Намоздаги масалалар

Ассалому алайкум! Намозга қулоқ қоққандан кейин вақти чиқиб, бошқа номозлар вақти бўлиб қолса ушбу ўқилаётган номоз вақтида ўқиган ҳисобланадими?
2. Номоз вакти чикиб кетгунича кайси амалини бажариб олса шу номоз вактида ўқилган хисобланади?
3. Жума куни пешин номозини кайси вакт ўқиш мумкин? Сабаби чет элдамиз, катта заводда ишлаймиз, тартиб интизом кучли. Бу ерда тушлик вақтда яъни пешин вакти кирганида вактимиз бўлади, жума куни эса бу вактда масжидларда жума ҳали ўқилмаган бўлади. Жума ўқилмасдан олдин пешинни ўқиш мумкинми? Агар биз пешин вакти кирганида шу тушлик вактида жума номози ўқилмасдан олдинги вақтда пешин номозини ўқиб олмасак пешин номозини қазо қилиб қўйиш эхтимоли кўпрок.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! 1). Йўқ. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ أَدْرَكَ رَكْعَةً مِنَ الصُّبْحِ قَبْلَ أَنْ تَطْلُعَ الشَّمْسُ فَقَدْ أَدْرَكَ الصُّبْحَ، وَمَنْ أَدْرَكَ رَكْعَةً مِنَ الْعَصْرِ قَبْلَ أَنْ تَغْرُبَ الشَّمْسُ فَقَدْ أَدْرَكَ الْعَصْرَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қуёш чиқишидан олдин Бомдоддан бир ракъатни топса, батаҳқиқ, Бомдодни топибдир. Ким қуёш ботишидан олдин Асрдан бир ракъат топса, батаҳқиқ, асрни топибдир», дедилар». Бешовлари ривоят қилганлар. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойда ва ҳукм очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ҳанафийдан бошқа мазҳабларга кўра, бир одам узр туфайли Бомдод намозига кеч қолиб, қуёш чиқмасдан аввал бир ракъатини ўқиб қолса, қуёш чиқса ҳам иккинчи ракъатини ўқийверади. Унинг намози вақтида ўқилган намоз ҳисобланиб, қазо бўлмайди. Бироқ ҳанафий мазҳаби уламолари бошқа ҳадисга асосланиб, қуёш чиқиши билан Бомдод намозининг вақти тугайди, бу пайтда Бомдод ўқиётган кишининг намози бузилади, деб ҳукм чиқарганлар. Лекин бир киши кеч қолиб, Асрнинг бир ракъатини ўқиганидан кейин қуёш ботиб қолса, намози ботил бўлмайди. У ўз намозини давом эттириб, ўқийверади. Намози тугал бўлади. وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ أَدْرَكَ رَكْعَةً مِنَ الصَّلَاةِ فَقَدْ أَدْرَكَ الصَّلَاةَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намоздан бир ракъатни топса, батаҳқиқ, намозни топибдир», дедилар». Икки Шайх ва Насаий ривоят қилганлар. Шарҳ: Бу ҳадисда фақат Бомдод ёки Аср намозлари ҳақида эмас, балки барча намозлар ҳақида сўз бормоқда. Мусулмон одам кеч қолиб, қайси бир намознинг охирги вақтида бир ракъат бўлса ҳам ўқиб қолса, ўша намозни тамомлайди ва ўз вақтида адо қилган ҳисобланади. Унинг намози қазо бўлмайди. Баъзи кишилар агар намоз вақти оз қолган бўлса, кейинроқ, бемалол қазосини ўқиб оларман, деб бепарволик қиладилар. Бу мутлақо нотўғридир. Мусулмон киши намозни умуман қазо қилмаслиги керак. Бир вақт қазо бўлган намознинг гуноҳини ювиш анча қийин. Шунинг учун охирги вақтида бўлса ҳам, биргина ракъатига илиниб қолса ҳам, ҳаракат қилиш керак. Бундай рухсатнинг берилиши биз бандалар учун айни меҳрибонликнинг ўзидир. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). 3). Қазо қилгандан кўра ёлғиз ўқиб олишинглар мумкин. Валлоҳу аълам!

1 Май 2022, 16:20 | Савол-жавоблар | 173 | Ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar