Муҳаррам ойида рўзғор

Ассалому алайкум! Мухаррам ойида уйга рўзғор қилиш қайси кунларга тўғри келади?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Сиз ашуро куни - муҳаррам ойининг 10-куни ҳақида сўраётган кўринасиз.Ашуро куни «Ашуро» сўзи луғатда «ўнинчи кун» деган маънони билдиради. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро номи билан машҳур бўлган.عَنِ الْحَكَمِ بْنِ الْأَعْرَجِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: انْتَهَيْتُ إِلَى ابْنِ عَبَّاسٍ وَهُوَ مُتَوَسِّدٌ رِدَاءَهُ عِنْدَ زَمْزَمَ، فَقُلْتُ لَهُ: أَخْبِرْنِي عَنْ صَوْمِ عَاشُورَاءَ، فَقَالَ: إِذَا رَأَيْتَ هِلَالَ الْمُحَرَّمِ فَاعْدُدْ، وَأَصْبِحْ يَوْمَ التَّاسِعِ صَائِمًا، قُلْتُ: هَكَذَا كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَصُومُهُ؟ قَالَ: نَعَمْ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّҲакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Замзам олдида ридоси устида ёнбошлаб ётган Ибн Аббоснинг ҳузурига бориб:
«Менга Ашуро рўзаси ҳақида хабар бер», дедим.
«Қачон Муҳаррамнинг ҳилолини кўрсанг, санаб бор. Тўққизинчи куни рўза тутган ҳолда тонг оттир», деди у.
Мен:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг рўзасини шундай қилиб тутар эдиларми?» дедим.
«Ҳа», деди у».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аввало ривоят ровийси Ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳу билан танишиб қўяйлик:
Ҳакам ибн Абдуллоҳ ибн Исҳоқ Аъраж ал-Басрий тобеъинлардан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини Ибн Аббос, Ибн Умар, Имрон ибн Ҳусойн, Маъқал ибн Ясор, Абу Бакра, Абу Ҳурайралар орқали ривоят қилдилар. Бу ҳадислар унча кўп бўлмаса ҳам лекин ишончлидир.
Биз танишган ривоятда Ашуро рўзаси Муҳаррам ойининг тўққизинчи куни тутилиши ҳақида сўз кетмоқда. Нима учун бундай эканлиги ҳақида сўз юритишдан олдин бу масалага оид бошқа ҳадисларни ҳам кўриб чиқсак, яхши бўлар, деган умиддамиз.عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: صَامَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّهُ يَوْمٌ تُعَظِّمُهُ الْيَهُودُ وَالنَّصَارَى، قَالَ: فَإِذَا كَانَ الْعَامُ الْمُقْبِلُ إِنْ شَاءَ اللهُ صُمْنَا الْيَوْمَ التَّاسِعَ، فَلَمْ يَأْتِ الْعَامُ الْمُقْبِلُ حَتَّى تُوُفِّيَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَИбн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутдилар ва у куннинг рўзасини тутишга амр қилдилар.
Одамлар:
«Эй Аллоҳниниг Расули, яҳудий ва насоролар бу кунни улуғлайдилар», дейишди. 
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Янаги йил келса, иншааллоҳ, (ўнинчи билан бирга) тўққизинчи куннинг рўзасини (ҳам) тутамиз», дедилар. 
Бас, келаси йил бўлмасдан туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар». 
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Ашуро куни рўзасини тутиб, умматларига ҳам ўша куннинг рўзасини тутишни амр қилганларида баъзи хабардор саҳобийлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга яҳудий ва насороларнинг Ашуро кунини улуғлашларини эслатдилар. Чунки саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яҳудий ва насороларникига ўхшаган ишни қилмасликларини, доимо уларникидан бошқача, Ислом умматига хос иш қилишларини яхши билар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо саҳобаи киромларни бошқа дин эгаларига ўхшашдан, уларга эргашишдан қайтариб келар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларнинг Ашуро куни рўзаси ҳақидаги хабарларини бағрикенглик билан қабул қилиб олдилар. Уни ҳисобга олдилар ва янаги йили яҳудий ва насороларга ўхшаб, Муҳаррам ойининг фақат ўнинчи кунининг эмас, балки уларга хилоф қилиб, тўққизинчи кунининг рўзасини ҳам тутишларини айтдилар. Аммо ўзлари келгуси йилнинг Ашуро куни келмасидан Рафиқи Аълога риҳлат қилдилар.
Лекин гаплари ўз кучида қолди. Барча мўмин-мусулмонлар у зотнинг айтганларини қилиб, Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўзасини тутишга одатландилар.وَعَنْهُ قَالَ: أَمَرَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِصَوْمِ عَاشُورَاءَ يَوْمَ الْعَاشِرِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُЯна ўша кишидан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини ўнинчи куни тутишга амр қилдилар». 
Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Бу амр аввалги ҳадисда зикр қилинган ҳодисалардан олдин бўлган.
Ушбу ривоятлардан чиқадиган умумий хулоса қўйидагича.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини Муҳаррамнинг ўнинчи кунида тутишга амр қилганлар, ўзлари ҳам тутганлар.
Яҳудий ва насоролар бу кунни улуғлашларини билиб қолганларидан кейин ўнинчи кунга тўққизинчи кунни ҳам қўшиб тутишга қарор қилдилар. Лекин ўзлари бу ишни қилмай туриб, вафот этдилар.
Биринчи ривоятда келганидек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳунинг саволига жавобан «Тўққизинчи кунни рўза тутган ҳолингда тонг оттир», деганлари Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўзасини тутиш керак, деганлари, яъни, тўққизинчи кунни, сўнг ўнинчи кунни тутасан, деганлари бўлади. Зотан, Ашуро сўзининг луғавий маъноси «ўнинчи кун» эканлигини аввал ҳам айтиб ўтганмиз.У кун рўзасининг фазли عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ يَوْمُ عَاشُورَاءَ تَصُومُهُ قُرَيْشٌ فِي الْجَاهِلِيَّةِ وَكَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَصُومُهُ، فَلَمَّا قَدِمَ الْمَدِينَةَ صَامَهُ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ، فَلَمَّا فُرِضَ رَمَضَانُ تَرَكَ يَوْمَ عَاشُورَاءَ، فَمَنْ شَاءَ صَامَهُ وَمَنْ شَاءَ تَرَكَهُ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Қурайш жоҳилият даврида Ашуро куни рўзасини тутар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жоҳилият даврида унинг рўзасини тутар эдилар. Мадинага келганларида ҳам унинг рўзасини тутдилар ва тутишга амр қилдилар. Рамазон фарз қилингач, Ашуро куни (рўзаси)ни тарк қилдилар. Бас, ким хоҳласа, тутар, ким хоҳласа, тарк қилар эди». 
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ривоятда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Ашуро куни рўзасининг тарихига оид маълумотларни келтирмоқдалар.
Қурайш мушриклари ҳам Исломдан олдинги жоҳилият даврида Ашуро куни рўзасини тутган эканлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларига ваҳий келиб, Пайғамбар бўлгунларича Ашуро куни рўзасини тутар эканлар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан ке¬йин ҳам бир йил Ашуро рўзасини тутганлар.
Кейин эса ҳижратнинг иккинчи йили Рамазон рўзаси фарз бўлганда Ашуро рўзасини тарк қилиб, Рамазон рўзасини тутганлар. Одамлардан хоҳлаганлари Ашуро рўзасини тутганлар, хоҳламаганлари тутмайдиган бўлганлар.
Шу ерга келиб, Оиша онамизнинг ривоятлари тамом бўлади. Аммо биз аввал ўрганган ҳадисларимиздан кўринадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан бир йил олдин Ашуро рўзасини тутганлар ва тутишга амр қилганлар. Шундай қилиб, бу куннинг рўзаси суннати муаккада бўлиб қолган.عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَدِمَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَدِينَةَ فَرَأَى الْيَهُودَ تَصُومُ يَوْمَ عَاشُورَاءَ، فَقَالَ: مَا هَذَا؟ قَالُوا: هَذَا يَوْمٌ صَالِحٌ، هَذَا يَوْمٌ نَجَّى اللهُ بَنِي إِسْرَائِيلَ مِنْ عَدُوِّهِمْ فَصَامَهُ مُوسَى، قَالَ: فَأَنَا أَحَقُّ بِمُوسَى مِنْكُمْ، فَصَامَهُ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُИбн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийларнинг Ашуро куни рўзасини тутаётганларини кўрдилар ва:
«Бу нима?» дедилар.
«Бу солиҳ кундир. Бу кун Аллоҳ Бани Исроилни душманидан қутқарган кун. Ўшанда Мусо унинг рўзасини тутган», дейишди. 
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен сизлардан кўра Мусога ҳақлироқман», дедилар ва унинг рўзасини тутдилар, тутишга амр қилдилар». 
Учовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан мусулмонлар Аллоҳ юборган олдинги пайғамбарларга уларга эргашишни даъво қилаётганлардан кўра ҳақлироқ эканликларини кўрамиз.
Шу билан бирга, Ашуро куни улуғ кун эканлиги, у кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом бошлиқ Бани Исроилга ўз душманидан нажот берганлигини билиб оламиз.
Шунинг учун ҳам Мусо алайҳиссаломга эргашиб, у куннинг рўзасини тутиш шариатимизга киритилган. Қолаверса, бу иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари қилган ҳамда сиз билан бизларга амр қилинган ишдир.
Шунинг учун ҳар йили Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўзасини тутишимиз лозим.عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ أَهْلُ خَيْبَرَ يَصُومُونَ يَوْمَ عَاشُورَاءَ يَتَّخِذُونَهُ عِيدًا، وَيُلْبِسُونَ نِسَاءَهُمْ فِيهِ حُلِيَّهُمْ وَشَارَتَهُمْ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: فَصُومُوهُ أَنْتُمْ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Хайбар аҳли Ашуро кунининг рўзасини тутар, уни ийд қилиб, аёлларига ўша кунда тақинчоқларини тақтирар, ясантирар эдилар. 
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Сизлар унинг рўзасини тутинглар», дедилар». 
Икки Шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Хайбар» Мадинаи мунавварага яқин жой бўлиб, у ерда яҳудийлар истиқомат қилар эдилар.
Хайбар яҳудийларининг Ашуро куни рўза тутиб, байрам қилишлари у куннинг улуғ кун эканлигидандир. Улар Пайғамбар Мусо алайҳиссаломни улуғлаб рўза тутганликлари аввалги ҳадисда зикр этилган эди.
Бу ҳадисдан эса уларнинг бу куни рўза тутибгина қолмай, ҳайит ҳам қилишларини, аёлларининг ясаниб, тақинчоқларини тақиб юришларини кўряпмиз.
Мусулмонлар Мусо алайҳиссаломга яҳудийлардан кўра ҳақлироқ бўлганларидан у зот қилган ишга, Ашуро рўзасини тутишга амр қилиндилар. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига амал қилган ҳолда ҳар биримиз у куннинг рўзасини тутишга ҳаракат қилишимиз лозим.عَنْ سَلَمَةَ بْنِ الْأَكْوَعِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَمَرَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلًا مِنْ أَسْلَمَ أَنْ أَذِّنْ فِي النَّاسِ، أَنَّ مَنْ كَانَ أَكَلَ فَلْيَصُمْ بَقِيَّةَ يَوْمِهِ، وَمَنْ لَمْ يَكُنْ أَكَلَ فَلْيَصُمْ، فَإِنَّ الْيَوْمَ يَوْمُ عَاشُورَاءَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّСалама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Асламдан бир кишига: «Одамлар ичида ким бирор нарса еган бўлса ҳам куннинг қолганида рўза тутсин, ким емаган бўлса, у ҳам рўза тутсин. Чунки бугун Ашуро куни», деб жар чақиришга амр қилдилар». 
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Аслам – араб қабилаларидан бирининг номи. Аввалги ўрганган ривоятларимиздан маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун яҳудийлар Ашуро рўзасини тутишларини билиб, у рўзани тутишга мусулмонлар ҳақлироқ эканликларига айни Ашуро куни қарор қилганлар. Кўринишидан бу иш эрталаб содир бўлган. Шунинг учун Аслам қабиласидан бўлган кишини жар чақиришга амр қилганлар. Ашуро куни нонушта қилиб олганлар ўша куннинг ҳурматидан кундузнинг қолган қисмида бирор нарса еб-ичмасликка, эрталабдан бирор нарса еб-ичмаганлар эса рўзани ният қилиб олишга амр қилинганлар. Бу иш ҳам Ашуро рўзасини тутиш ниҳоятда аҳамиятли эканлигини кўрсатади.عَنِ الرُّبَيِّعِ بِنْتِ مُعَوِّذٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: أَرْسَلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ غَدَاةَ عَاشُورَاءَ إِلَى قُرَى الْأَنْصَارِ الَّتِي حَوْلَ الْمَدِينَةِ مَنْ كَانَ أَصْبَحَ صَائِمًا فَلْيُتِمَّ صَوْمَهُ، وَمَنْ كَانَ أَصْبَحَ مُفْطِرًا فَلْيُتِمَّ بَقِيَّةَ يَوْمِهِ، فَكُنَّا بَعْدَ ذَلِكَ نَصُومُهُ وَنُصَوِّمُ صِبْيَانَنَا الصِّغَارَ مِنْهُمْ إِنْ شَاءَ اللهُ، وَنَذْهَبُ إِلَى الْمَسْجِدِ فَنَجْعَلُ لَهُمُ اللُّعْبَةَ مِنَ الْعِهْنِ، فَإِذَا بَكَى أَحَدُهُمْ عَلَى الطَّعَامِ أَعْطَيْنَاهَا إِيَّاهُ إِلَى الْإِفْطَارِАр-Рубаййиъ бинти Мўаввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни эрталаб ансорийларнинг Мадина атрофидаги қишлоқларига одам юбориб: 
«Ким рўзадор бўлиб тонг отдирса, рўзасини охирига етказсин, кимнинг оғзи очиқ ҳолда тонг отдирган бўлса, куннинг қолганини (таом емай) охирига етказсин», деб айтдилар. 
Бас, шундан сўнг у (куннинг) рўзасини тутадиган, ёш болаларимизга ҳам, иншааллоҳ, рўза туттирадиган бўлдик. Масжидга бориб, уларга жундан ўйинчоқ қилиб берар эдик. Агар улардан бирортаси таом сўраб йиғласа, ифторгача унга ҳалиги ўйинчоқларни берар эдик».
Шарҳ: Бу ривоятда олдинги ривоятдаги маънога бир неча қўшимчалар қўшилмоқда:
1. Ашуро куни рўза тутишни, таом еб олганлар ҳам кундузнинг қолган қисмида еб-ичмай туришларини эълон қилувчи жарчи ўша куни эрталаб юборилган.
2. Жарчи Мадина атрофидаги ансорийларнинг қишлоқларида ҳам жар солган.
3. Ўша кундан бошлаб, Ашуро рўзасини тутиш одатга айланган.
4. Саҳобаи киромлар Ашуро рўзасини кичкина болаларига ҳам тутдирганлар.
5. Кичкина болалар масжидга олиб борилган.
6. Кичкина болаларга ўйинчоқ ясаб берилган.
7. Рўзадан қорни очиб, йиғлаган болаларга овутиш учун ўйинчоқ берилган. Бундан биз ҳам ўрнак олишимиз керак.وَقَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: مَا رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَتَحَرَّى صِيَامَ يَوْمٍ فَضَّلَهُ عَلَى غَيْرِهِ إِلَّا هَذَا الْيَوْمَ يَوْمَ عَاشُورَاءَ، وَهَذَا الشَّهْرَ شَهْرَ رَمَضَانَ. رَوَاهُمَا الشَّيْخَانِИбн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ саллаллаху алайхи васалламнинг бирор куннинг рўзасини бошқаларидан афзал кўриб, мана шу Ашуро кунидек, мана шу Рамазон ойидек излаганларини кўрмадим».
Иккала ривоятни икки Шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Ашуро куни келар экан, рўзасини тутсам, деб, интиқ бўлиб турар эканлар. Бош¬қа бирор куннинг рўзасини тутиш учун бунчалик интизор бўлиб кутмас эканлар.
Шунингдек, Рамазон ойини ҳам қачон келар экан, рўзасини тутсам, деб, интиқ бўлиб кутар эканлар. Бошқа бирор ойнинг рўзасини тутишни бунчалик интизор бўлиб кутмас эканлар. У кишининг умматлари, яъни бизлар ҳам шундай бўлишимиз лозим.عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: صِيَامُ يَوْمِ عَاشُورَاءَ إِنِّي أَحْتَسِبُ عَلَى اللهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّАбу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ашуро кунининг рўзаси ўзидан олдинги йилнинг каффороти бўлса», деб Аллоҳдан умид қиламан», дедилар». 
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу маънонинг ўзи ҳам Ашуро рўзаси қанчалар фазилатга эга эканлигини кўрсатиб турибди. Бу ҳадисларни чуқур ўрганган уламоларимиз Ашуро рўзасини тутиш суннати муаккада, деган хулосага келганлар. Ана шунга амал қилиб, ҳаммамиз бу куннинг рўзасини тутишга ҳаракат қилмоғимиз лозим.عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ فِي يَوْمِ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ فِي سَنَتِهِ كُلِّهَا. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади», дедилар». 
Тобароний ва Байҳақий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ривоятдаги «кенглик яратиш»дан мақсад ейиш-ичиш, хурсандчилик маъносидаги бемалолликдир. (“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

24 Ноябр 2023, 14:51 | Савол-жавоблар | 0 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar