Ёқимсиз ҳолат

Ассалому алайкум! Мeн 5 маҳал намоз ўқийман, рўза тутаман, садақа қиламан, нафл намоз ўқийман, умуман ёлғон гапирмайман, жаннатни орзу қиламан, исломни органаман, ҳатто ибодатларимда кўзимга ёш кeлади. Охирги 3-4 кун ичида тинчлигим йўқ. Ҳаёлимга қўрқинчилик фикрлар кeлади. Исломга тeгишли бўлган ҳамма нарсаларга иккиланиб қараябман. Бу нарсалар одамларни бошқариш учун ўйлаб топилган, ҳeч қандай илоҳий нарса йўқ ва шу каби атeистик ҳаёлларга кўмилиб кeтябман. Илтимос мeни бундан қандай чиқиб кетиш йўлларини ўргатинглар.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Одатда баъзи одамлар уйларида қўриқчи итлар боқадилар. Бирор бегона келса, итлар хуриб тўполон қилиб юборишади. Қанчалик жимитишга ҳаракат қилинса, хуриши шунчалик кучайиб бораверади. Уни тўхтатиш учун итнинг эгасига мурожаат қилиш керак бўлади. Эгаси “жим бўл” дейиши билан ит жим бўлади. Худди шунингдек шайтон ҳам Аллоҳ таолонинг итидир. У хуришни бошлаганида уни жимитишга ҳаракат қилган сари қаршилиги кучайиб бораверади. Бундай ҳолатда шайтоннинг Холиқига мурожаат қилиш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мурожаат қилишнинг йўлини ўргатиб, бундай пайтларда “Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожиийм”ни айтиш кераклигини баён қилганлар. Шунда Аллоҳ таолонинг Ўзи уни даф қилади. Машойихлар ҳам “васвасанинг энг яхши давоси унга парво қилмаслик” деганлар. Сизга шунақа фикрлар кела бошлаши билан тезлик билан бошқа ишга машғул бўлишга ҳаракат қилинг. Валлоҳу аълам!

30 Апрел 2022, 03:41 | Савол-жавоблар | 149 | Руҳий тарбия
|
Boshqa savol-javoblar