Ҳайвон ичидан чиққан кофе

Ассалому алайкум! Аброр Мухтор Алий домланинг бир видеосида Америкада ишлаб чиқариладиган Кофе лулуа номи шундайроқ эди адашмасам тайёрланиши кофени итга едириб аҳлатидан тайёрланадиган экан. Шуни истемоли жоиз дедилар. Ҳеч тасаввур қила олмайман, қандай қилиб жоиз бўлади? Исбот деб молни ичидан чиққан қуруқ донни истемоли жоизлигига қиёс қилдилар. Ит билан молни фарқи каттаку?! Моллардаги микрофлора билан итдагини солиштириб бўлмайди. Итни нафаси нажаску, қандайисига аҳлати жоиз бўлади?! Агарчи қуруқ бўлган тақдирда хам. 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ “Рддул муҳтор” китобларида “Татархония”дан нақл қилиб, “Агар туя, қўй ва эчкининг қумқалоғида арпа топилса, уни ювилади ва уч бор қуритилади ва ейилаверади. Молни тезагининг ичида топилса ейилмайди. “Фатҳул қодийр”да “Чунки молни тезаги қуруқ бўлмайди” деганлар. Сўнг “Татархония” китобида “Ал Кубро”дан нақл қилиниб: “Бу борада бироз тафсилот бор. Ичидаги нажосат сингиб ишиши ва ишмаслигига боғлиқ. Бу борада қўй, туя каби ҳайвонларнинг қаттиқ қумқалоғи билан молларни тезаги баробардир. Яъни нажосатни шимиб ишиб қолса иккисининг ичидан тушса ҳам ейилмайди. Нажосатни ўзига шимиб олмаса иккисининг ҳам ичидан тушганини ейилаверади” дейилган. Биз қаҳва у жонворни ичига тушганидан кейин унинг ошқозонидаги нажосатни шимиб олиш ёки шимиб олмаслигини билмаймиз. Аммо ўша ҳайвонларга едириб қаҳва тайёрловчилар “Муаййан бир ҳайвонни ичидан тушса шундай таъмга эга бўлади, бошқа ҳайвонларга едириб орқасидан чиққанларида қаҳва бундай таъмга эга бўлмайди” дейишларидан қаҳва ўша ҳайвонни ичида баъзи бир нарсаларни шимиб олишига далолат қилади. Агар шимиб олса ейиш жоиз бўлмай қолади. Валлоҳу аълам!

25 Май 2022, 18:48 | Савол-жавоблар | 165 | Ҳалол ва ҳаром
|
Boshqa savol-javoblar