Талоқ борасида

Ассалому алайкум! Ҳурматли «Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати.  Бундан бир неча йиллар аввал «одноклассники» номли ижтимоий тармоққа кириб, у ерда ўтказиладиган виртуал интеллектуал ўйинларда қатнашардим. У ўйинларда эркаклар ҳам қатнашгани туфайли турмуш ўртоғимга бу қизиқишим маъқул келмай, менга «одноклассники»га киришимни таъқиқлаб, “агар яна кирсанг талоқсан” деганлар.  Мен шу бўйи бу ижтимоий тармоққа кирмадим. Лекин анча йиллар ўтгач Рамазон ойининг қадр кечасида “Иншироҳ” сурасини излаб google га кириб суўов юборганимда, менга бир неча сайтлардан “Иншироҳ” сурасини топиб берди. Мен автоматик тарзда энг биринчи турган сайтга кирдим. Киргач билсам бу сура одноклассники сайти орқали тақдим этилган экан.  Мен хеч қандай гумонсиз сурани кўчириб олдим.  Яна бир неча маротаба турли нарсаларни излаш оқибатида ғайри ихтиёрий ва автоматик тарзда(яъни паролни териб ўз профилимга эмас, айнан мен излаган маълумот тақдим этилган сахифага) бу сайтдан фойдаландим.  Энди орадан вақт ўтиб, шубҳа остида қолдим. Наҳотки менга қилган эҳтиётсизлигим оқибатида талоқ тушган бўлса? Аллоҳдан Ўзи аён беришини сўраб дуо қилиб ухлаб бир туш кўрдим.  Тушимда шайтон менга васваса қилар, мен эса унга бўйсунмаётган эмишман.  Ҳурматли «Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати, илтимос шу вазиятга ойдинлик киритиб берсангизлар. Олдиндан раҳмат.  Аллоҳ барчамиздан рози бўлсин.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Агар сиз ўша сайтга қасддан ёки беихтиёр кирган бўлсангиз ҳам сизга талоқ тушган. Шариатимизда бу каби масалалар томонларнинг жонли мажлисдаги иштирокида, мутахассис аҳли илм томонидан кўриб чиқилади. Сизлар ҳам ўзингизга яқин жойдаги бирон аҳли илмга мурожаат қилинглар. Валлоҳу аълам!

30 Апрел 2022, 18:24 | Савол-жавоблар | 151 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar