Қарз олиб уй олгандан кейин закот

Ассалому алайкум! Устозлар, анчадан бери телеграмдаги савол жавобларни ўқиб бораман, ўзимга анча сабоқ оляпман ман савдогарман. 2 йилдан бери закот бериб келаман. Бу йили уй (ховли) олган эдим бир укамдан айланма дароматимча қарз олдим сабаби айланма даромадим уй олишга етарли эди ундан ортмас эди. Шунинг учун савдогарлик ишим тухтаб колмаслиги учун қарз олдим. Энди закот берсам бўладими? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ваалайкум ассалом! Қарзингизни чиқариб бор мол-мулкингизни ҳисобласангиз нисобга етса закот беришингиз фарз. Акс ҳолда қарзни бериш вожиб бўлади. Закот бериш эса фарз эмас. Закотни беришда ниятни тўғри қилиш керак. Агар моли кўпаяди, ишим давом этади деган мақсад бўлса бу хатодир. Чунки закот ҳам намоз каби фарз ибодати бўлиб, закот берувчи “Аллоҳ зиммамга фарз қилган закотни адо қилишни ният қилдим, холис Аллоҳнинг розилиги учун” дейиши адо қилгач қаттиқ тазаррў ила қабул қилишини Аллоҳ таолодан сўраш ва умид қилиш керак. Сўнг закот беришда бардавом қилишни сўраши мумкин. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади:  فَإِذَا قَضَيْتُم مَّنَاسِكَكُمْ فَاذْكُرُواْ اللّهَ كَذِكْرِكُمْ آبَاءكُمْ أَوْ أَشَدَّ ذِكْرًا فَمِنَ النَّاسِ مَن يَقُولُ رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا وَمَا لَهُ فِي الآخِرَةِ مِنْ خَلاَقٍ۝ 200. Ибодатларингизни тугатганингизда Аллоҳни оталарингизни эслагандек, балки ундан ҳам кучлироқ зикр қилинг. Одамлардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда бергин», – дейдир ва охиратда унга насиба йўқдир.
Ота-боболарининг қилган ишлари билан фахрланиш, мақтаниш бекорчи, қўлидан бир иш келмайдиганларнинг ишидир. Ислом дини эса мусулмонлар елкасига бутун дунё бахти учун курашиш масъулиятини юклаган. Шунинг учун ҳам, ҳаж ибодатларини адо этиб бўлгандан сўнг ота-боболарни эмас, уларга бундай улкан масъулиятни юклаган Аллоҳ таолони эслаш ва Ундан ёрдам, яхшиликларни сўрашга амр бўлмоқда:
«Ибодатларингизни тугатганингизда Аллоҳни оталарингизни эслагандек, балки ундан ҳам кучлироқ зикр қилинг».
Аллоҳни эслаган одам албатта Ундан бирор нарса сўрайди. Лекин сўраш ҳар хил бўлади:
«Одамлардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда бергин», – дейдир».
Яъни фақат бу дунёнинг нарсаларини сўрайди. Жумладан, ҳажга келган қавмлардан баъзилари: «Аллоҳим, бу йилни ёмғирли қилгин, яхши болалар туғиладиган йил қилгин», – деб дуо қилар эканлар. Аллоҳ таоло ундай кишиларнинг ишлари нотўғри эканини баён қилиб:
«...ва охиратда унга насиба йўқдир», – дейди. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 04:41 | Савол-жавоблар | 138 | Закот
|
Boshqa savol-javoblar