Қудуқ аҳли

Ассалому алайкум! Ислом.уз сайтидаги кўпинча мултфилмларни кўриб тураман. Унда турли исломий юксак эътирофдаги шахслар ҳақида ривоятлар кўрсатилади. Шулар орасида рос қавми(қудуқ эгалари) тўғрисидаги мултфилмга кўзим тушди. Унда ушбу қавмга Ҳанзала ибн Сафвон набий бўлиб келиши ҳақида сўз боради. Айтингчи ушбу ривоят қанчалик? Бу ривоят бирор ҳадисда келганми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! “Фурқон” сурасида Расс эгаларига пайғамбар юборилгани ва иймонга келмаганларидан сўнг ҳалок қилинганлари зикр қилинган:وَعَادًا وَثَمُودَ وَأَصْحَابَ الرَّسِّ وَقُرُونًا بَيْنَ ذَلِكَ كَثِيرًا ۝ وَكُلًّا ضَرَبْنَا لَهُ الْأَمْثَالَ وَكُلًّا تَبَّرْنَا تَتْبِيرًا۝ 38. Од, Самуд ва қудуқ эгаларини ҳамда бу орадаги асрларни эсла.
39. Улардан ҳар бирига мисоллар келтирдик. Ва уларни қириб битирдик. 

“Қоф” сурасида: كَذَّبَتْ قَبْلَهُمْ قَوْمُ نُوحٍ وَأَصْحَابُ الرَّسِّ وَثَمُودُ ۝ وَعَادٌ وَفِرْعَوْنُ وَإِخْوَانُ لُوطٍ ۝ وَأَصْحَابُ الْأَيْكَةِ وَقَوْمُ تُبَّعٍ كُلٌّ كَذَّبَ الرُّسُلَ فَحَقَّ وَعِيدِ۝ 12. Улардан аввал Нуҳ қавми, қудуқ соҳиблари ва Самуд ёлғончига чиқарганлар.
13. Од ҳам, Фиръавн ҳам, Лутнинг биродарлари ҳам.
14. Дарахтзор соҳиблари ҳам, Туббаъ қавми ҳам – барчалари расулларни ёлғончига чиқарганлар. Бас, 
(азоб) ваъдам ҳақ бўлди.
Асҳобур Расс (Қудуқ эгалари) қайси қавм ва уларга қайси пайғамбар юборилгани борасида тафсир уламолари турли фикрлар айтишган. Ибн Жарир Тобарий уларни Ухдуд эгалари деган. Икрима уларни Ясин сурасида зикр қилинган Фалждаги бир қавм деган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган бир ривоятда улар Самуднинг қишлоқларидан бири, дейилган.
Ибн Касир ўзининг Қисасул Анбиё китобида Расс қавмига Ҳанзала ибн Софван исмли набий юборилганлиги борасида ривоят келтиради ва бу ривоятни Ҳофиз Абул Қосим Ибн Асокирга нисбат беради.
Шунга биноан, ушбу қавм ўтмишда ўтганлиги Қуръон оятлари билан собит, аммо улар қаерда ҳалок бўлганлари ва уларнинг пайғамбари ким эканлиги борасида муфассирлар бир қавлга тўхталмаганлар. Валлоҳу аълам!

14 Май 2022, 08:13 | Савол-жавоблар | 173 | Ақийда
|
Boshqa savol-javoblar