса ҳам», дедилар.
Бир киши:
«Биттта бўлса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўради.
«Битта бўлса ҳам», дедилар».
Яна бир ривоятда: «ёки уч синглиси бўлса-ю», деб келган.
Қизларнинг тарбияси, таълими ва маданияти ҳамда, яшаб, ўсиши учун зарур бўлган ҳар бир нарса отанинг зиммасидаги фарздир. Ота бу фарздан фақат қиз турмушга чиққанидан кейингина озод бўлади, чунки энди бу фарз эрнинг зиммасига ўтган бўлади. Отаси ёки эри йўқ аёлнинг нафақаси акаси ёки унинг ўрнини босувчи бошқа шахсларга вожиб бўлади. Умуман, Исломда аёл киши нафақасиз қолиши мумкин эмас. Қизнинг нафақаси отага, хотинники эрга, сингилники ака-укага, онаники ўғилга вожиб бўлади.
Ислом аёл кишига таълим олиш ва маданий савиясини ошириш ҳаққини берди ва эркакларни бу ишга масъул қилди. Илм талаби эркак-аёлга баробар фарзлигини, қизларига ва сингилларига таълим-тарбия берган киши жаннатга ҳақли бўлишини яхши биламиз. Аммо ушбу иш чўри аёлларга ҳам тегишли эканини ҳаммамиз ҳам билмасак керак.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қай бир кишининг ҳузурида жория бўлса-ю, у унга яхшилаб таълим берса, яхшилаб одоб берса ва сўнгра озод қилиб, унга ўзи уйланса, унга икки ҳисса ажр бўлур», деганлар.
Демак, чўри қизга яхшилаб илм ва маданият ўргатишнинг ажри уни чўриликдан озод қилиш ажрига тенг экан.
Муслима аёллар илм-фан ва маданият соҳасида улкан ютуқларга эришганликлари ҳаммага маълум. Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун мисол ҳам келтирайлик.
Шифо бинт Абдуллоҳ розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ҳафсанинг олдида ўтирган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб қолиб, менга: «Бунга ёзишни ўргатганингдек, намила руқйасини ҳам ўргатмайсанми?» дедилар».
Абу Довуд, Насоий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Олима аёллар вакиласи Оиша онамиз ҳадис ривоят қилиш бўйича иккинчи ўринда турадилар. Улкан саҳобийлар ўзлари билмаган нарсаларини, ҳал қила олмай қолган масалаларини Оиша онамиздан сўрар эдилар. Ўша вақтнинг шароитида бу нарсалар дунё миқёсида катта ўзгаришлар эди.
Муслима аёлнинг жамият, сиёсат ва шариат майдонларида ҳам керагича ўз улуши бўлган. Муслима аёлнинг тўғри фикрини, ҳақ овозини забардаст халифа ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам эшитган, қабул қилган.
Ислом аёлларнинг ҳурмат-эҳтиромини ўрнига қўйиб, аёллик латофатларини сақлаб қолишлари учун, аёллик вазифаларини тўлиқ адо этиш орқали ўз жамиятларига, ватанларига, динларига керакли хизматни адо этишлари учун барча шароитни яратиб берган.
Ислом эркакларга мос бўлган оғир ишларни аёлларга фарз қилмаган, лекин аёлларга хос баъзи ишларни эркакларга хос ишлар ила тенглаштириб, улар билан тенг ажр олишни жорий қилган. Мисол учун, аёлларнинг туғишдаги қийноқларини эркакларнинг душманга қарши жиҳодига тенглаштирган. Бу маънолар ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиққан муслима аёллар шарофати ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баён қилинган.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда зикр қилинишича, Асмоъ бинт Зайд ал-Ансорийя розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен ортимдаги муслима аёллар жамоасининг элчисиман. Улар менинг сўзимни айтадилар ва менинг фикримга ўхшаш фикрдалар: Албатта, Аллоҳ сизни эркак ва аёлларга юборган. Биз сизга иймон келтирдик ва эргашдик. Биз – аёллар жамоаси тутилиб, ўралиб уйда ўтириб қолганмиз. Эркакларнинг шаҳват мавзеси, болаларингизнинг кўтарувчиларимиз. Эркаклар жамоат ва жанозага ҳозир бўлиш ила афзал қилиндилар. Қачон улар жиҳодга чиқсалар, уларнинг молларини муҳафаза қиламиз, болаларини тарбия қиламиз, уларга ажрда шерик бўламизми?!» деди.
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак юзларини ўз саҳобаларига ўгириб қарадилар-да:
«Ўз дини ҳақида ушбу аёлдан кўра яхшироқ савол берган аёлнинг гапини эшитганмисизлар?» дедилар.
«Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди улар.
«Эй Асмоъ, қайтиб бориб, ортингдаги аёлларга билдирки, албатта, сизнинг бирингизнинг яхши эр тутиши, унинг розилигини исташи, мувофиқ бўлганига эргашиши сен зикр қилган нарсаларга тенг келади», дедилар.
Асмоъ ўзига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсалардан севинганидан «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни айтиб қайтиб кетди».
Исломий нуқтаи назарда бола тарбияси, келажак авлодни кўнгилдагидек қилиб етиштириш, оила мустаҳкамлиги аёлларнинг кўчага чиқиб, ўзига мос бўлмаган ишларни қилиб, тўрт-беш танга пул топганидан, аскарлик қилганидан ёки асфалът ётқизганидан афзал ҳисобланади.
Энди аёл кишининг турли соҳаларда ишлаши ҳақида икки оғиз гаплашайлик. Аввало эркак бўлсин, аёл бўлсин, нима учун ишлайди, деган саволни берайлик. Албатта, тирикчилик қилиш учун, яхши маишат ўтказиш учун, деган жавобни оламиз. Ундай бўлса, тирикчилиги ўтиб турган, маишати етарли бўлиб турган аёл кишининг фарзандларини, оиласини ташлаб қўйиб, кўчага чиқиб, ўзига мос бўлмаган ишни қилишига нима ҳожат бор? Баъзилар «Аёл киши ўз меҳнати ила жамияти тараққиётига ҳисса қўшиши керак эмасми?» дейиши мумкин. Уларга «Жамият учун эртаю кеч далада эзилиб меҳнат қилган, пахта териб заҳарланган, боласини эмизадиган сутига заҳар аралашиб чиқадиган аёл фойдалими ёки мазкур оғир ишларни эрига қўйиб, жамият учун фойда келтирадиган фарзандларни яхшилаб тарбиялаб ўстирган, оиласининг мустаҳкамлиги учун жон куйдирадиган аёл фойдалими?» деган қарши савол берилади.
Шу билан бирга, Исломда жамиятга зарур бўлиб қолганда, эркаклар уддасидан чиқа олмай қолганларидагина, аёлларни ҳам ишга таклиф қилиш, ҳатто урушда қатнаштиришга эҳтиёж борлиги эслатиб ўтилади.
Исломда аёлларни туғилганларидан умрларининг охиригача керакли маишат билан таъминлаш эркаклар зиммасига юклатилган, шунингдек, жамият учун зарур бўлган оғир ишларни бажариш ҳам эркакларга юклатилган. Ҳурмат ва эъзозга лойиқ бўлган аёллар эса ишлаш масъулиятидан озод қилинганлар.
Аёлларнинг заруратсиз ишлашларининг яна бир сабаби бор. У ҳам бўлса, иш баҳонаси билан оила доирасида қила олмай юрган ҳаром-хариш ишларини қилиш ёки оддий кўнгилхушликдир. Ваҳоланки, Исломда ҳаром-хариш ишлар мутлақо ҳаром қилингани ҳаммага маълум. Кўнгилхушликка келсак, ишлаб, чарчаб кўнгилхушлик қилгандан кўра ишламай, уйда, оила даврасида ўтириб, қанча кўнгилхушлик керак бўлса, никоҳидаги эри билан қилгани аёлларнинг ўзи учун яхши эмасми?
Яна бир бор таъкидлаш лозимки, Исломда аёл кишининг ишлаши ман қилинмаган, балки бу масала аёл кишининг, унинг оиласининг, жамиятининг манфаатларидан келиб чиқиб тартибга солинган.
Ёш болаларни таълим ва тарбия қилиш, хотин-қизларга тиббий хизматлар кўрсатиш каби ишлар аёлларнинг иши ҳисобланади.
Мутақаддим ҳанафий фақиҳлардан Камолиддин ибн ал-Ҳумам: «Агар аёлнинг хотинларга хос фарзи кифоя ишда ҳунари бўлса, унинг эри (ишга) чиқишидан ман қила олмайди», деганлар.
Шунингдек, аёл киши эрининг ишида ёрдамчи бўлиши, оиласи муҳтож бўлганда ҳалол йўл билан ҳалол меҳнат қилиши жоиз. Яъни ўзи хоҳласа ишлайди, бўлмаса биров уни мажбур қила олмайди. Баъзи уламоларимиз: «Нодир қобилиятга эга бўлиб, жамиятга фойдаси кўп бўлган аёллар ҳам ишлашлари тавсия қилинади», деганлар.
Қолган пайтларда аёл кишини ишлашга мажбур қилиш йўқ. Уни турли йўллар билан ташвиқот қилиб, арзон иш кучи сифатида эзишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аёл-қизларни тонг-саҳарда далага ҳайдаб кетиб, хоҳлаганича ишлатиб, тун қоронғусида қайтариб олиб келишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аёлларни ўзларига мос бўлмаган ишларда ишлатиб, уларнинг аёллик латофати ва оналик қобилиятига футур етказишга ҳам ҳеч ким ҳақли эмас. Валлоҳу аълам!“Иймон” китобидан.

4 Октабр 2022, 22:18 | Савол-жавоблар | 169 | Аёлларга оид масалалар
|
Boshqa savol-javoblar