Қон чиқса таҳорат кетмайди деювчилар

Ассалому алайкум! Ҳозирги сохта салафийлар “Умар розияллоҳу анҳуга оҳирида пичоқ тиқишганда у зот намозда давом этаверган” деб қон чиқса ҳам таҳорат синмайди дейишмоқда. Қон таҳоратни синиши борасида бизнинг мазҳабда нималар дейилган? Умар розияллоҳу анҳу нега намозни давом эттиргани ҳақида ҳам маълумот борми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Бекорларни айтибди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу намозларини ўша вақтни ўзида тўхтатганлар. Икки саҳобийлардан бирлари ғазотда қўриқчилик қилаётиб навбатдан-навбатдан уйғоқ бўлишган. Уйғоқ бўлгани вақтни ғанимат билиб намозни бошлаган. Шунда мусулмонлардан аламзада бўлган бир мушрик пойлаб келиб ўша саҳобийга ўқ отган. У киши намозни тўхтатмай давом эттирган. Яна иккинчи ўқни ҳам отган, шунда ҳам намозини тўхтатмади. Учинчи ўқни ҳам отганидан сўнг қон оқиб, вазифасини адо қилолмасликдан қўрққач намозини тугатиб шеригини уйғотди. Қон чиқса таҳоратни синдирмаслигига бошқа мазҳабдагилар шу ҳадисни далил қилишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу воқеъани билганликлари ёки эшитганликлари ҳақида бирорта жойда ҳадислар келмаган. Қон чиқса таҳорат синмайди деган зотлар бадан ёки кийимга дирҳамчалик(пиёлани кетичалик) қон тегса намоз ўқиш жоиз эмас деб айтганлар. Учта ўқ санчилиб бадани ёки кийимига ўшанча қонни тегмаслиги муҳол иш ҳисобланади. Ваҳоланки ҳадиснинг давомида эса ёнидаги шериги устидаги қонни кўриб “Нега биринчи бор отганида мени уйғотмадинг” деб айтганлар. Ўша қон чиқса таҳорат кетмайдиган деганлардан “Намоз ўқиганда бурни қонаб кетса ҳам таҳорат синмайдими” деб сўраб кўринг. Салафий биродарларимизнинг ишларига ҳам хайрон қоласиз. Чет элда ўқиб юрган пайтларимизда шофеъий, молик мазҳабдаги талабалардан уларнинг юртларида салафий нима фитна чиқаришларини сўрасак у ерларда ҳанафийларнинг масалаларини баён қилишар экан. Уларда оминни жаҳрий айтганлиги, рофиъядайнлар қилингани учун ҳанафийларни зиддига ўша ишларни қиладиган салафийлар у ердагиларни зиддига ҳанафий мазҳабининг амалларини бажаришар экан. Таҳоратни қон чиқиши синдириш ёки синдирмаслик тўғрисидаги масала ҳадисларни ўрганиб чиқиш, қайси бири рожиҳ ва қайси бири маржуҳлигини билиш бизгача қолган масала эмас. Ҳозирги даврдагиларни қўлидан ҳам келмайди. Бир икки шайхлар қилиб кўришган эди орқасидан таноқузотлари ёзилган китоблар кўпайиб кетди. Бундай пайтда энг тўғри йўл умматни ижтиҳодий масалаларда залолатга чиқармасдан ким қайси мазҳабни ушлаган бўлса ўз ҳолича қўйиб беришдир. У биродарлармиз ҳам аввалдан шофеъий мазҳабини ушлаганларида биз ҳам ҳеч нарса демаган бўлар эдик. Валлоҳу аълам!

2 Май 2022, 14:55 | Савол-жавоблар | 265 | Ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar