Охиратда банда бандани сўроқ қиладими?

Ассалому алайкум! Баъзида кўча-куйда юрганимизда, "Худога солдим" ёки "Охиратда битта битта сўраб оламан" каби ибораларни эшитамиз. "Худога солдим" деган ибора тушунарли, яъни бир одамни иккинчи одамга қилган ёмон иши (тухмат, ёлгон,...)ни учун бандани ўзи кўрашмай, қилган ёмонликни жазоси, худодан қайтишини сўраб қолганини билдиради менимча. "Охиратда сўраб оламан" ибораси хақида тушунча берсангиз. Охиратда бандага бирон киши ёмонлик қилган бўлса ёки гумони бўлса шуни сўрайдими? Бугунги кунда олди-берди масаласида вақтида қайтарилмаган қарзни қайтариб олиш мақсадида (яъни қўрқитиш, шундай десам қайтаради деган маънода), "қарзни бермасангиз охиратда савобиздан оламан" деб айтиш қанчалик тўғри?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! 1). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг биродарига қилган зулми бўлса, ундан ўшани ҳалоллаб олсин.
Чунки у ёқда динор ҳам дирҳам ҳам бўлмас. Бу нарса унинг яхшиликларидан биродарига олиб берилмасидан олдин бўлсин. Агар унинг яхшиликлари бўлмаса, биродарининг ёмонликларидан олиб унинг устига юкланади», дедилар». (Бухорий, Муслим, Термизий)
Термизийнинг лафзида: «Аллоҳ бир биродарига унинг обрўсида ёки молида зулм қилиб, кейин унинг олдига бориб динор ҳам, дирҳам ҳам йўқ жойда уни тутилишидан олдин ҳақини ҳалол қилишини сўраган одамни Аллоҳ раҳм қилсин. Агар унинг яхшиликлари бўлса, яхшиликлари олинади. Агар унинг яхшиликлари бўлмаса, унга уларнинг ёмонликлари юкланади», дейилган.
Шарҳ: мўмин-мусулмон банда қиёматдан олдин, у дунёга жўнашдан олдин ўзида бировнинг ҳақи қолмаслиги учун керакли чора тадбирни кўрмоғи лозим. У ўзида кимнинг ҳақи бўлса ўша ҳақни эгасига қайтармоғи ёки ҳақ эгасидан ҳақини кечиб юбормоғини йўлга қўйиши керак. Мисол учун бировга хоҳ обрўда бўлсин, хоҳ молу мулкда бўлсин зулм қилган. Тезда ўша одамдан узр сўраб ҳақини ҳалол қилишини йўлга қўймоқ зурур. Агар буни қилмаса, эртага динор ҳам, дирҳам ҳам, воситачиликлар ҳам ўтмайдига охират диёрида хижолат-чиликда қолади. У ердаги хижолатчиликнинг энг енгили золимнинг савобли ишлари бўлса уларни мазлумга олиб бериш билан бўлади. Агар золимнинг яхши ишлари бўлмаса, мазлумнинг ёмонликларини олиб золимга юклаш билан бўлади.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Мўминлар дўзахдан қутиладилар. Кейин уларни жаннат билан дўзах орасидаги кўприкда ушлаб турилади. Бас, баъзиларидан бу дунёда бўлган зулмлари учун баъзиларига қасос олинади. Токи уларни тўғрилаб, поклаб бўлинганидан кейин уларга жаннатга киришга изн берилади. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, улардан бири жаннатдаги манзилини бу дунёдаги манзилидан кўра яхшироқ билади», дедилар». (Бухорий)
Шарҳ: Шунинг учун қасосни охиратга қўймай бу дунёда ўтаб қўйиш лозим.2). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Бойнинг (қарзни тўлашга имкони бор кишининг) (зиммасидаги ҳақни) бермай, чўзиб юриши зулмдир” дейилган. Бешовлари ривоят қилишган.
Бировга зулм эса оғир жиноят бўлиб, қиёматда албатта жазоланади. Валлоҳу аълам!

12 Май 2022, 14:02 | Савол-жавоблар | 167 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar