Яхши инсон бўлгани ва қийинчилик кўргани учун ажр ёки савоб
Ассалому алайкум! Гувоҳимизки, ҳамма ҳар хил шароитда яшайди. Кимдир оғир, кимдир яхши. Атрофимдаги баъзилар енгил ва шароитли, баъзилар эса қийин (синовлар ҳақида эмас, у ҳаммага берилиши мумкин) оғир меҳнатда. Масалан, ўзим. Қиз бола бўлсак ҳам ғишт қуйишдан тортиб, тош ташишгача, қудуқдан сув тортишдан 300-400 қўй боқишгача қилганманмиз. Ва бир умр шундай юмушларни қилиб ўтганларни биламан. Опаларим ҳам уйнинг, ҳам далаю чорванинг ишини дўндиради. Узун ёз кунларида ўроқ, лой-сувоқ, дала ишларидамиз. Совуқ қиш кунларида мол-чорва иши биланмиз. Шу билан тенгда Аллоҳга ибодатимизни, рўзамизни канда қилмаймиз. Лекин бу қийин. Устимиз кир ҳолида аср учун гектарлаб ер айланиб келиб таҳорат олиб намоз ўқиш, шомгача яна бориб ишни давом эттириш ўқишга осон, бажаришга қийин нарса! Баъзан, асрдан сўнг мол саранжомлашга туриб кетамиз, уйга киргунча шом ҳам ўтиб кетади. Алхамдулиллох, рўзадор бўлсак-да, буғдой ўриб, лой кўтариб, сув ташиймиз, ер чопамиз. Диета, салон, соч, ёшариш, қомад муаммолари бундай аёлларнинг хаёлларига ҳам келмайди. Бундан ташқари, касалчилик, оилавий ёки моддий қийинчиликлар, баъзи аёлларимиз эр зулми остида... (Шунинг учун ҳам қишлоқларда ҳамма томондан эзилган аёл ўзини ўлдириб қўяди) хуллас, тақдир заҳматлари... Афсуски, тан олишим керак, баъзи аёлларимиз ибодатларини ташлаб қўядилар. Бир-иккитасига, ундай қилманг десам, вазиятни кўриб турибсан, ёш бола билан, бунча оғир меҳнат билан уддалаш қийин дейишади. Интернетдаги барча ибодатларини ўрнида қилиб юрганларнинг ҳаёти умуман бошқа дейишади. Аммо ростан ҳам баъзилар жуда енгил ҳаёт кечиришади. Оғир меҳнат йўқ, умри бўйи 12-15 м қудуқдан сув тортиш уёқда турсин, бир челак сув кўтармайдиганлар бор. Егани олди-да, емагани ортида. Диета, салон, соч, ёшариш, қад-қомад кийим улар учун деярли асосий муаммо. Пули етарли, хоҳлаганини еб, хоҳлаганини ичади. Бизда эса пул топсанг бозор, бозорга чиқсанг пул йўқ. Уларда сайр-саёҳат, аёллик нозиклиги, эркаликлари бор. Қиладиган иши, овқат, уй тозалаш ва кир ювиш (кўпинча, машинада). Кўпчилик уй бекаларининг бундан бошқа юмушлари ҳам йўқ. Рўза тутса, дам олишади. Лекин, шунда ҳам нолишади. Тўғри, улар ҳам намоз ўқишади, рўза тутишади. Менинг биринчи саволим шуки, инсон шароит қийинчилиги учун ҳам, ўша қийинчиликда ҳам ибодатда собит тургани учун ҳам уларга қараганда кўпроқ ажр-савоб оладими? Кўнглимда тақдирдан норозилик, исён йўқ, Астағфируллоҳ. Тўғрисини айтсам, мен бундай аёлларга шундай деб айтганман. Албатта, улар ҳаётидан совумаслиги, ибодатини ташламаслиги, бировларга солиштириб ўзларидан кўнгли қолмаслиги учун "Ҳамма бажарганига яраша олади, қанчалик қийинчиликда ибодат қилсангиз савоби ҳам шунга яраша бўлади" деганман. Лекин, яхши шароитдагиларга кам савоб деган ёки кўролмаган эмасман. "Кимки, фатво билан ўйнашибди - дўзах билан ўйнашибди" ҳадисини ўқиганимдан бери қўрқаман. Масалан, ўз онамни ҳам йиллар давомида шундай овутганман. Отамнинг золимликларига (Фиръавин ва унинг аёлини мисол қилардим), турмушнинг муштларига (йўқчилик) қарата айтардим. Ҳа, сезганингиздек, мен онам кўпроқ савоб олишини хоҳлайман. Чунки, унинг тақдирига унча-мунчаси дош бера олмасди. Иккинчи саволим, қилган ишим ёмон эмасми? Бошқа борада аралашмаганман далилсиз?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Тўғри фикрлабсиз. Лекин мўмин отангизни фиръавнга қиёсламанг. Валлоҳу аълам!
13 Май 2022, 13:57 | Савол-жавоблар | 131 | Ислам
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Тўғри фикрлабсиз. Лекин мўмин отангизни фиръавнга қиёсламанг. Валлоҳу аълам!
13 Май 2022, 13:57 | Савол-жавоблар | 131 | Ислам