Макияж ҳақида

Ассалому алайкум! Иншаалоҳ ҳижобга кирмоқчиман. Лекин макияжсиз кўчага чиқсам ўзимни касалдек ҳис қиламан, кўринишим ўзимни қониқтирмайди. Бир муддат рўмол ўраб, бўянмай юрдим, натижада қаттиқ тушкунликка тушиб қолдим. Илтимос, динимиз рухсат берган бўяниш воситалари ҳақида айтсангиз. Савол-жавоблар орасида қоши кам аёлга қалам билан бўялса бўлади дейилганини ўқидим, шунингдек сурма ишлатса ҳам бўлади деб эшитганман. Яна қандай воситаларга рухсат бор?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Номаҳрамларга кўрсатиб уларни фитнага соладиган ҳар бир иш шаръан ҳаром. Сиз тушкунликка тушаман демасдан исломга тўлиғича амал қилинг. Аллоҳ таоло "Бақара" сурасида марҳамат қилади:  يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ ادْخُلُواْ فِي السِّلْمِ كَآفَّةً وَلاَ تَتَّبِعُواْ خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ۝ 208. Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир.
Маълумки, «Ислом» сўзи «Аллоҳга бўйсуниш» маъносини билдиради. Бу ҳолатда оятнинг умумий маъноси «Аллоҳга бутун борлиғингиз ила бўйсунинг», дегани бўлади. Яъни Аллоҳга бўйсуниш тўлалигича бўлсин. Тили билан бўйсуниб, дили билан бўйсунмасдан ёки бадани билан бўйсунмасдан қолиш керак эмас. Хулласи калом, бўйсуниш тўлалигича, ҳамма томондан бўлиши керак. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

5 Май 2022, 00:34 | Савол-жавоблар | 174 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar