Сабр ҳақида ҳадис

Ассалому алайкум! Мен Аҳмад Лутфий қозончини саодат асри қиссалари китобида бир воқеани ўқигандим. Унда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ,,Сабр фақат зарба илк келган онида кўрсатиладиʼʼ деган сўзлари ёзилибди. Шуни биз ҳадис сифатида олсак бўладими? Илтимос шундай ҳадис бўлса ёзиб берсангиз кимдан ривоят қилганлигини. Чунки мен телеграмм тармоғида таржима ҳолимга юқоридаги жумлани қўйган эдим. Энди қўрқяпман ундай ҳадис йўқ бўлсачи деб.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Бундай ҳадис бор. عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَرَّ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِامْرَأَةٍ تَبْكِي عِنْدَ قَبْرٍ، فَقَالَ: اتَّقِي اللهَ وَاصْبِرِي، فَقَالَتْ: إِلَيْكَ عَنِّي فَإِنَّكَ لَمْ تُصَبْ بِمُصِيبَتِي وَلَمْ تَعْرِفْهُ، فَقِيلَ لَهَا: إِنَّهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَتَتْ بَابَهُ فَلَمْ تَجِدْ عِنْدَهُ بَوَّابِينَ، فَقَالَتْ: لَمْ أَعْرِفْكَ، فَقَالَ: إِنَّمَا الصَّبْرُ عِنْدَ الصَّدْمَةِ الْأُولَى. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қабр олдида йиғлаб ўтирган аёлнинг ёнидан ўтаётиб, унга:
«Аллоҳдан қўрқ ва сабр қил», дедилар. У аёл:
«Нари тур! Менга етган мусибат сенга етгани йўқ!» деди.
Аёл у зотни танимаган эди. Унга «Ҳалиги одам Набий  соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар», дейилди. Бас, у зотнинг эшикларига келди. У ерда эшик оғаларини кўрмади ва у зотга:
«Сизни танимабман», деди. Шунда у зот:
«Албатта, сабр биринчи зарбададир», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ривоятда зикри келган аёл ёш боласининг қабри устида йиғлаб ўтирган бўлган.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Йиғлаётган мусибатзадаларни Аллоҳдан қўрқишга ва сабр қилишга чақириш кераклиги.
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликлари. Аёл у кишига нисбатан қўполлик қилса ҳам ҳеч нарса демаганлар.
3. Улуғларни танимай, беодоблик қилиб қўйганларга хатоларини тушунтириб қўйиш кераклиги.
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг содда ҳаёт кечирганликлари. Ҳатто эшиклари олдида эшик оғаси ҳам бўлмаганлиги.
5. Сабрни мусибат етган биринчи лаҳзадан бошлаб қилиш кераклиги. Сабрсизликни, тоқатсизликни қилиб олиб, кейин «сабр қилдим», де¬йиш сабр ҳисобланмайди. Аллоҳ ирода қилган сабр мусибат етиши билан сабр қилиш, рози ва таслим бўлишдир. Ана шундай қилганлар Аллоҳнинг розилигига, улкан савоблар ва олий даражаларга эришадилар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).  Валлоҳу аълам!

12 Май 2022, 01:17 | Савол-жавоблар | 199 | Ҳадислар
|
Boshqa savol-javoblar