Пули йўқ бўлса қандай яшаш керак

Ассалому алайкум! Уй сотиб олиш керак. Кредитдан бошқа йўли йўқ. Нима қилиш керак? Уйсиз ўтиб кетиши керакми бир умр?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Бир умр Аллоҳдан қўрқиб яшаш керак. У қандай бўлади? Аллоҳ қилма деган амалларни қилмай, қил деган амалларни қилиш билан бўлади. Инсон умрини охиригача синовда бўлади. Шу синовлардан Аллоҳ ва расули кўрсатган йўлидан юриб ўтса нажот топишига умид қилинади.  Аллоҳ таоло "Анкабут" сурасида марҳамат қилади:  أَحَسِبَ النَّاسُ أَن يُتْرَكُوا أَن يَقُولُوا آمَنَّا وَهُمْ لَا يُفْتَنُونَ۝2. Одамлар «Иймон келтирдик», дейишлари ила синалмай, тарк этилишларини ўйладиларми?
Яъни «Одамлар иймонни «оғиз билангина айтиб қўйиладиган қуруқ гап» деб ўйлайдиларми? Улар ўзларича, «Иймон келтирдик», деб қўйсак, иш битди, мўмин бўлдик, унинг савоби ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда ўз-ўзидан келаверади, деб ўйлайдиларми? «Иймон» сўзидан кейин ҳеч қандай имтиҳон-синов бўлмайди, деб ўйлайдиларми?»
Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам кўплар иймон ҳақида худди шундай нотўғри тасаввурда бўлганлар. Уларнинг фикрича, «Аллоҳга иймон келтирдим», деганидан кейин ҳамма нарса ўз-ўзидан бўлавериши керак.
Аслида, ундай эмас. Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг яхшисини ёмонидан, ҳақиқийсини сохтасидан ажратиш учун бу дунёда синов-имтиҳон қоидасини жорий қилиб қўйган. Маъданларнинг асли ҳам ўтга солиниб, тобланганида намоён бўлади. Йўқса, ҳамма маъдан ҳам сиртидан маъдан бўлиб кўриниб тураверади. Ўтда синалганда эса ҳақиқийси бошқаларидан ажраб чиқади.
Иймон калимасини оғизда айтиш осон. «Иймон келтирдим», деб ҳар ким ҳам айтавериши мумкин. Аммо тил билан айтилган калима дилдан чиққанми ёки йўқми, буни аниқлаш учун банда синов-имтиҳондан ўтиши керак. Бу эса қадимдан жорий бўлиб келаётган одат.  "Бақара" сурасида марҳамат қилади:   يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ ادْخُلُواْ فِي السِّلْمِ كَآفَّةً وَلاَ تَتَّبِعُواْ خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ۝208. Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир.
Оятнинг охири Исломдан бошқа йўлга юриш шайтоннинг изидан эргашишдан бошқа нарса эмаслигини ва у очиқ душман эканини таъкидлаяпти:
«…ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир».
Демак, Исломга тўлалигича кирилмаганда, шайтоннинг изидан эргашилган бўлар экан.
Кейинги оятда ушбу баёнотдан сўнг ҳам бошқа йўлга мойил бўлишнинг оқибати тушунтирилади: فَإِن زَلَلْتُمْ مِّن بَعْدِ مَا جَاءتْكُمُ الْبَيِّنَاتُ فَاعْلَمُواْ أَنَّ اللّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ۝ 209. Агар очиқ-ойдин ҳужжатлар келганидан кейин ҳам тойилсангиз, билинг­ки, албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир. ("Тафсири Ҳилол" китобидан).  Валлоҳу аълам!

11 Май 2022, 23:29 | Савол-жавоблар | 166 | Молия ва тижорат
|
Boshqa savol-javoblar