Хурижахонабегим исми

Ассалому алайкум! Биз қизимизга Хурижахонабегим деб исм қўйганмиз. Кўпчилик дин уламолари ўзгартиришни маслахат беришди. Ўзгартиришимиз жоизми? Яқинда яна фарзандлик бўламиз унга азон айтканимизда катта қизимга хам бошқа исм билан азон чақиришимиз керакми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Шариатга мувофиқ гўзал исмга ўзгартиринг. Чунки ота-она боласига бандалигини билдириб турадиган, катта бўлганида ўзи ҳам хижолат бўлмайдиган чиройли исм қўйиш керак. “Бахтиёр оила” китобида бу ҳақида шундай дейилган:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларга исм қўйишга алоҳида эътибор берганлар. Бу ўта муҳим ишнинг Қиёмат кунига ҳам боғлиқ жойи борлигини ҳам айтганлар.عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّكُمْ تُدْعَوْنَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِأَسْمَائِكُمْ وَأَسْمَاءِ آبَائِكُمْ، فَأَحْسِنُوا أَسْمَاءَكُمْ . رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ حِبَّانَ وَالطَّبَرَانِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қиёмат куни ўз исмларингиз ва оталарингизнинг исми ила чақирилурсиз. Исмларингизни гўзал қилинг».
Абу Довуд, Ибн Ҳиббон, Тобароний ва Байҳақий ривоят қилганлар.
Исмнинг чиройли бўлиши Қиёмат куни ҳам керак бўлар экан. Чунки барча халойиқ йиғилган жойда бировнинг исми айтиб чақирилганда исми гўзал бўлса, хурсанд бўлиши, аксинча бўлса, хижолат бўлиши табиий. Бу ҳолат ушбу ёруғ дунёда ҳам бор. Исми ноқулайлигидан хижолат бўлиб юрадиганлар оз эмас, исмини ўзгартирганлар ҳам кўп. Аммо ўша нарса аввал бошда, бола янги туғилган пайтда бир йўла яхшилаб йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Унинг мусулмон фарзанди эканини дунёю охиратда исми ҳам намоён қилиб туради.
Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борар эдилар. У зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар, хурсанд бўлиб кетар эдилар. Янги туғилган болаларга гўзал исмларни қўйиб берар эдилар. Валлоҳу аълам!

13 Май 2022, 18:15 | Савол-жавоблар | 141 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar