Овқат юқига чой қуйиб ичиш

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, манга бир одам овқатланиб бўлгандан кeйин косада қолган овқат юқига чой қуйиб ичиш кeраклигини айтди. Шунга ойдинлик киритиб бeрсангизлар, олдиндан раҳмат.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйидагича келади:  عن جابر قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم :  إذا طعم أحدكم فلا يمسح يده حتى يمصها ، فإنه لا يدري في أي طعامه يبارك له فيه Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Бирортангиз таомланса қўлини тозаламагунича артмасин. Чунки таомининг қайси бир бўлагида унга барака берилишини билмайди”дедилар. عَنْ كَعْبِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ : كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَأْكُلُ بِثَلَاثِ أَصَابِعَ وَيَلْعَقُ يَدَهُ قَبْلَ أَنْ يَمْسَحَهَا Кааъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч бармоқ билан таомланар ва уларни артишдан олдин ялаб қўяр эдилар”.  عَنْ أَنَسٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا أَكَلَ طَعَامًا لَعِقَ أَصَابِعَهُ الثَّلَاثَ قَالَ : وَقَالَ : إِذَا سَقَطَتْ لُقْمَةُ أَحَدِكُمْ فَلْيُمِطْ عَنْهَا الْأَذَى وَلْيَأْكُلْهَا وَلَا يَدَعْهَا لِلشَّيْطَانِ  ، وَأَمَرَنَا أَنْ نَسْلُتَ الْقَصْعَةَ قَالَ : فَإِنَّكُمْ لَا تَدْرُونَ فِي أَيِّ طَعَامِكُمْ الْبَرَكَةُ Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таомланганларида уччала бармоқларини ялаб қўяр ва : “Бирортангизнинг луқмаси тушиб кетса уни олсин, унга ёпишган нарсаларни кетказсин ва еб қўйсин. Шайтонга қолдирмасин” дер эдилар ва еган идишимизни салт қилиб қўйишга буюрар эдилар. Сўнг : Барака таомингизнинг қайси бирида эканини билмайсизлар” дер эдилар.
Идишни салт қилиш деб, идишда қолган таомни тозалаб еб қўйишга айтилади. Ушбу ҳадислардан қуйидаги фойдалар олинади. Учта бармоқда ейиш.(Муҳтож бўлса 4-5-бармоқларни қўшса бўлади). Бармоқларини ялаб қўйиш. Тушган увоқ ва луқмаларни тозалаб ейиш ёки бирор ҳайвонга едириш. Таомланаётганда таомга шайтонни ҳам келиши. Уни таомга шерик бўлишидан сақланиш учун Аллоҳни зикр қилиш. Идишда таом қолдирмасдан уни тозалаб қўйиш. Ялаб қўйиладими ёки нон билан тозаланадими фарқи йўқ. Шулардан кейин сочиққа қўлини артиш жоизлиги. Ҳадисларда идишни тозалаб қўйиш келган, лекин унга чой қуйиб ичиш келмаган. Табиатингиз кўтарган ишни қилишингиз мумкин, шайтонга насиба қолдирмасангиз бўлди. Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 05:54 | Савол-жавоблар | 163 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar