Иброҳим сураси 4-оят

Ассалому алайкум! Битта Атеист менга Қуръон фақат Араблар учун тушган ишонмасен Иброҳим сураси 4-оятини ўқиб кўр деди. Шу сурани асл маноси нима? Шуни тушунмаяппан.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ўша атеист динга туҳмат қилибди. Ушбу оятнинг тафсирида бундай дейилган:وَمَا أَرْسَلْنَا مِن رَّسُولٍ إِلاَّ بِلِسَانِ قَوْمِهِ لِيُبَيِّنَ لَهُمْ فَيُضِلُّ اللّهُ مَن يَشَاء وَيَهْدِي مَن يَشَاء وَهُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ۝4. Қайси бир расулни юборган бўлсак, баён қилиб бериши учун, ўз қавми тили ила юборганмиз. Бас, Аллоҳ кимни хоҳласа, залолатга кетказур, кимни хоҳласа, ҳидоятга соладир. У ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир.
Барча пайғамбарларни ўз қавми тили ила юбориш ҳам Аллоҳнинг бандаларига берган неъматидир. Чунки бир қавмга бошқа қавмдан бўлган пайғамбар юборилса, унинг тилини тушуниш қийин бўлар эди. Ҳа, ҳамма пайғамбарлар ўз қавмларига юборилганлар ва уларга ўз қавмларининг тилида ваҳий келган.
Бутун оламларга ва барча қавмларга пайғамбар бўлган Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам ўзларининг тилларида, ўзларининг қавмлари тилида, яъни араб тилида ваҳий келди. Бунинг асосий ҳикматларини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аммо бу ўринда уламоларимиз мулоҳаза қилган ҳикматлардан баъзиларини айтиб ўтиш жоиздир.
Бошқа пайғамбарлар маълум қавмга ва маълум муддатга келган бўлсалар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмларнинг ҳаммасига қиёмат кунига қадар пайғамбар қилиб юборилганлар. У кишининг умрлари чекланган. Шунинг учун динни ҳамма қавмларга ўзлари етказишлари қийин. Шунга кўра, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг охирги динининг таълимотларини ўз қавмларига, қавмлари эса уни бутун дунёга тарқатади. Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Ислом дини араблар яшаб турган ерларга ёйилиб бўлиши билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот топдилар. Исломни дунёнинг қолган қисмига у кишининг қавмлари етказдилар.
Турли макон ва замонларда яшайдиган турли қавмларга бир пайғамбарни турли тиллар билан юбориб бўлмас эди. Аввало, бу ишни адо этиш жисмонан амри маҳол.
Қолаверса, дунёда хилма-хил тиллар жуда кўп. Ҳозирги тиллар ичида Исломнинг илоҳий Китоби бўлмиш Қуръони Карим нозил бўлганидан кейин пайдо бўлганлари ҳам бор. Демак, ҳар бир қавмга ўз тилида ваҳий келиши керак бўлса, кейин пайдо бўлган тилларда сўзлашувчилар нима бўларди?
Қолаверса, тилларнинг имкониятлари ҳам ҳар хил. Шунинг учун Аллоҳ таоло энг бой ва каломининг абадий мўъжиза бўлиб қолишини ҳам кўтара оладиган тилни – араб тилини танлаб, ўша тилда қиёматгача боқий қоладиган Китобини – Қуръони Каримни нозил қилди. Қавмлар, тиллар, лаҳжалар, замонлар алмашаверади, аммо Қуръон мўъжиза бўлиб тураверади. Ундан араб ҳам, ажам ҳам, оқ ҳам, қора ҳам баробар фойда олаверади.
Ҳа, пайғамбар ўзига келган илоҳий таълимотларни одамларга баён қилиб беради. Шу билан унинг вазифаси тугайди. Қолгани Аллоҳнинг ихтиёрида:
«Бас, Аллоҳ кимни хоҳласа, залолатга кетказур, кимни хоҳласа, ҳидоятга соладир».
Қайси банда залолатнинг йўлига кирса, адашиб кетади, қайси банда ҳидоятнинг йўлига юрса, саодатга етади. Ҳар иккиси ҳам Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлади.
«У ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир».
У ҳамма нарсадан устун, одамлар ва ҳаётдаги нарсалар устидан ғолиб ва ҳар бир ишни ҳикмат ила қилувчи Зотдир.
Пайғамбарлар юбориш бўйича умумий қоида баён этиб бўлинганидан кейин, келаси оятларда ўз қавмларига ана шу қоидалар асосида юборилган баъзи пайғамбарлар ҳақида сўз юритилади. (“Тафсири ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

4 Сентабр 2023, 14:37 | Савол-жавоблар | 0 | Ислам
|
Boshqa savol-javoblar