Нақд ва насия савдоси

Ассалому алайкум! Мен кирмоқчи бўлган ишим ҳақида сўрамоқчи эдим. Ишим маиший техника сотишдан иборат. У ерда маҳсулотлар нақдга арзонроқ, насияга қимматроқ сотилади. Банк билан келишув сабабли маҳсулот насия (кредит)га олинганда бўлиб тўлаш жараёнида маҳсулотнинг асл нархи бизга, қўшимчаси эса банк ҳисобига ўтади. Тўлов кечиктирилса ҳеч қандай фоиз қўшилмайди. Бу ҳолат рибога кирмайдими? Сабаби, сайтингизда “Нақдга арзонроқ насияга қимматроқ сотиш шаръан жоиз” деган жавобни ўқиган эдим.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Товарнинг асл нархини мижознинг номидан банк тўлаб бериб, сўнгра ўша пулни ва “насия эвазига” қўйилган устамани мижоздан бевосита ёки билвосита ундуриб олаётган бўлса бу банк билан мижоз ўртасида рибавий қарз муомаласи бўлаётганини англатади. Бу жоиз эмас. Банк аввал ўзи сизлардан маҳсулотни сотиб олиб, уни қабул қилиб, сўнгра мижозга насияга қимматроққа сотса бу қарз эмас, жоиз насия савдодир. Валлоҳу аълам!

7 Октабр 2022, 16:54 | Савол-жавоблар | 273 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar