Ота онамни яхши кўрмай қолганман

Ассалому алайкум! Мен 18 ёшдаман ва ўзимни ўзимни кунимни қилиб юраман яъни ота онамдан 17 ёшимдан бери пул олмайман ва шунинг учун ҳам бироз мустақил бўлишга ўрганиб қолганман. Ота онам иккиси ҳам икки турмушли ва эсимни таниганимдан бери мени олдимда катта жанжаллар қилишган ва ҳар доим агар сен бўлмаганингда аллақачон ажрашардик дейишган. Онам оғзига келган сўз билан мени сўкарди ва ҳозир ҳам жанжал бўлиб қолса менга демаган сўзлари қолмайди. Дадам ҳам ҳар жанжалда менга ўлим тилайди ва оқпадар бўб кетасан дейдилар. Жанжаллар асосан мени топган пулим ва дадамни бошқа аёлидан бўлган акаларим билан мени муносабатимни деб юзага келади. Онамни яхши кормай улар билан унчалик яхши чиқишмай қолганимга анча бўлган лекин дадам шу йили яхшироқ пул топишни бошлаганимдан кейин росса коп жанжал чиқарадиган болдилар. Пулимни берсам ҳам бермасам ўзимга ишлатсам ҳам қаердандир асабимга тегадиган гаплар айтадилар ва мен ҳам топганимдан кейин ишлатаманда деб айтаман ва шундан кейин сен пул топаётганинг учун шунақа боб кетдинг деб қаттиқ урушадилар. Кеча ҳам жанжал болди ва оҳири озимни тутиб туролмадим. Ичимдаги бор гапни улардан хафа эканлигимни қаттиқ тонда бақириб айтиб ташладим. Дадам эса бақиришдан сўкиш ва қарғишдан тўхтамади. Саволим шундаки: 1. Мен Аллоҳ мендан буни деб норози бўлишини истамайман ва ота онам қанчалик ноҳақ бўлишмасин мен барибир бақирмаслигим кераклигини биламан лекин буни қандай қилиб жиловлашни билмаяпман. Сиз қандай маслаҳат бера оласиз. 2. Ота онамни умуман яхши кўрмаслигим тўғрими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ислом шариати ота-онанинг қадрини шу қадар юқори кўтарганки, ҳатто Аллоҳга ишонмайдиган кофир-динсиз бўлсалар ҳам уларга ширин сўз айтишни фарзандга вожиб қилган. Сизнинг қилаётган бу муомалангиз оққ бўлишингизга олиб боради. Уларга ҳаргиз совуқ муомалада бўлишга ҳақли эмассиз. Сизни агар қул бозорига олиб чиқиб сотиб юборишганида ҳам уларга қаттиқ гапиришингиз хато бўлар эди. Охиратим куймасин десангиз қилган ишингиз учун улардан кечирим сўраб розиликларини олинг. Ўз жаннатингиз эшикларини вайрон қилманг.عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: الْوَالِدُ أَوْسَطُ أَبْوَابِ الْجَنَّةِ، فَإِنْ شِئْتَ فَأَضِعْ ذَلِكَ الْبَابَ أَوِ احْفَظْهُАбу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, волид (ота-она) – жаннат эшикларининг энг яхшисидир», деганларини эшитганман. Хоҳласанг, уни зое қил, хоҳласанг, муҳофаза қил», деди».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:
«У киши:
«Бир мўмин-мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса – битта эшик очади.
Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, Аллоҳ таоло ундан ўша шахс рози бўлмагунча, рози бўлмайди», деди.
«Ота-она унга зулм қилган бўлса ҳамми?» дейилди.
«Зулм қилган бўлсалар ҳам», деди».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам ота-онага яхшилик қилишнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Унда бу ишнинг охиратда берадиган самараси баён қилинмоқда.
Ота-онасига савоб умидида яхшилик қилиб тонг оттирган мусулмонга Аллоҳ таоло жаннатнинг икки эшигини очиб қўйиши таъкидланмоқда. Онасига яхшилик қилгани учун бир эшикни ва отасига яхшилик қилгани учун яна бир эшикни очиши элатилмоқда.
Ота-онанинг иккиси бўлмай, фақат биттаси қолган бўлса ва фарзанд ўша қолганига савоб умидида яхшилик қилиб тонг оттирса, Аллоҳ таолога унга жаннатдан бир эшик очар экан.
Фарзанд зинҳор ота-онанинг ғазабини чиқармаслиги керак. Чунки:
«Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, Аллоҳ таоло ундан ўша шахс рози бўлмагунча, рози бўлмайди».
Демак, Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигига боғлиқ. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.
Ҳаттоки ота-она фарзандга зулм қилиб турса ҳам, фарзанд уларнинг ғазабига сабаб бўладиган гап-сўз, ҳаракат ва ишларни қилмаслиги матлуб.
Ота-она зулм қилиб турибди, лекин агар фарзанд ўша зулм қилган ота-онанинг ғазабини чиқарган бўлса, Аллоҳ таоло ундан ғазабланар экан. Менга зулм қиляпти, деб ота-онасини норози қилса, Аллоҳ таоло ҳам ўша бандадан норози бўлар экан.
Аммо ота-онанинг розилиги ва норозилиги Аллоҳ таолонинг ҳукмидан ташқарига чиқмаслиги шарт. Яъни, Аллоҳнинг амрига мувофиқ ишларда ота-онага итоат қилинади. Аммо ота-онанинг гапи Аллоҳнинг амрига хилоф бўлса, уларга итоат қилиш вожиб бўлмайди.
Машҳур ҳанафий олимлардан Мулло Али Қори ота-онага зулм қилсалар ҳам яхшилик қилиш ҳақидаги гап борасида «Бу айни камолдир. Аммо жоизликнинг асли эътиборидан хотини билан ажраш ҳақида амр бўлса уни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Агар ота-она қаттиқ озор топсалар ҳам», деган.
Имом Тоҳавий:
«Фарзанд мубоҳ нарсаларда буйсунади. Наҳий қилинган нарсаларда эмас», деган.
Тоҳир Фатаний:
«Агар икковлари дунёвий ишларда унга зулм қилсалар, охират ишларида эмас», деган.
Иззуддин Абдуссалом:
«Фарзандга иккисининг итоати ҳар бир амрда ва ҳар бир наҳийда вожиб бўлмалигига уламолар иттифоқ қилганлар», деган.
Имом Ғаззолий:
«Кўпчилик уламолар ота-онанинг итоати шубҳали нарсаларда вожиблигини айтганлар. Тўлиқ ҳаромда вожиб бўлмайди. Чунки шубҳани тарк қилиш вараъга киради. Ота-онанинг итоати эса мажбурийдир», деганлар.
Уламолар яна қуйидагиларни айтадилар:
«Агар ота-онанинг ҳақига баробарига риоя қилиш мумкин бўлмай қолса, улуғлаш ва эҳтиром маъносида ота устун кўйилади. Чунки, насаб ундандир. Хизмат ва инъом юзасидан онанинг ҳақи устун қўйилади. Мисол учун ота-она ташқаридан кириб келгандан ота учун ўриндан турилади. Фарзанд бирор нарса ҳадия қиладиган бўлса онасидан бошлайди. Фарзанд ота-онадан фақат биттасига нафақа беришга қодир бўлса онасига беради.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Ота-онага яхшилик қилиш зарур эканлиги.
2. Ота-онага яхшилик қилган киши охиратда мукофот олиши.
3. Ота-онага яхшилик қилган кишига жаннат эшикларидан икки эшик очилиши.
4. Ота-онадан бирига яхшилик қилган кишига жаннатдан бир эшик очилиши.
5. Ота-онанинг ғазабини чиқарган одамдан Аллоҳ таолонинг ғазаби чиқиши.
6. Ота-она розилигини топган одам Аллоҳ таолонинг розилигини топиши.
7. Ота-она зулм қилган бўлса ҳам, фарзанд уларга бари бир яхшилик қилавериши лозимлиги. Валлоҳу аълам!

24 Ноябр 2023, 13:31 | Савол-жавоблар | 0 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar