Онлайн дарсларда ёлғон

Ассалому алайкум! Ҳозирги карантин пайтида дарслар онлайн тарзда бормоқда. Бундай дарсларда ўқитувчи кўрмаяпти деб баъзилар қилмаган вазифасини қилдим деб ҳоҳлаганини қилиб юрипти. Бунинг ҳукми қандай?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ёлғондан қаттиқ сақланиш керак. عَنْ صَفْوَانَ بْنِ سُلَيْمٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: قِيلَ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَيَكُونُ الْمُؤْمِنُ جَبَاناً؟ فَقَالَ: «نَعَمْ». فَقِيلَ لَهُ: أَيَكُونُ الْمُؤْمِنُ بَخِيلًا؟ فَقَالَ: «نَعَمْ». فَقِيلَ لَهُ: أَيَكُونُ الْمُؤْمِنُ كَذَّابًا؟ فَقَالَ: «لَا. رَوَاهُ مَالِكٌИмом Молик ривоят қилган ҳадиси шарифда Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Мўмин қўрқоқ бўладими?» деб сўралди. «Ҳа», дедилар.
«Мўмин бахил бўладими?» деб сўралди. «Ҳа», дедилар.
«Мўмин ёлғончи бўладими?» деб сўралди. «Йўқ», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гарчи бошқа ҳадисларда қўрқоқлик ва бахилликни салбий сифатлар қаторида танқид қилган, улардан четланишга амр қилган бўлсалар ҳам, бу ерда бу икки салбий сифат ёлғонга нисбатан арзимас бир ҳол эканини билдирмоқдалар. Шу билан бирга, ёлғон нақадар катта гуноҳ эканини, ёлғончи одам мўмин бўлолмаслигини таъкидламоқдалар.
Бу фикрни Имом Байҳақий Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис ҳам қувватлайди. Бу ҳадисда:
«Ёлғон иймондан четлатувчидир», дейилади.
Иймон нима, иймонсизлик нима эканининг фарқига борадиган киши учун иймонсизлик нақадар катта бадбахтлик эканлиги маълум. Қўрқоқлик ва бахиллик хусусида сўз юритилганда, айтмоқ лозимки, бу иллатлар кимда мавжуд бўлса, энг аввало ўша одамнинг ўзи зарар кўради. Одатда, Ислом дини ўз эгасидан бошқага зарари кам етадиган ана шу қўрқоқлик ва бахиллик каби гуноҳларга нисбатан жамиятга, халқ оммасига кўпроқ зарари етадиган гуноҳларга катта эътибор беради.
Исломда банданинг ҳаққига зарар етказадиган гуноҳлар қаттиқ қораланади. Аввалги бобларда ҳам таъкидлаганимиздек, ёлғиз Яратганнинг ҳаққи бўлса, ўша маълум бир гуноҳни Аллоҳнинг Ўзи кечириб юбориши мумкин.
Бироқ бандаларга, жамиятга зарар етказилса, ўша зарар кўрган банда ва жамият кечирмагунча, Аллоҳ ҳам кечирмайди. Ёлғон эса кўпчиликка зарар етказадиган мана шундай гуноҳлар қаторига киради.
Демак, бир кишининг ёлғончилиги туфайли неча миллионлаб бегуноҳ кишилар жафо чекар экан.
Демак, ёлғончининг шахсига, жамиятда эгаллаб турган ўрнига қараб, жамиятга келтирадиган зарарининг даражаси, миқдори, кўлами ҳам ўзгариб борар экан.
Ёлғоннинг яна бир жирканч кўриниши  алдамчиликдир. Яъни ўзига ишонган одамни билиб туриб алдаш – унга ёлғон гапиришдир. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улкан гуноҳ деб атаганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал бу ҳақда қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар:
«Энг катта хиёнат сенга ишонган биродарингга ёлғон гапиришингдир».
Ушбу ҳолатларни ҳисобга олиб, Исломда ёлғонга қарши қаттиқ курашилган. Ёлғончилар турли разил сифатлар билан сифатлаб кўрсатилган ва уларга тайинланган жазолар такрор-такрор айтилган.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда ёлғончилик мунофиқликнинг учдан бир қисми сифатида баён қилинган:
«Мунофиқнинг аломати учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, аҳд қилса, алдайди».
Демак, ёлғончилик мунофиқликнинг биринчи ва етакчи сифатидир. Ёлғон гапирган одам мунофиқликнинг учдан бирини қилган бўлади. Албатта, ёлғончи ваъдасида турмайди, аҳдига вафо ҳам қилмайди. Оқибатда бундай одам тўлиқ мунофиқ бўлади. Мунофиқлик эса кофирликдан ҳам ёмонроқдир. Мунофиқлар Қуръони Каримнинг таъбири билан айтганда, жаҳаннамнинг энг тўридан жой оладилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда жумладан, шундай дейилади: Бир одам келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Дўзах амали нимадир?» деб сўради. Расулуллоҳ:
«Ёлғончиликдир. Агар банда ёлғон гапирса, фожирлик қилади, фожирлик қилса, кофир бўлади, кофир бўлса, дўзахга киради», деб жавоб бердилар.
Асбиҳоний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ота-онага яхшилик қилиш умрни зиёда қилади. Ёлғон ризқни қисқартиради. Дуо қазони қайтаради», деганлар.
Ушбу ҳадисда ёлғоннинг бу дунёдаги зарарларидан бири – ризқни камайтириши зикр қилиняпти. Демак, Аллоҳ таоло ёлғончи кишининг уйидан, корхона бошлиғининг корхонасидан, ёлғончи подшоҳнинг юртидан баракотни кўтаради, ризқларини қисқартириб қўяди. Ушбу ҳақиқатни бугунги кун тажрибасида ҳам кўриб турибмиз.
Демак, бу дунёю у дунёнинг бахтига эришмоқчи ва икки дунёнинг азоб-уқубатидан, шармандачилигидан қутулмоқчи бўлсак, ёлғондан қутулишимиз зарур экан. Бу ишда каттаю кичик, эркагу аёл, фуқарою амалдор, шоҳу гадо баробар ҳаракат қилмоғи лозим. Ана шундагина яхшиликдан умид қилсак бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни ёлғончиликдан ва ёлғончиларнинг касридан Ўзи асрасин! Омин! (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). عَنْ قَيْسِ بْنِ أَبِي حَازِمٍ قَالَ: سَمِعْتُ أَبَا بَكْرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ يَقُولُ: إِيَّاكُمْ وَالْكَذِبَ، فَإِنَّ الْكَذِبَ مُجَانِبٌ لِلْإِيْمَانِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ  Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинади:
«Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг «Ёлғондан ҳазир бўлинглар! Албатта, ёлғон иймондан четлатувчидир», деганини эшитдим».
Байҳақий ривоят қилган.  Валлоҳу аълам!

29 Апрел 2022, 08:19 | Савол-жавоблар | 148 | Таълим ва мутаъаллим
|
Boshqa savol-javoblar